"Чиғатой" спорт базасида ҳакамлар назоратчилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди

Кеча "Чиғатой" спорт базасида Олий лига ва Биринчи лигада иштирок этувчи ҳакамлар назоратчилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

Йиғилишни Ўзбекистон футбол федерацияси Ҳакамлар ва назоратчилар бошқармаси бошлиғи Маъмур Саидқосимов олиб борди.

Йиғилиш давомида 2017 йил мавсум якунлари, ўтказилган ўйинлар давомида ҳакамлар томонидан йўл қўйилган хатолар, ушбу хатоларнинг юзага келиши сабаблари танқидий кўриб чиқилди.

Шунингдек, ҳакамлар ҳаракатларини кузатиб борадиган назоратчилар аҳамияти, ҳакамлар савиясини ошириш борасида назоратчилар томонидан берилган вазифалардаги хато ва камчиликлар муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, янги мавсумдан бошлаб ҳакамлар назоратчилари ишига ўзгартиришлар киритилиши, учрашувларни юқори савияда бошқарилишида уларнинг масъулияти оширилиши, ҳакамлар билан биргаликда назоратчилар ҳам ўз ишларига эътиборли бўлишлари зарурлиги ҳакида айтиб ўтилди

Йиғилиш сўнгида 2018 йилги чемпионатда ҳакам назоратчилари томонидан амалга ошириладиган ишлар ҳакида маълумотлар бериб ўтилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!