Азамат Абдураимов: ЎФФнинг Олий лига формати борасидаги қарорини тўғри деб ҳисоблайман

15 ноябрь,2017, 13:10 201

Азамат Абдураимов: ЎФФнинг Олий лига формати борасидаги қарорини тўғри деб ҳисоблайман

Ўзбек футболининг яқин ўтмишдаги ажойиб футболчиларидан бири, малакали мутахассис Азамат Абдураимов шу кунларда Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан олиб борилаётган қатор ислоҳотлар ва уларнинг футболимизга қанчалик фойда бериши ҳақида ўз фикрларини билдирди. 

Унинг сўзларига кўра Олий лигамизни янги мавсумда 12та жамоа иштирокида ташкил этиш чемпионатда рақобатни янада кучайтиради.

“Очиғини тан олиб айтиш керак, Олий лига ўйинларига мухлислар ташрифи кутилганидек эмас. Бу эса ўз ўзидан ўзгаришни талаб қилмоқда. Яъни ислоҳотлар қилиш пайти келди. Шунинг учун ҳам келаси йилдан Олий лига клублари 12та қолиши борасидаги қарорни тўғри деб ўйлайман. Ниманидир ўзгартириш керак эди. Англия ёки Испания чемпионатларини кузата туриб, олдиндан қандай ҳисоб қайд этилиши мумкинлигини айта олмайсиз. Биз ҳам чемпионатимизда шу каби рақобат кучли бўлишини ва ҳар бир турда муросасиз, қизиқарли ўйинлар кўп бўлишини хоҳлаймиз. Тўғри, бундай ўзгариш биринчи марта бўлмоқда, лекин бу футбол ривожи учун фойдали бўлади деб ўйлайман. Чунки энди чемпионатимизда кучли жамоалар қолиб, рақобат кучаяди.

Ҳар ўйинда майдонда ҳақиқий кураш кечса, футболчи ҳам бунга мослашади. Шундан сўнг у терма жамоада ҳам ўз имкониятини тўлиқ намойиш эта олади. Фақатгина чет элда тўп сураётган легионерлардан умид қилиб юравермаслигимиз керак. Ўзимизнинг чемпионатда ҳам шундай етакчиларни тарбиялашимиз зарур. Шунинг учун ҳам бу формат футболимиз фойдасига ишлайди, деб умид қиламан”.