"Дакар" раллиси - хатар раллиси


Энг машҳур ралли-марафон "Дакар - 2017" пойгаларига бу йил Парагвай, Боливия, Аргентина мезбонлик қилмоқда. Умумий масофаси 9000 километрга яқин бўлган ушбу мураккаб мусобақада 59 мамлакатдан 300 дан зиёд техника қатнашмоқда.

Шуни айтиш лозимки, бу галги пойгалар ўта иссиқ об-ҳаво шароитида, қум, тошлоқ ва сойли йўлларни ўз ичига олгани боис пилотлар катта қийинчиликка дуч келмоқда. Энг ачинарлиси эса дунёга донғи кетган ва бу галги раллида ҳам ғолибликка даъвогар бўлган пилотлар мусобақани тўхтатишга мажбур бўлди.

Дастлабки икки босқичдаги қийинчиликдан нолиган пойгачилар кейинги масофаларда уларни нима кутиб турганини билмасди. Сан-Мигель-де-Тукуман ва Сан-Сальвадор-де-Жужуй ўртасидаги 780 километрлик масофага чиққан учинчи босқич иштирокчилари ҳам турли муаммоли вазиятга тушиб қолди. Кўпчилик кимсасиз йўлларда мўлжалдан адашиб, қимматлли вақтларини бой берди. Аксарият машиналар қумга ботиб қолди.

Энг ноқулай вазиятга "Ивеко" ҳайдовчиси Жерар де Рой тушди. Масофанинг биринчи қисмидаёқ амалдаги чемпион Жерар де Рой бошқараётган юк машинасининг учта ғилдираги ёрилди. Зарб кучидан ғилдиракларни автоматик тарзда дамлайдиган тизим ишламай қолди.

Доимо ишончли ҳисобланган "Тойота" йўлтанламас машиналарининг барчаси техник муаммоларга дуч келди. Мусобақа пешқадамларидан Носсир Ал-Аттиянинг "Тойота"си жиддий шикастланди.

Аргентинадаги Сан-Сальвадор-де-Жужуй шаҳридан бошланиб, Боливиянинг Тупица шаҳрида якунланган ва умумий масофаси 521 километр бўлган бу босқич пойгачилар аввалгиларидан мураккаб бўлди. Ўз вақтида "Дакар" раллисида бир неча бор ғолиб чиққан Носсир Ал-Аттиянинг "Тойота"си пойгага яроқсиз ҳолга келиб қолди ва бош соврин учун курашган пойгачи алам билан мусобақани тарк этди.

Бу босқичда "Дакар-2010" ғолиби ва икки карра жаҳон чемпиони Карлос Сайнс "Пежо" автомобилида чуқурликка тушиб кетди. Омадсизликни қарангки, умумий рўйхатда иккинчи ўринда бораётган пойгаси маррага уч километр қолганида ушбу нохуш ҳолатга тушди ва мусобақадан чиқиб кетди.


- Бу машинамиз ўтган йилгисидан зўр эди, - деди Карлос Сайнс. - Мусобақадан чиқиб кетганимиз алам қиляпти.

Мотопойгачилар баҳсида "Дакар-2016" ғолиби Тоби Прайс тошлоқ йўлда мотоциклдан йиқилди ва оёғининг сон қисми синиб кетгани туфайли мусобақани давом эттиролмайдиган бўлди.

Бундан ташқари, кўп пойгачилар масофадаги катта ва кескир тошлар ғилдиракларни ишдан чиқарганини, йўлнинг мураккаблиги туфайли кўп пилотлар адашиб қолганини, сойлардаги чуқурларнинг катталиги ва кўплигини, буларнинг оқибатида машиналар кўп бузилаётганини алоҳида таъкидлашмоқда.

Шу тариқа "Дакар-2017" хатарли пойгага айланди ва унда энг чидамли техника ва энг моҳир пойгачиларгина сўнгги манзилга етиб бора олади.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!