“Динамо” Навоийда “Қизилқум”га мағлуб бўлди

 

Янги мавсумга тайёргарлик доирасида бугун, 19 январь куни Навоийда маҳаллий «Қизилқум» жамоаси меҳмони бўлган «Динамо» жамоаси назорат учрашувида мағлубиятга учради. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Қайд этиш жоиз, баҳс ўртоқлик ўйини мақомида бўлсада, ҳар икки жамоа ҳам майдонда кескин кураш олиб борди. Илҳом Шарипов сингари, «Қизилқум» бош менежери Ҳамид Актамов ҳам шу куни бир қатор футболчиларни синовдан ўтказди.

Шу куни навоийликлар сафида собиқ «динамочилар»лардан Эркин Бойдуллаев, Илҳом Юнусов, Отабек Зокировни кўриш мумкин эди.

Шиддатли кечган учрашувнинг дастлабки дақиқаларидан майдонда тенгкураш кузатилан бўлсада, ярим соатликдан сўнг мезбонлар тажриба бобида устун эканликларини кўрсатишди. Айниқса, «Қизилқум» майдон марказида Эркин Бойдуллаев, Илҳом Юнусов, Мансур Саидов, Жасур Ҳасанов сингари футболчилари эвазига устунлик ўрнатди. Шунга қарамай, самарқандлик ёшлардан иборат «Динамо» жамоаси тажрибали рақибга муносиб қаршилик кўрсатишга интилди.

Ўйиннинг 30-дақиқасида чап қанотдаги фаол ҳаракатлари эвазига Жасур Ҳасанов ҳисобни очишга эришди, 1:0.

Баҳс давомида қўпол ўйини учун ҳар икки жамоадан – Эркин Бойдуллаев ва Комил Шарофутдиновга қизил карточка кўрсатилган бўлсада, мураббийларнинг қарори билан улар яна тўп суришда давом этишди.

Иккинчи бўлимда Илҳом Шарипов тўлиқ таркибни ўзгартирган бўлсада, мезбонлар бир қатор ўзгаришларга қўл уришди, холос.

Ўйин давомида вакилларимизда ҳам ҳисобни ўзгартириш учун вазиятлар юзага келган бўлсада, бундан фойдалана олишмади. Навоий жамоаси эса иккинчи бўлимда ҳужумчи Азамат Алланиёзовнинг голи эвазига ўйинда 2:0 ҳисобидаги ғалабага эришди.

Эслатиб ўтамиз, «Динамо» бунгача сафарда «Сўғдиёна» (0:0) ва «Машъал» (0:1) билан назорат баҳслари ўтказган эди.

Назорат учрашуви. 19 январь. Навоий.

«ҚИЗИЛҚУМ» - «ДИНАМО» - 2:0

Голлар: Жасур Ҳасанов 30, Азамат Алланиёзов 80.

Ҳакамлар: Рустам Бобомуродов, Руслан Самандаров, Нодиржон Болтаев (барчаси Навоийдан).

«Қизилқум» (1-бўлим): Умид Хонимқулов, Шукурали Пўлатов, Азизбек Усмонов, Файзулло Қамбаров, Акмал Рустамов, Эркин Бойдуллаев, Мансур Саидов, Илҳом Юнусов, Жасур Ҳасанов, Отабек Зокиров, Азамат Алланиёзов.

Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Эркин Жабборов, Ғайрат Жумаев, Самандар Шодмонов, Эсожон Фозилов, Виктор Григорьев, Шерали Жўраев.

«Динамо» (1-бўлим): Рустам Тоштурдиев, Ҳакимхон Аъламхонов, Бунёд Исроилов, Фирдавс Абдусалимов, Миркомил Локаев, Акмал Бозоров, Комил Шарофутдинов, Жасур Азимов, Жасур Қурбонов, Жонибек Кўчимов, Амиржон Сафаров.

«Динамо» (2-бўлим): Шуҳрат Муродов, Нурбек Сафаров, Лазизжон Нуриддинов, Убайдулло Набиев, Омаджон Тайлоқов, Жасур Ашуров (Азимбек Низомов), Тимур Файзуллаев, Ислом Шарипов, Рамиш Бобомирзаев, Асомиддин Маматов, Муҳаммаджон Ражабов.

Четлатишлар: Эркин Бойдуллаев 32 – Комил Шарофутдинов 32.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!