"Бунёдкор" Шотландиянинг "Абердин" клубига ютқазди

 

Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси БАА йиғини доирасидаги бешинчи назорат учрашувини ўтказди.

Бу сафарги спарринг рақибимиз – Шотландия чемпионатида 3-ўринда бораётган “Абердин” клуби бўлди.

“Бунёдкор” бош мураббийи Сергей Лушчан шотландияликларга қарши ҳам аралаш таркибни майдонга туширди. Одатда натижа унутилиб, жамоа ўйинини шакллантиришга қаратиладиган бу каби назорат учрашувларида таркибдаги деярли барча футболчиларга имконият берилади. Гарчи рақиб номдор ва кучли бўлишига қарамасдан мураббийларимиз таркибдаги деярли барчани майдонга туширди.

Бевосита ўйинга тўхталадиган бўлсак, “Абердин” вакиллари Жонни Хайеснинг ўйин стартидаги голи эвазига олдинга ўтиб олишди. 33-дақиқада Миржамол Қосимов бурчак зарбасини амалга оширди. Стандарт вазиятида тўпни қабул қилиб олган Отабек Шукуров шериги Жавоҳир Эсонқуловни қулай вазиятга чиқарди. Жавоҳир аниқ ва кучли зарбаси билан мўлжалда адашмади – 1:1. Иккинчи бўлим ўрталарида Грим Шинние шотландияликларга ғалаба келтирувчи голга муаллифлик қилди.

Ўртоқлик учрашуви
“АБЕРДИН” (Шотландия) – “БУНЁДКОР” (Ўзбекистон) 2:1 (1:1)
Голлар: Хайес 2 (1:0), Жавоҳир Эсонқулов 33 (1:1), Шинние 75 (2:1)
“Бунёдкор”: Дилшод Ҳамроев, Дилшодбек Аҳмадалиев, Душан Мичич, Исломжон Қобилов, Акрамжон Комилов, Жовлон Иброҳимов, Миржамол Қосимов, Отабек Шукуров, Хуршид Ғиёсов, Шаҳзодбек Нурматов, Жавоҳир Эсонқулов
Захира: Муроджон Зуҳуров, Александар Игнатович, Жавлон Мирабдуллаев, Нурилло Тўхтасинов, Нодирхон Камолов, Достонбек Ҳамдамов, Вадим Чемиртан, Миржаҳон Мираҳмадов, Сардорбек Азимов
15 январь. Дубай. “Жебел Али”

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!