"Дакар-2017": Ралли пойгаларида ғалати ишлар бўляпти


Бу йилги "Дакар - 2017" раллисида иштирок этаётган спортчилар антиқа саргузаштларга дуч келмоқа. Жорий йилнинг 2 январь куни бошланган ва 14 январда тугаши лозим бўлган мусобақада уч мамлакат - Парагвай, Боливия, Аргентина мезбонлик қилмоқда.

Олдиндан режалаштирилган пойга қарийб 9000 километр масофани ташкил этиши керак эди. Пойгалар бошланиши билан иштирокчилар мисли кўрилмаган қийинчиликларга дуч келди. Энди эса ралли ташкилотчилари табиат инжиқликларига бас келолмаяпти.

Об-ҳаво шароити туфайли раллининг бешинчи ва еттинчи босқичларида масофа қисқартирилди, олтинчиси эса умуман ўтказилмади. Саккизинчи босқичда пойгачилар стартга чиқди. Бу гал мотопойгачилардан испаниялик Хоан Барреда-Борт, квадроцикллар пойгасида чилилик Игнасио Касале, машиналар баҳсида француз Себастьян Лёб ва юк машиналар мусобақасида голландиялик Мартин ван ден Бринк маррага биринчи келди.

"Дакар" пойгалари энди қизғин паллага кирган бир пайтда мусобақа ташкилотчилари ёғингарчилик туфайли кўчки юз бериши мумкинлигини инобатга олиб, тўққизинчи босқични ҳам ўтказмасликка қарор қилишди.

Шу ўринда пойга масофаларининг қисқартирилиши ва айрим босқичларни ўтказилмаслиги ралли иштирокчиларининг режаларини бузиб юбормоқда. Мухлислар эса ҳар қандай шароитда ҳам ўз маҳоратини кўрсатишга қодир бўлган янги чемпионларни кутмоқда.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!