Чехия гўзалларига тенг келадигани йўқ

14 ноябрь,2016, 10:46 527

Чехия гўзалларига тенг келадигани йўқ

Францияда теннис бўйича аёллар терма жамоалари ўртасидаги нуфузли мусобақа - Федерация кубогининг финали бўлиб ўтди. 

Мусобақа финалида мураккаб саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган Франция ва Чехия теннисчилари ўзаро куч синашди. Икки кун давом этган мусобақанинг яккалик беллашувларида 2:2 ҳисоби қайд этилди. Унда франциялик Каролин Гарсия аввал  Петра Квитовани 7:6,  6:3, кейин Каролина Плишковани 6:3,  3:6,  6:3 ҳисобида енгиб, жамоасига икки очко келтирди. 

Яна икки учрашувда Каролина Плишкова Франция терма жамоаси аъзоси Кристина Младеновични 6:3, 4:6, 16:14, Барбора Стрицова эса Ализе Корнени 6:2, 7:6 ҳисобида таслим қилиб, умумий ҳисобни тенглаштирди. 

Финал ғолиби жуфтлик беллашувларида аниқланди. Унда Кристина Младенович ва Каролин Гарсия дуэти  Каролина Плишкова ҳамда  Барбора Стрицова билан беллашди. Икки соату 8 дақиқа давом этган баҳсда чехиялик қизлар 7:5, 7:5 ҳисобида зафар қучиб бош совринни қўлга киритди. 

Чехия терма жамоаси бунгача 2011, 2012, 2014, 2015 йилларда ҳам мусобақа ғолиби бўлганди. 

SPORTS.uz

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.