“Бенфика” сотган қимматбаҳо футболчилар. Топ-11
Португалия пойтахти – Лиссабон шаҳри шарафини ҳимоя этувчи “Бенфика” жамоаси бутун дунёда ўз ўрнига эгадир. Узоқ ўтмишга эга бўлган бу жамоа ўз тарихида 35 маротаба Португалия чемпионлигини қўлга киритган. Португалия кубогини эса 28 бор бошлари узра баланд кўтаришган. Бундан ташқари жамоа икки бор ЕЧК(ЕЧЛ)да ғолиб чиқиш билан бирга яна беш маротаба ушбу нуфузли мусобақа финалида ўйнаган. Афсуски, шундай шонли тарихга эга бўлган жамоа бугунги кунда асосан маҳаллий ва ўртамиёна бўлган футболчилар хизматларидан фойдаланмоқда ва уларни “юлдуз” қилиб, гранд клубларга пуллаш орқали “кун кечирмоқда”. Масалан, куни кеча “Бенфика”нинг ёш иқтидори Гонсало Гедеш 30 млн евро эвазига “ПСЖ” сафига ўтди ва унинг сотуви “Бенфика” тарихидаги энг қимматбаҳоларидан бири бўлди. Биз эса айни шу муносабат билан пойтахт жамоаси сотган энг қиммат футболчилар билан сизларни таништиришни мақсад этдик.
11. Николас Гайтан(Аргентина) – 25 млн евро
Қайси жамоага: “Атлетико” 2016 йил
Аргентиналик ярим ҳимоячи “бургутлар” сафига 2010 йил 8.4 млн евро эвазига келиб қўшилган эди. Олти йил давомида Гайтан “Бенфика” сафида 150 дан ортиқ учрашувда майдонга тушди ва жамоа билан уч бор Португалия чемпиони ва яна ҳудди шунча марта лига кубогида зафар қучди. Ёзда эса Диего Симеоне ҳамюрти учун 25 млн еврони аямади.
10. Неманья Матич(Сербия) – 25 млн евро
Қайси жамоага: “Челси” 2013 йил
2012 йил Давид Луис трансферининг бир қисми сифатида жамоага келган Матич “Бенфика”да ўз маҳоратини ошириб борди ва “Челси” уни ортга қайтариш пайига тушиб қолди. Ўз навбатида “бургутлар” раҳбарияти ҳам сербиялик футболчини яхшигина нарх эвазига қўйиб юборади.
9. Энцо Перес(Аргентина) – 25 млн евро
Қайси жамоага: “Валенсия” 2015 йил
2011 йил Аргентинадан Европага келган Энцо тезда жамога киришиб кета олди. “Бургутлар” сафида кетма-кет икки йил Европа Лигаси финалига чиққан аргентиналик ярим ҳимоячи уларнинг барчасида мағлуб бўлади. 2015 йил қишда эса “Валенсия” уни 25 млн евро эвазига ҳарид қилади.
8. Давид Луис(Бразилия) – 25 млн евро
Қайси жамоага: “Челси” 2011 йил
2007 йил ижара асосида келиб қўшилган Давид Луис “Тоттенхем”га сотиб юборилган Рикардо Рошанинг ўрнини эгаллаши керак эди. Амалда ҳам шундай бўлди. Мавсум якунида эса “Бенфика” 500 минг евро эвазига уни жамоада олиб қолди ва беш йиллик шартнома имзолади. 2011 йилнинг 1 феврал куни “Челси” билан беш йиллик шартнома имзолаган Луис ўзига 4-рақамни олди. “Аристократлар” бразилиялик футболчи учун 25 млн евро тўлайдилар.
7. Лазар Маркович(Сербия) – 25 млн евро
Қайси жамоага: “Ливерпул” 2014 йил
Маркович “бургутлар”га “Партизан” сафидан келиб қўшилган эди. 10 млн евро эвазига ҳарид қилинган сербиялик ҳужумчи Лиссабонда бор-йўғи бир мавсум тўп сурди ҳолос. 2014 йилнинг 15 июлида эса “Ливерпуль” билан беш йиллик шартнома имзолаган Лазар 50-рақамни олади.
6. Гонсало Гедеш(Португалия) – 30 млн евро
Қайси жамоага: “ПСЖ” 2017 йил
Гедеш “Бенфика” академияси тарбияланувчиси саналади. Бундан 3 йил олдин Португалия Сегундасида дебют қилган йигитча эндиликда “ПСЖ”да тўп суради. Ушбу масвум португалиялик футболчи “бургутлар” Португалия чемпионатида 16 ўйинда 2 та гол уришга муваффақ бўлди. Гедешнинг имкониятини юқори баҳолабми ёки хотамтойлик қилиб юбордими, ҳар холда “ПСЖ” 20 ёшли футболчи учун озмунча пул сарф этмади.
5. Фабио Коэнтрау(Португалия) – 30 млн евро
Қайси жамоага: “Реал Мадрид” 2011йил
“Риу Аве”дан таклиф этилган Коэнтрау жамоа билан олти йиллик шартнома имозлайди ва шу даврнинг деярли ярмини ижара асосида бошқа клубларда ўтказади. 2010 йил яна “бургутлар” сафига қайтган Коэнтрау мураббий Жорже Жезус қўл остида ажойиб мавсум ўтказади. Клуб сўнгги лоти йилда илк бор мамлакат чемпиони бўлади ва Европа Лигасида ярим финалга қафр етиб боради. Мавсум якунида эса уни “қироллик клуби” 30 мнлн евро эвазига сотиб олади.
4. Родриго Морено(Испания) – 30 млн евро
Қайси жамоага: “Валенсия” 2015 йил
2010 йил “Бенфика”га келган Родриго ижара асосида бошқа клубларда ўйнади. 2012 йил Лиссабонга қайтган футболчи Оскар Кардосо билан ажойиб жуфтлик ҳосил қилиб, “Валенсия” скаутлари назарига тушади ва “кўршапалаклар” унинг учун 30 млн евро тўлашади.
3. Анхель Ди Мария(Аргентина) – 33 млн евро
Қайси жамоага: “Реал Мадрид” 2010 йил
2007 йил жамоага келган Ди Мариядан янги Симау чиқишини кутишади. Амалда эса “бургутлар” Симаудан ҳам кучлироқ футболчига эга бўлишган эди. 2010 йил эса 25 млн евро эвазига Мадридга кўчиб ўтади. Юқоридаги суммага эса яна турли бонуслар ҳам қўшилиши шартномада кўрсатилиб ўтилади.
2. Ренату Санчеш(Португалия) – 35 млн евро
Қайси жамоага: “Бавария” 2016 йил
Европа чемпиони бўлган 18 ёшли Ренату учун “Бавария” оз эмас, кўп эмас 35 млн евро тўлади. Эътиборлиси, Санчеш “бургутлар” академиясидан етишиб чиққанидир.
1. Аксель Витсель(Белгия) – 40 млн евро
Қайси жамоага: “Зенит” 2012 йил
2011 йилнинг ёзида “Андерлехт”дан келиб қўшилган Витсель қисқа фурсатда жамоанинг “юраги”га айланиб улгурди. Мавсум давомида Португалия чемпионатида 32 бахсда иштирок этиб, учта голга муаллифликм қилади. Орадан бир йил ўтиб эса Питернинг “Зенит” жамоаси уни 40 млн еврога сотиб олади.
Шаҳзод Холбоев тайёрлади
Фикрлар