Артур Григорян: Тошкентда бизни қизиқарли жанглар кутиб турибди

Хабарингиз бор, бугун Тошкентдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида бокс бўйича профессионал жанглар бўлиб ўтади. Унда 8 та жанг ташкил қилиниши режалаштирилган. Шулардан 3 таси асосий жанглар ҳисобланса, 5 таси андекард тўқнашувлар ҳисобланади.

> Жуфтликлар билан танишинг

Кеча мазкур бокс кечасида олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида профессионал рингда биринчи ўзбекистонлик жаҳон чемпиони Артур Григорян ҳам иштирок этиб, мусобақа ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Юқори даржадаги мусобақа ташкил этилганлиги сабабли мени таклиф қилишди. Мен учун бу катта шараф. Бундай турнир Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилмоқда. Албатта, бу осон эмас. Таклифни бажонидил қабул қилдим. Бўлажак жангларда барчага омад тилаб қоламан. Бу ерда бокс оламининг бўлажак юлдузлари рингга чиқишади. Бизни қизиқарли жанглар кутиб турибди деган умиддаман, - дейди Артур Григорян.

Маълумот учун: Артур Григорян профессионал боксга 1994 йил апрелда кириб келган. Икки йилдан сўнг енгил вазн тоифасида WBO чемпионлик камарини қўлга киритади. Шундан сўнг у 17 марта ушбу камарни муносиб ҳимоя қилади. У жами профессионал рингда 39 та жанг ўтказиб, шулардан 38 тасида ғалаба (22 нокаут) қозонган бўлса, 1 марта мағлубиятга учраган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!