Дониёр Султонбоев: Ғалабаларга бувижоним руҳлантиради

 

Мамлакатимизда истеъдодли спортчилар кўп. Айниқса, яккакураш турлари билан шуғулланадиган полвон йигитларимизнинг шижоати, мардлиги ва маҳоратига гап йўқ. Ана шундай иқтидорли спортчилардан бири Дониёр Султонбоев спорт залига уни етаклаб келган бувисидан бир умрга миннатдор.

SPORTS.uz ахборот портали ёш полвон Дониёр Султонбоев билан суҳбат уюштирди.

- Дониёр, мухлисларга ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз...

- Мен 1995 йилнинг 9 декабрь куни Чирчи шаҳрида туғилганман. Болалигимда бувим мени етаклаб спорт тўгарагига олиб борганлар. Ўшанда олти ёшда эдим. Дзюдо билан шуғуллана бошладим. Бу спорт тури ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланди.

Секин-аста маҳоратим ва тажрибамни ошириб бордим. Кейин тенгқурларим ўртасидаги мусобақаларда иштирок этдим. Натижаларим ўсиб борди. Чирчиқ олимпия захиралари спорт коллежига ўқишга кирдим.

- Спортчи сифатида қандай ютуқларга эришдингиз?

- Мамлакат биринчиликларидаги муваффақиятларим халқаро майдондаги мусобақаларга йўл очди. Шу кунга қадар Осиё кубоги, Европа очиқ кубоги, турли давларда ўтказилган халқаро турнирларда ғолиб ва совриндор бўлдим. Ўзбекистон терма жамоаси сафида Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этилган жаҳон биринчилигида қатнашдим. Жамоамиз бу мусобақада кучли бешликдан жой олди.

- Яна қайси мусобақа сизда катта таассурот қолдирди?

- Қозоғистонда ташкил этилган “Open Cup” мусобақаси ва “Хан Манас” турнири жуда кучли дзюдочиларни жамлади. Бу мусобақаларда мен бронза ва олтин медалга сазовор бўлдим.

- Медалларингизни санаш одатингиз борми?

- Тўғрисини айтсам, бунга иштиёқим йўқ. Ҳозир элликдан зиёд турли даражадаги медалларим бор. Лекин уларни санаб ўтиришга вақт сарфлагим келмайди. Ундан кўра, вақтимни ўз устимда ишлашга сарфлайман ва яна медаллар келаверади.

Шу ўринда ғалабаларимнинг барини бувимга бағишлайман. Чунки улар мени шу спорт турига олиб келганлар ва доимо қўллаб-қувватлаб келганлар. Мен учун қандай яхшилик қилганларини улғайгач англаб етдим.

- Рақибингиз қаршисида қўрқув бўладими?

- Рақибдан қўрққан одам спорт билан шуғулланмайди. Мен дзюдони танлаган эканман ҳарқандай рақиб билан курашишга тайёрман. Пухта ўйланган тактика эвазига ҳар қандай рақибни мағлуб этиш мумкин. Мен ҳам баҳс давомида асосан тактик жиҳатдан устунлик қилишга ҳаракат қиламан.

Олдингиздаги орзулар қандай?

Ҳар бир спортчи юксак натижаларга эришишни орзу қилади. Мен кучли дзюдочи бўлиб етишишим керак. Шунда кўзлаган мақсадим – Олимпия ўйинларида ғолиб бўлишим мумкин. Чунки мен бувим ўз меҳнатлари самарасидан баҳраманд бўлиб, Олимпиада шоҳсупасида турганимни кўришларини орзу қиламан.

Баъзан машғулотларда қаттиқ меҳнат қилганимга қарамай, мағлубиятга учраган кунларим бўлган. Ана ўшанда дзюдо ташлаш даражасига борганман. Бунақа ҳолат бир неча маротаба бўлган. Лекин бувим ва устозларимнинг ўгитлари ва қимматли маслаҳатлари туфайли бундай қийинчиликларни енгиб ўтдим.

Дониёр суҳбат учун раҳмат. Барча орзуларингиз рўёбга чиқишини тилаймиз.

Ушбу суҳатни ташкиллаштиришда SPORTS.uz сайтига инстаграмдаги uzsport_no1 саҳифаси кўмаклашди. 

 

 

 

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!