Даврон Файзиев: Ҳаёт давом этади, мағлубиятдан фожеа ясамаслик керак

25 июнь,2017, 22:55 530

Даврон Файзиев: Ҳаёт давом этади, мағлубиятдан фожеа ясамаслик керак

Олий лиганинг 15-турида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси “Бухоро”ни қабул қилди ва 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Ўйиндан сўнг “Сўғдиёна” бош мураббийи Даврон Файзиев матбуот анжуманига қатнашди.

Улуғбек Бақоев: Иккинчи даврада хали таркибимизни кучайтирамиз

Авваламбор, барча юртдошларимизни улуғ байрамимиз Ҳайит байрами билан табриклайман. Ҳамманинг хонадонига соғлик-саломатлик,хотиржамлик тилайман. Юртимиз доимо  тинч бўлсин.

Бугунги ўйин ҳақида гапирадиган бўлсак, баҳс қизиқарли бўлди. Биз яратилган имкониятдан фойдалана олмадик. Бу дегани биз жамоага яхши хужумчи қидиришимиз керак. Биринчи даврани яхши тугатмадик. Иккинчи даврада қандай ўзгариш бўлади билмадим. Бу ҳақида раҳбарият билан бир қарорга келамиз. Ўзгариш бўлиши аниқ. Футболчиларда ҳам,ўзимизнинг иш услубимизда ҳам албатта ўзгариш бўлади. Йигитлар бугун борини бериб ўйнашди. Фақат кўплаб имкониятлардан фойдалана олмадик.

Иккинчи давра биз учун оғир кечади. Турнир жадвалидаги ўринлар буни айтиб турибди ва биз иккинчи даврага жиддий тайёргарлик кўрамиз. Жамоадан кимлар кетади,кимлар қолади ман буни олдиндан айта олмайман. Таркибга янги футболчилар келиб қўшилиши аниқ. Ҳаёт давом этади. Биз фақат олдинга юрамиз. Мағлубиятдан сўнг бундан фожеа ясаш ёки тушкунликка тушиш нотўғри. Ҳозир футболчиларни қўллаб-қувватлаш керак бўлган вақтимиз. Биз биринчи даврани бундай тугашини хоҳламагандик. Яхши кайфиятда тугатмоқчи эдик. Акси бўлиб чиқди. Ишлашда,ҳаракат қилишда давом этамиз, - дейди Файзиев.