Дилшод Жўраев: Йиғинда қанчалик тайёргарлик кўрганимиз мавсум давомида билинади

 

Бугун Тошкент вилоятининг “Олмалиқ” клуби янги мавсум олдидан таркибга қўшиб олинган футболчиларнинг таништирув маросимини ўтказди. Тадбир "Миран" меҳмонхонасида бўлиб ўтди.

Ушбу таништириш маросимидан сўнг SPORTS.uz мухбири олмалиқликларнинг янги аъзоси Дилшод Жўраев билан сухбатлашди.

Янги жамоадаги илк таассуротларингиз қандай?

- “Олмалиқ” кучли жамоа. Талаб ҳам шунга яраша. Жамоада муҳит ҳам анча яхши. Энди биз шунга яраша ҳаракат қиламиз.

Туркия йиғини чоғида жамоа нималарга эътибор қаратди?

- Бу йил “Олмалиқ” Туркияда йиғин ўтказди. У ердаги барча жараёнлар мураббийларнинг режалари асосида олиб борилди. Туркияда деярли бир ярим ой машғулотлар ўтказдик. Жисмоний жиҳатларга катта эътибор қаратдик. Тўп билан муомала қилиш бўйича ҳам анча ўз устимизда ишладик.  Қолаверса, 9 та назорат ўйинларида майдонга тушдик.

Ушбу йиғин чоғида биз қўлимиздан келганча шуғулландик. Энди бу меҳнатларнинг натижаси мавсум дақомида билинади.

Сиз, “Бунёдкор” сафида бир қанча легионерлар билан тўп тепгансиз. Энди “Олмалиқ”да ҳам шундай имконият туғилди. Айтингчи, жамоага янги келган легионерлар билан бошқа хорижлик ўйинчилари орасида қандай фарқли томонлари бор?

- Барча футболчиларнинг ўзига яраша ўйин услуби бўлади. “Олмалиқ”қа келиб қўшилган легионерлар йиғинларда яхши таассуротлар қолдиришди. Мураббийларимиз уларга ишонишмоқда. “Олмалиқ” жамоасига фойда келтирса биз хурсанд бўламиз. Уларга омад тилаймиз.

Янги мавсумдаги режаларингиз?

- Клуб раҳбарияти томонидан ОЧЛ ва юқори ўринларни эгаллаш вазифаси қўйилган. Шунинг учун иложи борича ушбу маррани забт этишни истаймиз. Бунинг учун қўлдан келганча ҳаракат қиламиз. Бунинг учун ҳар бир ўйинда бир оила бўлиб бирлашишимиз керак. Шунда мақсадимизга етамиз.

Бекзод Исаев суҳбатлашди.     

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!