Бранко Иванкович: “Насаф” эртага гуруҳдаги имкониятини яхшилаб олишга ҳаракат қилади

Маълумки, Қаршининг “Насаф” клуби ОЧЛ-2018 5-тур учрашувини ўз майдонида Эроннинг “Персеполис” жамоасига қарши ўтказади. Ўйин 2 апрел душанба куни “Марказий” стадионда соат 19:30да бошланади.

Бугун ҳар икки жамоа мураббийлари ўртасида матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуманинг илк қисмида меҳмонлар устози Бранко Иванкович ва жамоа ҳимоячиси Муҳаммад Ансори иштирок этишди.

– Ассалому алайкум ҳурматли журналистлар. Аввалом бор “Насаф” клуби расмийларига бизни жуда яхши кутиб олишгани учун миннатдорчилигимни билдираман. Эртага бўладиган ўйин ҳар иккала жамоа учун жуда муҳим ҳисобланади ва қизиқарли учрашув бўлиши кутилмоқда. “Насаф” ҳозирги пайтда яхшигина жисмоний барқарор жамоа. Ўзаро бўлиб ўтган биринчи учрашувимиздаги мағлубиятга учраганига асосий сабаб у пайтда мамлакатингизда миллий чемпионат бошланмаган эди. Энди рақибимиз ҳам кўпроқ ўйин амалиётига эга, Шунинг учун бўлажак баҳсда рақибимиз умуман кучли ўйин кўрсатишини олдиндан тахмин қилиш мумкин. Шунингдек, жамоа гуруҳ босқичидаги имкониятини яхшилаб олиш учун ҳам ҳаракат қилади.

– Гуруҳимиздаги вазият шундайки, ҳатто 12 очко жамғарган жамоа ҳам гуруҳ босқичидан чиқа олмаслиги мумкин. Авваллари 9 очко билан бемалол гуруҳ босқичидан чиқса бўлар эди. Биз рақибимизни энди аввалгидан яхшироқ биламиз. Жамоа устози Рўзиқул Бердиев жуда ажойиб жамоа туза олган. Жамоа тез ва қисқа тўп оширишлар билан ўйнайди.

– Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Насаф”нинг мухлислари стадионда жуда ажойиб муҳит ярата олишади. Мураббий сифатида бу ҳолат мен учун жуда ёқимли. Биз бу ўйинга битта йўқотиш билан келдик, дисквалификация туфайли ҳимоячимиз Шожа Халилзода бизга ёрдам бера олмайди.

– Қаршига келишдан аввал икки учрашувда мағлубиятга учрадик, аммо биз бу ўйинларда мағлубиятга хос ўйин кўрсатмадик, бизда омад ҳам етишмади. Охирги ўйиндаги мағлубиятимизга сабаб, терма жамоада иштирок этган ўйинчиларимиз сафимизга кечроқ қўшилгани бўлди. Уларнинг хизматидан биз фойдалана олмадик.

– “Насаф” таркибидаги биронта ўйинчиини алоҳида кўрсатмоқчи эмасман. Жамоада кучли футболчилар йиғилишган. Шунингдек жамоанинг бир қанча футболчилари мамлакатнинг турли терма жамоаларида ўйнашади. “Насаф” Ўзбекистонда энг замонавий ўйин кўрсатадиган жамоа ҳисобланади. Жамоа Қатарда йирик ҳисобда мағлуб бўлган бўлсада, жамоанинг кўрсатган ўйини бу ҳисобга мос эмас эди.

– Мени Ўзбекистонга бош мураббийликка таклиф тўғрисида? Одатда яхши фаолият юритаётган мураббийга ҳар қандай расмий ва норасмий таклифлар бўлиб туради. Аммо менга Ўзбекистон томонидан бош мураббийликка расмий таклиф бўлгани йўқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!