Ашхобод-2017. Полвонларимиз ҳам ишончни оқлашмоқда

21 сентябрь,2017, 18:24 696

Ашхобод-2017. Полвонларимиз ҳам ишончни оқлашмоқда

Туркманистон пойтахтида давом этаётган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларининг бешинчи куни Ўзбекистон делегацияси учун ҳар жиҳатдан самарали ва унумли бўлди.

Бунга қадар спортчиларимиз медаллар жамғариш масаласида мезбонлардан сўнг Эрон, Қозоғистон, Хитой, Таиланд, БАА, Ҳиндистон делегацияларини олдинга ўтказиб юбориб умужамоа ҳисобида саккизинчи ўринга жойлашиб олишганди. Бешинчи кунги беллашувларда терма жамоамиз аъзолари 4 та олтин, 7 та кумуш ва 7 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумий 57 та медаль билан кучли учликка кўтарилиб олишди.

Осиё ўйинларида оғир атлетика бўйича ҳам баҳслар қизғин палласига кирди. Кеча иккита вазн тоифасида беллашувлар бўлиб ўтди ва уларнинг ҳар иккаласида вакилларимиз кумуш медалига эга чиқишди.

Қизлар ўртасида – 58 кг. вазн тоифасида чиқиш қилган Муаттар Набиева даст кўтаришда 94 кг., силтаб кўтаришда 118 кг., умумий 212 кг. тош кўтариб иккинчи ўринни эгаллади ва кумуш медалига лойиқ кўрилди.

Эркаклар ўртасида -69 кг. вазн тоифасида баҳсларга киришган Рио-2016 Олимпия ўйинлари иштирокчиси Достон Ёқубов даст кўтаришда 139 кг., силтаб кўтаришда 177 кг., суммада 316 кг. оғирликни ўзига бўйсундириб иккинчи ўринни эгаллади ва делегациямиз ҳисобига кумуш медалини қўшиб қўйди.

Оғир атлетика бўйича терма жамоамиз Осиё ўйинларининг асосий фаворитлари қаторида эътироф этилмоқда. Бизни олдинда оғир вазндаги полвонларимиз иштирокидаги баҳслар кутиб турибди. Шундай экан Шаҳзод Худойберганов, Фарход Собиров, Иван Ефремов ва Рустам Жангабаевлардан ҳам олтин медалларни кутиб қоламиз.