DFB: “Барселона” – ПСЖ учрашуви ҳаками Дениз Айтекин ҳеч қандай хатога йўл қўймаган

10 март, 12:41 1113

DFB: “Барселона” – ПСЖ учрашуви ҳаками Дениз Айтекин ҳеч қандай хатога йўл қўймаган

Хабарингиз бор 8 март оқшомида “Камп Ноу” стадионида футбол тарихида камдан-кам учрайдиган ўйин бўлиб ўтди.

Аниқроғи, дастлабки учрашувда ПСЖга 4:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган “Барселона” ўз майдонида бўлиб ўтган жавоб баҳсида рақибини 6:1 ҳисобида мағлуб этиб, Чемпионлар лигасининг кейинги босқичига йўл олди.

Эътиборлиси, Германия футбол уюшмаси (DFB) “Барселона” ва ПСЖ жамоалари ўртасидаги баҳсни бошқариб борган ҳакам Дениз Айтекиннинг ўша кунгги фаолиятидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилган. Бу ҳақда AS нашри хабар бермоқда.

Уюшма германиялик ҳакам ўйинни тўлиқ ўз назоратида сақлаб тура олгани ва ҳеч қандай нотўғри қарор қабул қилмаганини таъкидлаган. Хабарда келтирилишича, учрашувнинг 90-дақиқасида Луис Суаресга нисбатан ишлатилган қўполлик учун белгиланган пенальти ҳам ҳаққоний бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испаниянинг Marca нашри мухлислар ўртасида ўзига ҳос сўровнома ўтказгани ва бу сўровномада иштирок этган 150 мингга яқин мухлис “Барселона”нинг ғалабасида ҳакамнинг “қўли” борлигини таъкидлашган эди.