Анвар Бойназаров: UFCда битта бўлса ҳам жанг ўтказаман (2-қисм)

13 июнь, 13:54 621

Анвар Бойназаров: UFCда битта бўлса ҳам жанг ўтказаман (2-қисм)

SPORTS.uz интернет портали cўнгги вақтларда профессионал рингларда фаолият юритиб, юқори марраларни забт этиб келаётган спортчилар билан суҳбатларни давом эттиради. Бу галги меҳмонимиз муай тай тарихида 5 йил ичида 100дан ортиқ профессионал жанг ўтказиб, жаҳон рекордини ўрнатган Анвар Бойназаров бўлган эди. Энди ушбу суҳбатнинг иккинчи қисмини ҳавола этамиз.

Маълумот учун: Анвар Бойназаров 1989 йили Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган. 12 ёшидан бери спортнинг таэквандо тури билан шуғуллана бошлаган. Кейинчалик муай тай бўйича ҳаваскорлар машғулотларига иштирок этди. 2008 йили Таиландда ўтган ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган. 2011 йили Пхукет шаҳрида WMF йўналиши бўйича жаҳон чемпиони бўлди. 2013 йили иккинчи марта ушбу шоҳсупага кўтарилди. Бундан ташқари муай тай тарихида чемпион бўлган илк ўзбекистонлик. 2015 йилдан бери “Глория”да иштирок этиб келади. Шунингдек, “Grand Prix”, “EM Legend” мусобақалари ғолиб ва совриндори. Жами 111 жанг ўтказган. Шулардан 52 тасини нокаут билан якунлаган. 5 йил ичида 100дан ортиқ жанг ўтказиб, жаҳон рекордини ўрнатган. Голливуд унинг ҳаёти ҳақида фильм олишни режалаштирмоқда.

Anvar Boynazarov

– 2015 йилдан АҚШга кўчиб ўтган экансиз. Бундан мақсад нима эди?

Шунча йил ўз маҳоратимни ошириб келдим. Буларнинг барчасини пул, обрў учун қилмадим. Олдин ҳам айтганимдек, ёшлигимдаги орзуим – чемпионликни қўлга киритиш бўлган. АҚШда боришдан мақсад “Глория”да иштирок этишдир. Илк марта Сан-Францискога келганман. Бу ернинг одамлари “зомби”га ўхшайди. Ҳеч кимнинг атрофдагилар билан иши ҳам, вақти ҳам йўқ. Улар фақат ишлайди. Роботдир.

– У ерга борганингизда аниқ режа бормиди ёки Таиландга келгандек таваккал қилганмидингиз?

Ҳа, бу сафарни қаерга боришимни аниқлаб олган эдим. Келган вақтимда кўпчиликка ММА ва UFCдаги жанглари орқали яхши таниш бўлган Юрай Фейбер билан танишдим ва нима учун келганимни унга билдирдим. У мендан босиб ўтган йўлим ҳақида сўраб билгандан кейин жуда таъсирланиб кетган ва ҳурмат билан қарайдиган бўлди. Ҳаттоки, ўз уйига таклиф қилиб, бирга яшай бошладик ва шуғулланардик.

Anvar Boynazarov

– “Глория”га кириб келишингиз қандай бўлди?

Дастлаб бу мусобақаларни ташкил қиладиган ташкилотчини топдим ва унга хат ёздим, бироқ жавобсиз қолаверди. АҚШда профессионал спортда катта муваффақиятга эришиш осон эмаслиги, бунинг учун инсоннинг энг қимматли нарсаси – соғлиғини гаровга қўйишини билиб олдим. Албатта, бунга қарор қабул қилиш унча-мунча одамнинг қўлидан келмайди. Аммо кўнгилимни чўктирмай, ўзимни реклама қилишни бошладим. Машғулотлардаги, жангларимдаги видеоларни уларга юборавердим. Улар кўриб чиқиб, мени жангга таклиф қилишди. Илк жангим 2015 йили жуда кучли рақиб асли Грузияда туғилган, аммо АҚШда яшайдиган Гига Чикадзе билан бўлган. Бунга қийинчилик билан ғалаба қозонганман.

giga
Гига Чикадзе

– “Глория”да нечта жанг ўтказгансиз?

– Жами 3 жанг ўтказиб, 2 ғалаба ва 1 мағлубият  қайд этганман.

– “Глория”дан ташқари яна қандай мусобақаларда иштирок этгансиз?

– Японияда очилган К1 турниридан сўнг Хитойда турли мусобақалар ташкил қилиниши йўлга қўйилди. Ҳозирда хитойликлар бу борада анча илгарилаб кетди ва бу ерни бутун дунё бўйича ана шундай жанглар маркази деса ҳам бўлади. Дастлаб “EM Legend” турнирига таклиф қилишди. Мусобақага жаҳоннинг энг кучли 32 нафар спортчиси йиғилди. 11 нафари жаҳон чемпиони. Бунда барча жангларни нокаут билан якунлаб финалгача етиб келдим. Аммо финал жанги олдидан визада борасида муаммо чиқиб, Хитойга кира олмадим.

Anvar Boynazarov

– Ҳозир ҳам ушбу мусобақада қатнашяпсизми?

Ҳа, биринчи босқичдан ўтдим. Чорак финалга етиб келдим.

– Эшитишимизча, сиз ҳақингизда Голливуд фильм олмоқчи экан. Шу ростми? Агар рост бўлса бу таклиф кимдан чиқди?

– АҚШда Юрай Фейбер сингари муваффақиятга эришиш осон эмас. У ҳар доим мендан ҳаётингда юз берган қизиқарли, қийналган воқеаларни айтиб беришимни сўрарди. Кейинчалик билсам у бундан руҳланиб, куч, завқ олар экан. Менинг бу ҳикояларим орқали у ўзини тасаввур қилиб кўраркан.

– Ҳар бир спортчини асл исмидан ташқари бошқача ном билан аташади. Сизда ким деб чақиришади?

Ҳа, албатта. Чел элда мени “Uzbek” деб аташади.

 

– Сизга бошқа давлат номидан рингга чиқиш таклифи тушганми?

– Бунақа таклифлар кўп бўлган. Айниқса, АҚШ ва Европа давлатларидан жуда кўплари катта пуллар ваъда қилишган, аммо мен ўзбекман. Менинг ватаним битта – Ўзбекистон. Шундай экан уни ҳеч қачон ҳеч нарсага алмашмайман. Тушсам фақат шу юрт учун рингга чиқаман.

– Шогирдларингиз борми. Келажакда мураббий сифатида ўзингизни тасаввур қила оласизми?

– Ҳозирда шогирдларим бор. Улар қаторида укам Шоҳруҳни ҳам тайёрлаб бормоқдаман. У шу вақтгача 8 та профессионал жанг ўтказган. 2таси К1да, 6 таси муай тайда. Яқин бир икки йил ичида UFCга ўтишни режалаштирган.

– Ўзингиз ҳам UFCга ўтишни режалаштирмаяптсизми?

– Кўпчилик мендан шуни сўрайди. Лекин менинг мақсадим бошқа. “Глория”да чемпион бўлиш. Бунинг учун қанча қийин йўлларни босиб ўтдим. Агар UFCга ўтадиган бўлсам, мен барчасини нолдан бошлашимга тўғри келади. Аммо ўзбек халқи учун кейинги 4-5 йилда UFCда рингга чиқаман.

– Мураббийликка келсак, ниятим йўқ эмас. Лекин яна 10 йиллар фаолиятимни давом эттирмоқчиман. Шундан кейин тажрибамни ёшларга ўргатишга бағишлайман. Профессионал спорт мактаби очмоқчиман. Бу орқали чемпионлар чиқариб, юртимиз довруғини янада кўтаришимиз керак. Бунинг учун бир кишининг ҳаракати камлик қилади. Бирлашишимиз зарур.

– Бўш вақтларингизда нима билан шуғулланасиз?

– Умуман олганда бўш вақтим кам. Ўша вақтларда китоб ўқиб тураман. Ҳозирда гитара чалишни ўрганяпман. Асосий вақтим машғулотлар билан ўтади.

Суҳбат учун рахмат.