Даврон Ҳошимов: “Локомотив” Шуҳрат Муҳаммадиевни сотиб олишдан олдин менга қизиққан

10 август, 18:38 490

Даврон Ҳошимов: “Локомотив” Шуҳрат Муҳаммадиевни сотиб олишдан олдин менга қизиққан

 

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Пахтакор” клуби ҳимоячиси Даврон Ҳошимов SPORTS.uzмеҳмони бўлди.

“Шерлар” аъзоси SPORTS.uz сайтига интервью берар экан у Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сўнгги пайтлардаги мағлубият сабаблари, Шота Арвеладзе фаолиятидаги дастлабки профессионал мураббий, наманганлик мухлислардан хайратланиши, олий лигадаги энг қулай стадион, ўзи учун Ўзбекистон миллий терма жамоасининг оптимал таркиби ва бошқалар ҳақида тўхталиб ўтди. Қуйида сиз Даврон Ҳошимов билан ташкил этилган интервью билан танишишингиз мумкин:

Даврон ака бу мавсум “Пахтакор” кутилмаган натижаларни қайд этиш билан бошлади. Дастлаб шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз?

- Биринчи даврада оғир ўйинлар бўлди. Қолаверса, жароҳатлар ҳам кўпайиб кетди. Шунга яраша футболчилар ҳам кам қолганди. Асосий таркибда 7-8 ўйинчи қолдик. Шундан кейин ёшлар жамоасидан футболчилар жалб этилди. Умуман олганда, аксарият учрашувларни захира ўйинчиларисиз ўтказдик. Маблағ томондан ҳам муаммолар бўлганди. Лекин қўлдан келганча ҳаракат қилиб шунга яраша очколар жамғардик. Тўғри, кўп очколар бой берилди. Аммо иккинчи даврада шуларнинг ўрнини қоплашга интиламиз. ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритишимиз керак. Чунки бу олдимизга қўйилган мақсад.

Биринчи давра охирларига келиб жамоа уйғонди. Бу нимадан дарак, янги раҳбарият олдида ўзини кўрсатишга урунишми ёки бошқа сабаб борми?

- Янги раҳбарият келгани маълум бўлгандан сўнг бизга қолган ўйинлар имтиҳондай ўтди. Ушбу баҳсларда ўзини кўрсатган жамоада қолар эди. Шунинг учун ўзимизни кўрсатиш учун астойдил ҳаракат қилдик. Қолаверса, футболчилар ҳам масъулиятни тушунишди. Ҳамма ўз ўрнини сақлаб қолиш учун курашди. 

Мана “Пахтакор”га янги ҳомий ва мураббийлар тайинландан сўнг иккинчи даврада “шерлар” олдига қандай мақсад қўйилди?

- Мураббий тайинлангандан сўнг Арвеладзе ҳар битта футболчи билан мулоқот қилди. Нима камчиликлар ва муаммолар бўлса барчасини билиб олди. Шундан сўнг Арвеладзе ҳам ўз талабларини айтиб ўтди. Биринчи навбатда иккинчи даврадаги 14 ўйиннинг 12 тасида ғалаба қозонишимиз шартлиги уқтирилди. Кубок баҳсларидан эрта чиқиб кетдик. Шунинг учун ўйинларда катта куч билан ҳаракат қилишимиз талаб этилади. Бу орқали иккинчи ўрин билан бўлса ҳам ОЧЛга йўлланма олишимиз керак.

Клуб керагидан кўп очколарни йўқотди. Чемпионлик сари кураша оладими?

- Албатта. Биз бунинг учун астойдил интиламиз. Асосий мақсад чемпионлик.

Тайёргарлик жараёнлари 2 маҳалдан олиб борилди. Футболчиларга ортиқча қийинчилик туғдиргандир. Чунки олдинлари бу жадаража машғулотлар ўтказилмаган.

- Авваллари ҳам кунига икки маҳал шуғулланганмиз. Бироқ бу даражада эмас. Ўйлайманки, ушбу меҳнатларимиз чемпионатда бизга ёрдам беради. Биринчи даврада кўп голлар ўтказиб юбордик. Жисмоний жиҳатдан камчиликлар бўлди. Давралар оралиғида йўл қўйилган хатолар устида ишладик.  

Шота Арвеладзенинг сиз учратган мураббийлардан фарқи?

- Арвеладзе келди. Бизда озгина ҳаяжон бўлди. Чунки унинг талаблари ва услуби бизникидан анча фарқ қиларди. Айтиб ўтганимдек олдин ҳамма билан суҳбатлашди. Кейин эса ишга киришдик. Умуман олганда Шота мен учратган энг кучли мутахассис.

У футболчиларни ўз ўрнига қўя оларди. Барча тактикаларни яхши тузиб чиқади. Ўйинчиларга ўзи нимани истаётганини тушунтириб бера олади. Биз эса майдонда қандай вазифа бажараётганимизни биляпмиз.  

Янги келган легионерлар чемпионатдаги хорижлик футболчилардан қандай устун томонлари бор?

- Биринчи навбатда легионерлар маҳаллий футболчидан бир бош устун бўлиши керак. Машғулотларда бирга шуғулландик. Менда яхши тасуроот қолдиришди. Аммо ҳозирча хорижлик ўйинчилар борасида хулоса чиқариш қийин. Секин-аста улар қандай савияда эканлигини билиб оламиз.

Олий лига-2017да сизни ажаблантирган жамоа қайса?

- Бу йил “Қўқон-1912” анча кучли. Қўқондаги ўйинимиз анча оғир ўтди. Ўшанда биринчи бўлиб ўз дарвозамиздан тўп олиб чиқиб кейин ҳисобни тенглаштирдик. Жамоада Нўъмон Ҳасановнинг қўли борлиги кўриниб турибди. Мезбонлар анча ҳамжиҳатлик билан тўп тепишди. Футболчилар ўзаро бир-бирларини яхши тушунишмоқда. Пас ўйнайдиган клубга қарши нафақат “Пахтакор” учун балки, бошқалар учун ҳам қийинчиликлар туғдиради. Бу услубдаги жамоаларнинг кўп жиҳатдан устунлиги бўлади.  Бу қўқонликларда мужассам. Шу боис мен учун ажабланарли клуб бу – “Қўқон-1912”.  

“Пахтакор” қайси ўйин услубига эга жамоаларга қарши осон ўйнайди?

- Биз ҳимоявий услубга эга рақибларга қарши осон ҳаракат қиламиз. Масалан, 2014 йили “Нефтчи” билан Тошкентда ўтган баҳсда фарғоналиклар ўз жарима майдони яқинида қамалиб олишганди. Шунда биз унчалик ҳам қийинчиликларга дуч келмаганмиз.

Ҳужумкор жамоага қарги учрашув қийин тарзда ўтади. Мисол учун “Насаф” рақибга катта муаммолар дуғдирадиган жамоа. Қаршиликлар билан беллашувда биз қийналамиз. “Шерлар” учун энг ноқулай рақиб бу – “Насаф”.

“Пахтакор” учун мавсумнинг энг қийин ўйини

- Биринчи давранинг сўнгги турларида “аждарлар”га қарши баҳс энг қийини деб ўйлайман. Шунда биз 2:1 ҳисобида зафар қучгандик. Охирги йилларда “Насаф” кўпроқ устунликка эга бўлаётганди.

Ўзингиз кимга қарши тўп тепганингизда қийинчиликларга дуч келасиз?

- Мен кўп футболчиларга қарши тўқнаш келганман. Бир мавсум бошқаси, кейинги йил яна бошқаси. Олдин “Бунёдкор”да Сардор Рашидовга қарши қийналардим. Бирга қатта бўлганмиз. Битта йиғинда қатнашганмиз. Шунинг учун у билан учрашганимизда интрига бўларди. Ҳозир эса Ўзбекистон чемпионатида мендан яққол устунлик қиладиган ҳужумчи йўқ.

Миллий терма жамоа сафида эса Жанубий Корея терма жамоаси ҳужумчиси Мин Сонга қарши ўйинда анча қийин бўлди. У Англияда бежизга фаолият олиб бормаслигини билганман.

Сон Хиён Миннинг жисмоний тайёргарлиги миллий терма жамоамиз футболчиларидан неча баробар юқори деб ўйлайсиз?

- Ушбу футболчи билан олдин ҳам тўқнаш келган эканмиз. Сон билан ёшимиз тенг. Аммо унинг жисмоний ҳолати анча бақувват. Олдинги Сон Хиён Мин билан ҳозиргисини катта фарқи бор. У ҳозир Жанубий Корея терма жамоасининг юраги десак ҳам бўлади. Рақибнинг барча ҳужумларини айнан Сон бошламоқда.

Даврон ака, сиз Сон билан олдин ҳам ўйнаганмиз дедингиз. Энди айтингчи, нима учун у шу даражага чиқдику, бизнинг футболчилар топ чемпионатларга бора олмаяпти?

- Балки, бизда футбол агентлари яхши эмасдир. Ёки клубларимиз ўйинчиларни четга беришни истамагандир. Ўзимизда ҳам кучли ўйинчилар чиққан. Аммо...

Сизнинг агентингиз борми?

- Йўқ.

Фаолиятингиз давомида Россия ёки шунга ўхшаш мамлакатлардан таклиф бўлганми?

- 2009-2010 йилларда “Рубин”дан таклиф тушган. Аммо улар “Пахтакор” билан келиша олмади. Шунинг учун мен Тошкентда қолдим. Қолаверса, 2013 йили “Краснодар” ҳам қизиққан. Шунда ҳам ҳар икки томон муросага кела олмади...

Шу паллада сиз “Краснодар”га ўтиш истагингиз борлигини билдирмаганмисиз?

- Мен айтганман у ерга боришимни. Аммо ўша пайтда “Краснодар” энди ривожланаётган жамоа эди. Клуб раҳбарлари менга бормасликни тавсия қилишган. Чунки “Краснодар”га борсанг захирада қолиб кетасан. Шунинг учун яна бир муддат “Пахтакор”да қолишимни айтишганди.

Бир неча ой олдин сизга “Локомотив” ва “Бухоро” клуби қизиқаётгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Бу маълумот қанчалик тўғри?

- “Локомотив” Шуҳрат Муҳаммадиевни олишдан олдин мени ўз таркибига қўшиб олмоқчи эди. “Бухоро”дан қизиқиш бўлгани ҳам рост. Аммо клуб билан шартномам бор эди. Шунинг учун кетиш борасида ўйламадим.

Ўз имкониятингиздан келиб чиқиб, қайси чемпионатда тўп тепа оламан деб ўйлайсиз?

- Россия чемпионатида ўзимни синаб кўриш ниятим бор. Мен бунга тайёрман. Айтиб ўтганимдек, бу мамлакатдан яна кўплаб таклифлар бўлган. Менга айтишмаган. Лекин ўзим бу ҳақда билганман.

“Пахтакор” янги ҳомий ва катта лойиҳани ўзида амалга оширмоқда. Ҳозирги ҳолатда “Ростов” сизга таклиф билан чиқса, бунга қандай жавоб берасиз?

- Агар у ердан қизиқиш бўлиб, мени ўз таркибига қўшиб олмоқчи бўлса, мен ижобий жавоб берардим. Чунки бу менинг орзуим.

“Пахтакор”даги ўзгаришлардан олдин клубингизни ўзгартиришни ўйлаб кўрганмисиз?

- Мен 2008 йил “Пахтакор” мактабига келган бўлсам, 2011 йилдан “шерлар” асосий таркибига кирдим. Бу жамоа мен учун қардли. 6-7 ой пул олмай юрган пайтларимиз бўлди. Лекин ўша пайтда ҳам кетиш ҳақида ўйламаганман. “Пахтакор”ни ҳамма яхши кўради. Бу халқ жамоаси.  

Ўз позициянгиз бўйича дунёда энг кучлиси ким деб ҳисоблайсиз?

- Менимча Дани Алвес. Мен унинг ўйинларини кузатиб, ўрганаман. Умуман олганда қанот ҳимоясида ким тўп тепса, унга аҳамият бераман.

Ўзбекистонда сизга қайси футболчи рақобатчи саналади?

- Олий лигада Акмал Шораҳмедов менга рақобатчи ҳисобланади. Кейин Шуҳрат Муҳаммадиев.

Чемпионатимиздаги энг кучли футболчи ва легионер

- Яқиндагина “Ростов”га ўтган Элдор Шомуродов чемпионатимиздаги энг кучли ўйинчи эди. Легионер эса “Насаф” ҳужумчиси Драган Черан.       

Ўзбекистон терма жамоасининг сўнгги пайтлардаги ўйинларнинг биринчи таймини яхши ўтказмоқда. Икки бўлимда эса жисмоний тайёргарлик панд бермоқда. Шунинг учун олдинда турган муҳим баҳслар олдидан бу борада ишлар олиб борилмоқдами?

- Жанубий Корея билан учрашувни ижобий тарзда бошлагандик. Ҳимоядан қарши ҳужумга чиқмоқчи эдик. Ва буни дастлабки бўлимда уддаладик. Аммо иккинчи таймнинг 70-дақиқаларидан рақиблар устунликни қўлга олишди. Тўпсиз югурган футболчи чарчаши аниқ эди. Қолаверса, консентрацияни йўқотдик. Шу боис биз йиғин давомида бу камчиликлар борасида ишламоқдамиз.

Эрон ва Жанубий Корея кучли. Лекин Суриядан учралган мағлубият сабаблари нимада?

- Сурия уй учрашувларини Малайзияда ўтказмоқда. Биз у мамлакатга бир ҳафта олдин учиб кетдик. Иқлими ва майдони жуда оғир. Намлик юқори бўлгани учун футболчилар толиқишди.  Биз Малайзияда ўйин қийин бўлишини билгандик. Чунки Жанубий Корея ҳам Эрон ҳам гол ура олмаган. Яратган вазиятларни голга айлантира олмадик. Улар эса қарши ҳужумда бизни жазолашди. Сўнгги дақиқаларда нималар юз бергани эса барчага аён.

Қолаверса, четда тўп тепадиган футболчиларимизнинг ҳолати ҳам идеаль даражада бўлмади.  Хитойда легионерлар лимити жорий этилган. Натижада Кримецда ўйин амалиёти бўлмагани учун ҳам сабаб бўлди.

Йўқотадиганларимизни йўқотиб бўлдик. Энди Хитой ва Жанубий Корея ҳақида ўйлашимиз керак. Вақт оз қолмоқда. Ушбу жамоаларни ниманинг ҳисобига мағлуб этишимиз мумкин?

- Ҳозир асосийси барчаси ўз қўлимизда. Юқорида айтилган жисмоний камчиликлар борлиги учун хориждан мураббий олиб келинди. Энди бу икки рақибни фақат ҳужумкор ўйнаб мағлубиятга учратиш мумкин. Бунақа имконият ҳали бўлмаган. Ҳудо хоҳласа мазкур беллашувларда зафар қучиб мундиалга тўғридан-тўғри йўлланмани нақд қилмоқчимиз.

Сиз учун Ўзбекистон терма жамоасининг 11 талик оптимал таркиби қандай бўлади?

- Игнатий Нестеров, Акмал Шораҳмедов, Анзур Исмоилов, Егор Кримец, Виталий Денисов, Элдор Шомуродов, Одил Аҳмедов, Фозил Мусаев, Вадим Афонин, Сардор Рашидов, Темурхўжа Абдуҳолиқов.   

Даврон Ҳошимов майдонда қўпол ўйинчи сафатида гавдаланади. Ҳаётда қандай инсон?

- Ҳаётда анча ҳазилкаш инсонман. Кўп танишларим футболда бошқачасан дейишади. Ўйиндаги ҳаракатларимга келсак, майдонга тушганимда азарт туфайли шунақа кўринсам керак. Лекин мен кимгадир жароҳат етказишни ўйламайман. Чунки рақиб ҳам футбол орқасидан оиласини боқади. Тўғри, зўр техникали ҳимоячи эмасман. Аммо вазифамни бажаришга интиламан. Агар бирор футболчига шикаст етказадиган бўлсам кечирим сўрайман. Масалан, бир неча йил олдин Шоҳруҳ Гадоев жароҳат олганди. Ўшанда мен тўпни тепиб юборганимда унинг устига ноқулай йиқилганман, атайлаб эмас. Буни учрашув тасвирларида бир неча бор кўриб чиққанмиз.

Бу йил “Насаф”га қарши ўйиндан сўнг Мақсуд Каримов билан жанжаллашгандингиз. Нима сабабдан баҳс якунланиб чиқиб кетаётганингизда у билан орани очиб қилишга киришиб кетгансиз?

- Мен тўпга оёғимни ташланганимдан кейин у устидан ўтиб кетадиган ҳолатда Мақсуд Каримов жароҳат етказиш мақсадида босиб ўтганди. Жиддий жароҳат олишим мумкин эди. Шунинг учун қатта жаҳлим чиққанди.

Хориждан қайси клубга мухлислик қиласиз?

- “Реал” ўйинларини кузатиб бораман.

Ўзбекистондаги энг яхши стадион ва қайси ўйингоҳ сиз учун қулай?

- “Олмалиқ” майдони енгил. Бу футболчилар учун қулай. Чимлари ва иқлим яхши. У ерда ўзимни эркин ҳис этаман.

Энг оғир стадион эса “Насаф”ники. Чунки қаршидаги ўйингоҳ майдони оғир. Марказий чими табиий. “Пахтакор”ники эса бошқа жойдан олиб келинган. Шароитлар борасида “Бунёдкор”га етакчи. Аммо “Қўқон-1912” ва “Бухоро” стадионининг аҳволи, шароитлари қониқарли даражада эмас.

Қолаверса, иссиқ кунларда ўйинлар вақти анча эртароққа қўйилмоқда. Масалан, Қўқондаги беллашув беш яримда бошланган. Бунақа ҳавода футбол ўйнаш қийин. Лекин шундай бўлса ҳам қулайликлар йўқ стадионга қўқонлик томошабинлар 2 соат олдин бориб, ўйингоҳни тўлдириб ўтиришган. Биз бундан ҳаяжондамиз. Чунки ҳаво ҳарорати анча исси ва ҳали учрашувга анча бор эди. Ишқибозлар тўла стадионда тўп тепиш барибир бошқача завқ беради.

Қайси жамоа мухлислари сизни ҳайратлантиради?

- Наманганнинг “Навбаҳор” ишқибозлари лол қолдирган. Бизнинг “лочинлар”га қарши Тошкентдаги ўйинимизга шу қадар кўп ишқибоз келдики, ҳайрон қилдик. Мен шунда наманганда ўйнаяпмизми ёки Тошкентда ажратолмай қолдим. Жамоадошлар билан биз яна Наманганда ўйнаяпмиз эканда деб ҳазиллашдик.

Тошкентда клублар стадионга мухлисларни қайтариш учун кўп ишлар қилишди. Ютуқли чипта жорий этиб, ғолибга “Дамас” автомобили берилди. Лекин самарасиз якунланди. Сиз бу борада қандай йўл тутардингиз?

- Мана бизда айтиб ўтганингиздек, мухлислар учун ютуқ сифатида “Дамас” автомобили берилди. Лекин... Энди фақат натижа эвазига томошабинларни қайтариш мумкин. ОЧЛда ўзимизни кўрсата олсак, олди-берди ўйинлар йўқ бўлмоқда. Шунга мухлислар ишонса, кейин ўйингоҳларимиз ишқибозлар билан тўлади.  

Даврон Ҳошимов терма жамоанинг мағлубият сабаблари, Арвеладзе фаолиятидаги илк профессионал мураббий ва бошқалар ҳақида