CAFA U-15 Championship мусобақаси олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди

Бугун “Миллий” стадионининг матбуот анжуманлари залида CAFA U-15 Championship мусобақаси олдидан 6та терма жамоа Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Афғонистон ва Эрон терма жамоалари бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Дастлаб, Ўзбекистон U-15 терма жамоаси бош мураббийи Азамат Абдураимов ҳамда Тожикистон U-15 терма жамоаси бош мураббийи Рустам Қурбонов матбуот анжуманида қатнашишди ва мусобақадан олдин ўз фикрларини билдириб ўтишди.

Рустам Қурбонов (Тожикистон): “Авваламбор, мусобақа ташкилотчиларига катта миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Ушбу мусобақа биз учун катта тажриба майдони бўлиб хизмат қилиши аниқ.  Бизга яхши даражада шароитлар яратиб берилганидан жуда мамнунмиз. Мақсадимиз биринчи ўринни олиш эмас, асосий мақсад мусобақада яхши қатнашиш. Таркибдаги футболчиларни синовдан ўтказиб олиш. Марказий Осиё футбол конфедерациясининг ташкил қилиниши ва бу каби мусобақаларнинг ўтказилиши ушбу минтақада футбол ривожига катта ҳисса қўшишига шубҳа йўқ”.

Азамат Абдураимов (Ўзбекистон): “Ўз майдонимизда бўлиб ўтаётган ушбу мусобақанинг аҳамияти катта. 2019 йилда бўлиб ўтадиган саралаш баҳслари олдидан биз учун яхши тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. 25 нафар футболчидан 18 футболчини саралаб олдик.  CAFA президенти ва ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг ташаббуси билан ташкил этилган бу мусобақа жуда катта воқелик. Ҳар бир терма жамоа ушбу мусобақа орқали ҳозирда қай даражада эканини аниқлаб олади. Катта футболга энди кириб келаётган ёш футболчилар учун бу каби мусобақалар жуда катта фойда бўлади. Ўртоқлик ўйинлари орқали биз жамоамиз кучига четдан туриб баҳо беришимиз мумкин бўлади”

Матбуот анжуманининг иккинчи қисмига Афғонистон ҳамда Туркманистон терма жамоалари бош мураббийлари таклиф қилинди ва улар ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.

Воҳидуллоҳ Воҳидий (Афғонистон):  “Биз иккинчи марта ушбу мусобақада қатнашяпмиз ва бундан хурсандмиз. Бу турнир биз учун катта аҳамиятга эга. Ўтган йили 15 ёш футболчиларимиз чемпион бўлишган. 16 ёшли ўйинчалиримиз эса бу йил 2 ўринни қўлга киритишди. Афғонистон терма жамоаси бу йил ҳам ижобий натижаларни қўлга киритишига ишонаман. 15-16 ёшли футболчилар ўртасида кўплаб мусобақалар мунтазам ташкил этилаётгани сабаб терма жамоамиз тажриба тўплашга муваффақ бўлмоқда ҳамда бу ўз самарасини кўрсатиб муваффақиятларга эришмоқдамиз.  Барча жамоаларга омад тилайман”.

Ботир Шеҳиев (Туркманистон): “Бу турнирда биз биринчи марта иштирок этмоқдамиз. Мусобақа юқори савияда ташкил қилинишига ишонамиз ҳамда сўзим бошида ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимизни изҳор қиламиз. Бу ёшдаги футболчилар ўртасида мусобақаларда кам иштирок этганимиз сабабли, Тошкентда ташкил қилинаётган турнир биз учун катта аҳамиятга эга. Мусобақа давомида нафақат футболчиларимизнинг тажрибаси ортади, балки биз мураббийлар ҳам улар орасидан энг сараларини танлаб олиш имкониятига эга бўламиз”. 

Матбуот анжумани охирида Қирғизистон ва Эрон терма жамоалари бош мураббийлари қатнашишди.

Муҳаммад Яварий (Эрон): “Ўзбекистонга келганимдан жуда хурсандман. Бундан 13 йил аввал биринчи марта Ўзбекистонга келиш насиб қилганди. Яна бу ерда бўлиб турганимдан жуда бахтиёрман. Бу каби мусобақалар жуда муҳим, терма жамоалар ўзаро тажриба алмашишади, бир бирларининг имкониятларини синовдан ўтказишади.Олдимизда катта мусобақалар турибди. Ўша мусобақалар олдидан биз ўз имкониятларимизни чамалаб кўрмоқчимиз.  
Бундан аввал ташкил этилган 16 ёшгача бўлган терма жамоалар ўртасидаги мусобақада иштирок эта олмадик. Сабаби биз анча аввал ўртоқлик Ироқ билан ўртоқлик ўйини борасида келишувга эришгандик. Акс ҳолда 16 ёшли терма жамоамиз ҳам CAFA мусобақасига ташриф буюрган бўларди".

Нурлан Букуев (Қирғизистон): “Мусобақадан кўзлаган асосий мақсадимиз тажриба тўплаш. Бу ерда кучли терма жамоалар иштирок этишмоқда. Уларга қарши ўйинлар жамоамизга катта фойда бўлишига шубҳа йўқ. Бизда яхши ёш авлод шаклланяпти. Умид қиламанки, улар билан халқаро мусобақаларда яхши натижаларга эришамиз. 
Бу ерда иштирокчилар учун яратилган шароитлар аъло даражада. Фурсатдан фойдаланиб мусобақа ташкилотчиларга миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман”.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!