Бахтиёр Ҳамидуллаев бошқарувидаги жамоа Андижон вилояти чемпиони бўлди

16 ноябрь куни Андижонда Ўзбекистон биринчилиги иккинчи табақа жамоалари ўртасидаги вилоят чемпионати якунланди.
Айтиш лозимки, вилоятнинг иккинчи лигасида жами 16та жамоа икки гуруҳга бўлинган холда, ғолиблик учун кураш олиб борди.
Якунда ”А” гуруҳидан “УзДонгЯнгКо” клуби барча рақибларини ортда қолдириб, финал йўлланмасини қўлга киритган бўлса, “Б” гуруҳида “Шаҳрихон-1926” жамоаси ғолиб бўлди. 16 ноябрь куни ушбу жамоалар мусобақанинг финалида ўзаро куч синашишди. Баҳс Андижон шаҳридаги “Соғлом авлод” стадионида кечди.

Айтиш лозимки, мазкур ўйинга мухлислар томонидан бўлган қизиқиш юқори бўлди. Мамлакатимизда биринчи лига ўйинлари бирмунча эрта якунлангани боис, андижонлик мухлислар ҳам катта футболни соғиниб қолишганди. Шу боис бўлса керак, шу куни стадионга томошабинлар ташрифи кўп бўлди. 

“УзДонгЯнгКо” бундан бир ой аввал иккинчи лига жамоалари ўртасида вилоят Кубогини қўлга киритганди. Санжар Латипов шогирдлари бу сафар чемпионатда ҳам олтин медалларни қўлга киритиш учун астойдил харакат қилди. Аммо “Шаҳрихон-1926” ҳам биринчи лигага чиқиш учун пулька йўлланмасини қўлга киритиш мақсадида ўйинга жиддий тайёргарлик кўрганини амалда исботлади. Кези келганда айтиш лозимки, бугунги кунда “Шаҳрихон-1926” жамоасига андижонлик таниқли футболчи Бахтиёр Ҳамидуллаев устозлик қилмоқда. Мураббийлик фаолиятини қуйидан бошлашга қарор қилган собиқ голеадор бу йил ўз жамоаси билан биринчи лигага чиқиш учун астойдил харакат қилмоқда.

Андижон вилояти иккинчи лига финал учрашуви.

“УзДонгЯнгКо” - “Шаҳрихон-1926” 0:3 (0:1).

Андижон. “Соғлом авлод” стадиони.

Ҳакамлар: Темур Тўхтасинов, Анвар Маражабов, Зиёдулло Абдураҳмонов, Хушнуд Суюнбоев.

Назоратчи: Рустам Ҳамидов.

Голлар: Жамшид Ҳамидов, 20. Дониёр Ҳамидуллаев, 86. Абдуқаҳҳор Назиров, 90+7.

“УзДонгЯнгКо”: 1.Бобур Тожибоев, 2.Азизбек Маҳмудов, 3.Азамат Исаев, 4.Салим Раҳматуллаев, 6.Муҳаммаджон Отажонов, 10.Жаҳонгир Суярқулов, 11.Исроил Турсунов, 12.Қуддус Ғуломов, 13.Азизбек Давронов, 18. Элдор Тўланов, 19.Анвар Абдуқодиров (С).

Захира: 5.Илёс Собиров, 7.Жавлон Ҳамдамов, 8.Сардор Нурматов, 9.Дилшод Мўйсинов, 14.Акрам Муҳаммадтоҳиров, 17.Ҳасанбой Ибрагимов, 20.Асадбек Абдужалилов.

“Шаҳрихон-1926”: 34.Лочин Долимов, 4.Ислом Қўзибоев, 5.Одил Давронов, 8.Абубакир Абдуллаев, 9.Дониёр Ҳамидуллаев (С), 10.Жамшид Ҳамидов, 11.Пўлат Шарипов, 17.Жасур Қувваталиев, 18.Мансур Маҳсудов, 21.Дониёр Турдиқулов, 23.Бекзод Ғозиев.

Захира: 2.Ислом Мўминов, 3.Зокир Нажимов, 7.Самандар Исмоилов, 13.Абдувоҳид Жўраев, 20.Абдуқаҳҳор Назиров, 77.Зуҳриддин Мирзаев.

“УзДонгЯнгКо” жамоасига кумуш медаллар тақдим этилгач, “Шаҳрихон-1926” футболчиларига олтин медаллар тақиб қўйилди. Вилоят футбол федерацияси томонидан мусобақада иштирок этган ҳар бир амплуанинг “Энг яхши” футболчиси аниқлаб, диплом ва эсталик совға билан тақдирланди.

Унга кўра, мусобақанинг “Энг яхши дарвозабони” “Шаҳрихон-1926” посбони Лочин Долимов, “Энг яхши ҳимоячи” “Шаҳрихон-1926” аъзоси Мансур Маҳсудов, “Энг яхши ярим ҳимоячи” – Анвар Абдуқодиров (“УзДонгЯнгКо”), “Энг яхши ҳужумчи” – Дониёр Ҳамидуллаев (“Шаҳрихон-1926”), Мусобақанинг “Энг яхши тўпурари” – Исроил Турсунов (“УзДонгЯнгКо”)деб топилди.

Бундан ташқари финал учрашувини бошқариб борган олий лига ҳакамлари ҳам вилоят футбол федерациясининг эсталик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, вилоят футболида ўзига яраша ном қозонган, “Андижон” ишқибозлар клуби етакчиси – Нодирбек Тўйчиев, “Соғлом авлод” стадионининг майдонини имкон қадар идеал холатга келтириш учун самарали мехнатлари билан катта ёрдам бериб келаётган Азизбек Саидаҳмедов, “Соғлом авлод” стадионида футбол учрашувларида суҳандонлик қилиб келаётган хушовоз соҳиби – Ғуломқодир Абдураҳимов вилоят футбол федерациясининг дипломи ва эсталик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир якунида сўз таниқли собиқ ҳакам, устоз мураббий – Муҳаммадқосим Тўхтасиновга берилди.
Шу тариқа 2017 йилги Андижон вилоят иккинчи лига мусобақаси ёпиқ дея эълон қилинди.

Исломбек Рустамбеков.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!