Авф этилган футболчи ёхуд Дилшод Аҳмадалиев билан суҳбат

“Бунёдкор” клуби тарбияланувчиси Дилшод Аҳмадалиевнинг яна катта футболга қайтарилганидан хабарингиз бўлса керак. Маълумки, қишда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти ёшини кичрайтириш ва шунга ўхшаш бошқа қоида бузарликларни аниқлаган ҳолда бир қатор ўйинчиларни футболдан четлатланди ва уларнинг орасида Аҳмадалиев ҳам бор эди. Лекин ушбу футболчи тез суръатда ўсиб келаётган келажаги порлоқ сифатида эътироф этилаётганди. Орадан маълум муддат ўтганидан кейин ЎФА уларни кечирди. Қолаверса, Аҳмадалиев ва бошқалар қилмишлари учун пушаймон эканликларини билдиришди. Натижада Дилшод яна “Бунёдкор” либосида майдонда гавдалана бошлади. SPORTS.uz муҳбири эса футболга қайтган Аҳмадалиев билан боғланди.

- Дилшод, дастлаб бўлиб ўтган воқеа ҳақида ўзингиз тўхталиб ўтсангиз?

- Футболдан четлатилишимдан олдин ҳаммаси зўр эди. Доимгидек, мавсумга тайёргарлик кўраётгандим. Кейин эса бирданига шу хабар чиқиб қолди ва мен нима қилишни билмай қолдим. Тўғриси, карахт аҳволга тушиб қолгандим.

- Табиийки, буни ўзимиз ҳам кутмагандик. Айтинг-чи, ЎФА томонидан айтилганидек ёшни кичрайтириш борасида қоидабузарлик содир бўлганмиди?

- Ҳа, содир бўлган. Лекин ҳаммасини тўғри тушуниб, олти йил олдин ўз ҳужжатларимни олгандим.

- Сиз бу борада ЎФАга тушунтириш берганмисиз?

- Ҳа, клуб билан бирга келишиб хат юборганмиз.

- Энди аслида туғилган санангиз қандай?

- 1994 йил, 2 ноябрь.

- Ўшанда сизни четлатишган пайтда нималарни ўйлагансиз? Руҳий томондан тушкун кайфиятда эдингизми?

- Тўғриси, ўша пайтларда қалбимдан ҳар хил нарсалар ўтган. Олдин бундай ҳолатга тушмаганман десам ҳам бўлаверади.

- Яъни, четлатилганингиздан кейин футболдаги фаолиятингизни тугатиш ҳақида ўйламаганмисиз ёки барибир умидингиз бормиди?

- Йўқ, фаолиятимни тугатиш ҳақида ўйламаганман. Лекин, агарда шундай бўлсачи деб ҳам ўйлаганим рост. Футболсиз нима қиламан деб ҳайрон қолгандим.

- Бундай кезларда сизни кимлар қўллаб-қувватлади?

- Уйимдагилар, яқин дўстларим ва “Бунёдкор”дагилар қўллаб-қувватлаб туришди.

- Умуман олганда, футболсиз вақтларингизни қандай ўтказдингиз?

- Яхши кўрган ишингиз билан шуғулланмасангиз қийин экан. Тўғриси, жуда қийналдим.

- Дилшод, футболга қайтганингиз ҳақидаги хабарни дастлаб кимдан эшитдингиз?

- Футболга қайтганимни биринчи бўлиб интернет сайтларидан кўриб билдим.

- Дарвоқе, “Бунёдкор” бош мураббийи Миржалол Қосимов сизни миллий терма жамоага чақириш керак, дея фикр билдирди. Бунга қандай муносабат билдирасиз?

- Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Балки насиб қилса, терма жамоада ҳам ўйнаб қоларман.

- Сизни олдин бундай қоидабузарликка кимдир мажбур қилганми?

- Қоида бузишга келадиган бўлсак, бу ўзимизнинг айбимиз деб ўйлайман. Кейин ҳаммасини тўғриладик.

- Ўзингизни руҳан қандай ҳис қилдингиз?

- Албатта, руҳан менга бошида жуда оғир бўлди. Лекин ўзимни қўлга олдим, сабр қилдим, Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади деб ният қилгандим.

- Сиз 2011 йили терма жамоамиз сафида Осиё чемпионати саралаш босқичида 1996 йилда туғилган футболчи сифатида қатнашгандингиз. Ўшанда бош мураббий Дилшод Нуралиев эди. Мавжуд вазият ҳақида унинг ҳам хабари бормиди?

- Мураббий ҳеч нимани билмасди.

- Эътиборлиси, сиз футболга қайтиб яна аввалгидек фаол ўйнаяпсиз. Узоқ муддат футбол ўйнамаган бўлсангизда, буни қандай уддалаяпсиз?

- Тўғриси, мен футболдан мутлақо узоқлашмагандим. Ҳар доим клубим билан машғулотларда бирга бўлдим. Қолаверса, менга ҳамма ёрдам беришга ҳаракат қилди. Мураббийлар ва футболчилар қўллаб туришди. Менимча, шунинг учун ҳам ўйнаб кетишим қийин кечмади.

- Демак, “Бунёдкор”да ишончли ўйинлар кўрсатаётганингиз шунинг маҳсулими?

- Ҳа, мураббийларнинг ҳиссаси катта.

- “Бунёдкор”да кўряпмизки, Миржалол Қосимов оддий ёшларни ҳам ўйнатиб юборяпти, масалан сизни ҳам. Бу мураббийнинг устун томони нимада? Унга қандай таъриф берасиз?

- Таъриф беришга ҳожат йўқ. Ўзинглар ҳам кўриб турибсизлар, “Бунёдкор” Миржалол Қосимов қўл остида ҳозирда жуда зўр клубга айланди.

- Айтинг-чи, ўша пайтларда ҳам клуб сизга ойлик маош тўлаб турдими ёки...

- “Бунёдкор” билан тузилган шартномам бор-ку. Шунга қараб менга ҳам ойлик маош бериб туришди. Мени четга чиқариб қўйишгани йўқ.

- Энди бўлиб ўтган ишлардан кейин ўзингиз учун қандай хулосалар чиқаряпсиз?

- Хулоса? Энди бошқа бундай хатога йўл қўймайман.

- Одатда сиз каби футболчилар четлатилганида кўпчилик сизларни ҳимоя қилиб, уларни адаштирган бошқа кимсалар, айтайлик, мураббийларни ҳам жазолаш ҳақида фикрлар билдирилди. Бунга қандай қарайсиз?

- Ҳамма айбни мураббийга тўнкаш дуруст эмас. Бу хатода гарчи ёш бўлган бўлсак-да, ўзимизнинг ҳам айбимиз бор.

- Умуман айтганда, бўлиб ўтган ишлардан сўнг кимлардан узр сўраган бўлардингиз?

- Барчадан узр сўрайман. Қилган ишимнинг нотўғрилигини билдим. Мени кечириб, яна бир бор имкон беришгани учун ЎФА раҳбариятига миннатдорчилик билдираман.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!