"Арсенал" кимники? Усмонов ва Кронке ўртасидаги кураш давом этади

28 октябрь,2017, 20:15 2551

- Ким Арсен Венгерга чиқиш эшигини кўрсатиб қўймоқчи?

 - Ҳеч ким

Бу йилги куз мавсуми “Арсенал”нинг шундоқ ҳам етиб-ортиб турган  муаммолари орасига яна биттасини туҳфа қилди: акцияларнинг назорат пакети хўжайини Стен Кронке Алишер Усмоновга клубдаги 30.4% улушини 525 миллион фунтга сотишни таклиф қилмоқда. Фанатлар Усмоновни бу ишга рози бўлмасликка жон-жаҳдлари билан даъват этишмоқда. Англиялик ишқибозлар россиялик бизнесмен ҳақида унчалик кўп маълумотга эга эмас, аммо шунга қарамай уларнинг “тарози”сида Кронкега нисбатан Усмонов кўпроқ “тош босади”. Стен улар учун золимликнинг “юксак намунаси”.

Усмонов ушбу келишув ҳақидаги таклифни дарҳол рад этди:  “Мен ва Кронке жаноблари ўртасида олди-сотди масаласида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас. Менинг “Арсенал”га бўлган қизиқишим бир ёниб-ўчадиган кучсиз чўғ эмас. Менинг мақсадим, имкон бўлиши билан клубда кўпроқ улушга эга бўлиш. Мен ҳар доим “Арсенал”нинг ашаддий мухлиси бўлиб келганман ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қоламан. Ўзимнинг 30 фоизли улушимни клуб мухлисларининг қизиқишларини алангалатувчи қурол сифатида қўллайман. Катта улушга эгалик қилувчи акционер билан ҳамкорлик қилишим мумкин, имкон туғилса, унинг ҳиссасини якка тартибда ёки консорциум  таркибида сотиб олишим эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Мабодо менинг ва “Арсенал” мухлисларининг фикрига қарши чиқадиганлар бўлса, ўз улушимни сотиш ҳақида ўйлаб кўришга тайёрман”.

“Арсенал” кимники?

Ҳозирги кунда клуб акциялари Стен Кронке (67,05 %), Алишер Усмонов (30,04%) ва миноритар (кам фоизли) акционерлар ўртасида (2,91%) тақсимланган.

Кронке жаҳон спорт бизнесида ўз ўрнига эга шахс. Унга қарашли "Sports & Entertainment" компанияси «Денвер Наггетс» (НБА), «Лос-Анжелес Рэмс» (НФЛ), «Колорадо Рэпидс» (МЛС), «Колорадо Эвеланш» (НХЛ) ва «Колорадо Мамонт» (НЛЛ –лакросс миллий лигаси) клублари, Лос-Анжелес ва Денвердаги стадионлар, "Altitude Sports and Entertainment" телевизион кабель канали, спортга бағишланган 19 та журнал холдинги ҳамда Колорадодаги бир неча радиостанцияларга эгалик қилади.

Кронке инглиз футболига 2007 йилда кириб келганди. ITV телекомпаниясидан “Арсенал”нинг 9.99% акциясини сотиб олади, бунга қадар ҳам 1.3 % акция унинг қўлида эди. Клубга америкаликнинг кириб келиши 1983 йилдан бери “Арсенал” вице-президенти лавозимини бажариб келувчи Дэвид Дин ташаббуси билан содир бўлган эди.

Акционерлар ўртасидаги кураш қачон бошланганди?

- Уларнинг клубга кириб келган дақиқасиданоқ.

2009 йилнинг баҳорига келиб, “Red and White Holding” 25% улуш билан клубнинг энг йирик акционерига айланди, 20,5%га эгалик қилаётган Кронке эса ундан кейинги ўринда турарди. Америкалик клубдаги ҳокимиятининг кўламини кенгайтиришда давом этди, собиқ акционерларнинг ҳам улушларини сотиб олди, натижада унинг улуши 2011 йилга келиб 67,05%га етди. 

2016 йилда Усмонов Моширининг 30,04% улушини сотиб олди. (Бундан тушган 200 миллион еврони Мошири “Эвертон”нинг 49,9%ини сотиб олишга сарфлади).

 

2017 йил май ойида Усмонов клубнинг мутлақ эгасига айланиш истагида Кронкенинг улуши учун 1 миллиард фунт таклиф қилганлиги, бироқ америкалик буни рад этганлиги ҳақида миш-мишлар тарқаб кетганди.

Кронке ва Усмонов орасидан ола мушук оралашига сабаб нима?

Биринчи навбатда, Алишер Усмонов Кронке томонидан тузилган молиявий моделни кескин қоралайди. Унинг фикрича, клуб топган фойдасининг барчасини сарфлаб юборяпти. Россиялик бизнесмен “Арсенал”ни шоҳсупага олиб чиқиш, уни ривожлантириш  учун катта миқдорда пул тикишга тайёр эканлигини таъкидлайди.

“Мен “Арсенал”ни иқтисодий қийинчиликлардан холи, иқтидорли топ-футболчиларни сотиб олишга қодир бюджетга эга клуб сифатида кўраман. Клубни ҳар томонлама ривожлантириш учун имкониятимиз етарли”, — деганди Усмонов 2012 йилдаги директорлар кенгашида.

“Арсенал”нинг  “чўнтаги қаппайгани” ростми?

2003 йилдан бери клуб молиявий мувозанатни яхши сақлаб келяпти, бир йилда бир неча ўн миллионгача даромад кўради. Умумий фойданинг 55%и ойлик маош учун ажратилади. (Бу борада энг кам кўрсаткич “Манчестер Сити”, “Манчестер Юнайтед” ҳамда “Тоттенхем”да)

Клуб ўз даромадининг тўртдан уч қисмини баҳслар ўтказиладиган кунларда қўлга киритади. Бунда мухлисларининг ҳиссаси катта: билетлар ва абонементлар, клуб дўконидаги турли буюмлар харид қилиш, буфетдаги тамаддилар... Мatchday пайтида мўмайгина пул топадиган клубларнинг мухлислар ҳисобига топадиган даромади бюджетнинг 20%ини ташкил этади. Янги стадионга эга бўлган «Манчестер Сити»да эса — 13%.

“Арсенал” ўз рақибларига тижорий шартномалар масаласида бой бериб қўймоқда. Ҳомийлар, марчендайзинг, реклама, хорижий турнелари ва йирик миқёсдаги ўйинлар — буларнинг бари клубга атиги 80 миллион фунт келтиряпти. Бошқа топ-клубларда бу кўрсаткич 100дан анча ошиб ўтади: ўтган мавсумда “Челси” 120 миллион, “Ливерпуль” 160 миллион,“Манчестер Сити” 178 миллион, “МЮ” эса 268 миллион фунт даромадга эга бўлди.

“Guardian” экспертлари бундай паст кўрсаткични Венгер шахси билан боғлашмоқда. Уларнинг фикрича, ҳомийлар Венгер қўл остидаги клуб порлоқ келажакка эга эмас деб ҳисоблашади.

Биргина қувонарли жиҳати, Кронкенинг раҳбарлиги йилларида клуб ўз қарзларидан буткул қутулди.

“Арсенал”га яна даъвогар борми?

2017 йил ёз ойларининг якунида Африканинг энг бой кишиси нигериялик Алико Данготе клубни сотиб олиш истаги борлигини маълум қилган эди. Унинг Лагосда нефт қазиб олишдан келадиган даромади 13 миллиард доллар деб баҳоланади. Алико Венгернинг бир қанча талабларига ҳам жавоб бера олади.

“Ишончим комил, Усмонов ва Кронке бир кун келиб клубни тарк этишади. Ўзлари учун манфаатлироқ бўлган бошқа таклиф уларни клубдан кетиш ҳақида ўйлашга ундай бошлайди. Мен кутаман. Нима бўлишидан қатъи назар, клубни сотиб оламан. Сотиб олганимдан сўнг биринчи бўлиб Венгерни мураббийликдан оламан”, — дейди Данготе.

Усмоновнинг баҳосига кўра, клуб акцияларининг умумий пакети 2 миллиард фунтга тенг.  "Forbes" эса сал камроқ нархни кўрсатяпти.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.