Биласизми? “Насаф” кеча олий лигадаги 600-учрашувини ўтказди

 

1997 йилдан олий лигада иштирок этиб келаётган Қаршининг “Насаф” клуби кеча, олий лигадаги ўзининг 600-учрашувини ўтказди. Бу учрашув ўзингизга маълум, "аждарлар" ғалабаси билан якунланди. Мазкур ғалаба “Насаф”нинг барча чемпионатлардаги 337-ғалабаси сифатида қайд этилди.

Келинг,  шу ерда қисқача клуб тарихига назар ташлаймиз. “Насаф” олий лигадаги дебют иштирокида 6-ўрин билан чегараланган. 1998 йили 5-ўрин, 1999 йили эса 11-ўрин билан қаноатланган. Бу кўрсаткич, клуб тархидаги энг ёмон кўрсаткич сифатида тарихда қолган. Шу йили “Насаф”ни Виктор Макаров бошқарган.

2000 йилги чемпионат бошида клубда катта ўзгаришларга қўл урилади. “Насаф”га Баҳром Ҳакимов бош мураббий сифатида таклиф этилади ва шу йили жамоа ўз тарихида биринчи марта бронза медалига сазовор бўлади. Баҳром Ҳакимов йилнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилади. Қаршиликлар тўпурари – Зафар Холмуродов эса “ҳужум қироли” совринига муяссар бўлади. Зафар Холмуродов шу йилги мавсумда рақиблар дарвозасини 30 марта ишғол қилган. Бу натижани ҳанузгача ҳеч бир футболчимиз такрорлай олган эмас.

2007 ва 2008 йиллар ҳам клубимиз учун жуда омадсиз кечган. 2007 йили “Насаф” чемпионатни 9-ўрин билан якунлайди. Шу йили жамоа чемпионатни Баҳром Ҳакимов қўл остида бошлайди. Баҳром Ҳакимов истефосидан сўнг, “Насаф”ни вақтинча Виталий Ни бошқаради. Кейин эса Владимир Фомичев жамоага таклиф этилади. Натижа эса 6-ўрин. Якунда Владимир Фомичевга ҳам чиқиш эшиклари кўрсатилади.

“Насаф” 2008 йилги чемпионатни 9-ўрин билан якунлаган. Шу йили "аждарлар" чемпионатни Виктор Борисов қўл остида бошлаган бўлса, ундан “Насаф”ни Эдгар Гесс қабул қилиб олади. Бу мураббий ҳам жамоада ўзгариш қила олмагач, клубга Усмон Тошев бош мураббий сифатида таклиф этилади. Натижа эса 9-ўрин. Бу натижа ҳеч кимни қониқтирмас эди. Шу йили клубга “Шўртан газ кимё мажмуаси” бош ҳомий сифатида бириктирилади. Энди “Насаф” клуби тарихида янги саҳифа очилади.

2009 йилги чемпионат бошида клуб раҳбарлари мисли кўрилмаган, катта ўзгаришларга қўл уришади.  Жамоага россиялик мутахасис Виктор Кумиков таклиф этилади. Иккинчи даврада эса клубга бош мураббий сифатида Анотолий Демьяненко тайинланади. Натижа 3-ўрин. Шу йили клуб қошида футбол мактаби ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлайди.

Ўзингизга маълум, Анотолий Демьяненко бошчилигидаги қаршиликлар 2011 йили чемпионатда кумуш медалга сазовор бўлган ва ОФК кубогини қўлга киритган. Бу клуб тарихидаги жуда катта натижа эди. 2012 йил бошида клуб раҳбарияти жамоани Рўзиқул Бердиевга ишониб топширади. Ёш мураббий 7-турдан сўнг ўз лавозимидан четлатилади ва Усмон Тошев бош мураббий бўлади. Мавсум охирида, Усмон Тошев фаолиятидан қониқмаган клуб раҳбарияти жамоани яна Бердиевга беради. Шу йили чемпионатни муваффақиятли бошлаган “Насаф”, 4-ўрин билан кифояланади. Бердиев шу йили 9та учрашувда ўз шогирдларини майдонга бошлаб тушади.

Рўзиқул Бердиев шу вақтдан буён жамоани бошқариб келаяпти. Бу мураббий даврида “Насаф” тўрт марта (2013, 2014, 2015, 2016 йиллар) қаторасига  бронза медалини, бир марта Ўзбекистон Кубогини (2015 йил) ва яна бир марта Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритди (2016 йил). Бердиев қўл остида тўрт марта Ўзбекистон Кубоги финалида иштирок этаганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги “Насаф” 2013 йилдан буён 3-ўриндан пастга тушган эмас.

Бу мураббий ўз фаолияти давомида  жамоани, чемпионат учрашувларида 133 марта майдонга бошлаб тушди. Шулардан 85 учрашувда “Насаф” ғалабага эришди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!