Бош мураббийи йўқ Ўзбекистон терма жамоаси БАА билан ўртоқлик учрашуви ўтказади

Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида имзоланган меморандум доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси БАА билан ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича музокараларни якунлади. Ўйин 14 ноябрь куни БААда ўтказиладиган бўлди. ЎФФ матбуот хизмати ўйин бўлиб ўтадиган жой ва унинг вақти ҳақида кейинроқ хабар берилишини маълум қилган.

Бундан аввалроқ, Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов БААга уюштирган расмий ташрифи давомида БАА Футбол Уюшмаси вице-президенти Абдулла Носир ал-Жунайбий билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаган эди.

БАА ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви ЎФФ ва БАА Футбол уюшмаларининг меморандуми доирасида амалга оширилаётган иккинчи иш ҳисобланади. Бунгача Ўзбекистон Кубогининг финалини бошқариш учун БААдан Муҳаммад Абдулла Ҳасан бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси таклиф қилинган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!