Драган Черан: Ўзбек футболига савияли легионерлар керак

Олий лиганинг бу йилги мавсуми бошқача бошланди, кучли жамоалар сони ортди, кутилмаган натижалар сони кўпайди. Бир сўз билан айтганда биринчи давра якунига келиб мағлуб бўлмаган жамоанинг ўзи қолмади.

Воқеалар ривожининг бундай тус олишига эса легионерларнинг ўз улуши бор. Тан олиш керак бу мавсумда футболимизга маҳаллий ўйинчиларда бир бош устун легионерлар олиб келинди. Бу эса ўз сўзини айтмай қолмади.

Юртимиздаги легионерлар орасида тезда мухлислар меҳрини қозонган ва энг самарадор ўйин кўрсатаётган хорижлик футболчи бу Қаршининг “Насаф” жамоаси ҳужумчиси Драган Черан бўлиб турибди.

Ўтган мавсум ярмида «аждарлар» сафидаги бўшлиқни тўлдирган сербиялик чарм тўп устаси иккинчи даврада 13 учрашувда майдонга тушган ва рақиблар дарвозасини 12 бор ишғол этган эди.

Биз эса “Насаф”нинг “Металлургга қарши ўйини олдидан клубнинг Тошкент шаҳридаги қароргоҳида бўлиб, Драган билан эксклюзив интервью уюштиришга муваффақ бўлдик.

-Салом Драган, сизга дастлабки саволим қуйидагича, бу йилги мавсум сиз учун қандай ўтмоқда?

Мавсум қизиқарли ўтмоқда деб айта оламан, чунки бу йил Олий Лигада кучсиз жамоалар деярли йўқ. Ҳар бир ўйин қийин кечмоқда. Бу мавсумда ғалаба қозониш осон бўлмаяпти, сабаби барча жамоалар юқори савияда ўйин кўрсатишмоқда.

-Мавсум бошидан буён қайси ўйинни ниҳоят қийин кечди деб айта оласиз?

Бу саволга аниқ жавоб айтишим қийин. Юқорида айтиб ўтганимдек, бу мавсумда барча жамоаларнинг савияси ошган. Шунга қарамай, «Локомотив» ва «Олмалиқ»қа қарши ўйинларни қийин кечди деб айта оламан, умуман олганда очко йўқотган барча ўйинларимиз қийин кечди.

-Сиз Ўзбекистонга келгунингизга қадар Озарбайжонда тўп сургансиз, энди айтингчи, Озарбайжон ва Ўзбек футболи ўртасида қандай тафовут бор? Ўхшашлик борми?

Озарбайжон футболини кучли деб биламан, чунки у ерда кучли легионерлар бор. Бу эса чемпионатнинг даражасини оширади.

-Озарбайжон футболини кучли деяпсиз, лекин сиз ушбу чемпионатда тўпурар бўлгансиз. Ўзбекистонда ҳам буни такрорлаш ниятингиз борми?

Билмадим, балки чемпионат тўпурари бўларман, ҳали мавсум олдинда.

-Ўтган мавсум сизни номинал ҳужумчи сифатида кўрган эдик, аммо бу мавсумни асосан ҳужум ортида ўтказмоқдасиз…

Бу мураббийнинг қарори, аммо менга ҳеч қандай қийинчилик туғдираётгани йўқ, барчаси жойида. Муҳими жамоамизга бу фойда бермоқда.

-Биламизки, “Насаф”га келгунингизга қадар кўплаб клубларда ўйнагансиз, улар орасида қай бирини энг кучли деб биласиз?

Фаолиятимдаги энг кучли жамоа сифатида Македониянинг “Вардар” клубини биламан. Бу жамоа мамлакат чемпионатида ҳам байроқдор ҳисобланади, таркибида жуда кучли футболчилар жамланган.

-Яна Ўзбекистонга қайтамиз… Сиз бу ерда ўзингизни қандай ҳис этмоқдасиз?

Бу ерда ўзимни жуда яхши ҳис этмоқдаман, яхши одамлар, ажойиб жамоа, раҳбарият ҳам футболчилар билан доим яхши муносабатда ва албатта ажойиб мухлислар… Ўзбекистонда барчаси яхши, шахсан менга бу ер ёқади.

-Бу ердаги об-ҳаво ҳақида…

Мен Арабистонда ҳам тўп сурганман, 6 ой, бундай иқлим мен учун янгилик эмас (кулади).

-Сизга Европанинг топ бешталикдаги жамоалардан ҳам таклифлар бўлганми?

Йўқ, демак ҳали бундай даражада ўйнай олмаяпман. Ёшлигимда агар яхшироқ агентим бўлганида ўйнаб кета олар эдим, аммо энди кеч.

-Унда Европани бир четга суриб турамиз. Ўзбекистондаги фаолиятингиз давомида кўплаб шаҳарларда бўлдингиз, айтингчи, қўлингизда бўлса қайси шаҳарда тўп сурган бўлар эдингиз?

Албатта Қаршида! Сабаби бу ердаги барча нарса менга ёқади, яхши база, ажойиб шаҳар ва жонкуяр мухлислар бор. Қаршидаги атмосфера мен учун энг зўри деб айта оламан.

-Мухлислар борасида гапирдингиз, Олий Лигадаги қайси жамоанинг мухлислари кўпроқ?

Мен ҳозирча Самарқандда, Қўқонда, Бухорода тўп сурдим ва стадионларини тўлиб тошганига гувоҳ бўлдим. Шунингдек, Наманганда ҳам стадион мухлислар билан тўлиши ҳақида эшитдим. Стадионлари ҳам ажойиб, лекин стадион борасида «Бунёдкор» илғор, бу жамоа ажойиб стадионга эга, аммо мухлислар жуда кам. Ҳатто “Насаф” «Бунёдкор»га қарши ўйнаганда қаршилик мухлислар кўчиликни ташкил этишади…

-Майдонга чиққанингизда трибунадаги босим сизга қандай таъсир қилади?

Баъзи футболчиларга босим ёқади, баъзилари эса бундай вазиятда довдирайди. Шахсан менга босимнинг умуман аҳамияти йўқ, бор эътиборимни ўз ўйинимга қаратаман. Кимдир бақиради, кимдир ҳақоратлайди… Бу футболнинг ажралмас бўлаги. Сиз уларга эътибор қилсангиз футболни ким ўйнайди?!

-Ҳар йили Сербиядан Ўзбекистонга ўнлаб легионерлар келишади, аммо уларнинг барчаси ҳам аввалги жамоаларида кўрсатган ўйинларини кўрсата олмайди. Буни сабабини сиз қандай изоҳлайсиз?

Тўғрисини айтсам, буни сабабини билмайман. Балки иқлим ноқулай бўлиши мумкин ёки жамоада ўйинини топа олмаяпти. Шахсан менда бундай муаммо бўлмади, чунки, аввал Озарбайжон чемпионатида ўйнаганман. Уларда ҳамма нарса Ўзбекистондаги билан деярли ўхшаш, иқлим, дунёқараш ва яна баъзи нарсалар. Шу сабабдан “Насаф”га тез мослашиб кетдим.

-Аввалроқ, жамоадошингиз Санжар Қувватов билан суҳбатлашганимизда у Олий Лигадаги энг яхши футболчи сифатида сизни кўрсатган эди, хўш сизнингча энг яхши футболчи ким?

Азиз Ғаниев! Ёш ва истеъдодли футболчи. Ўз устида кўп ишлайди, майдонда ҳам ўзини эркин ҳис этган ҳолда ҳаракат қилади қилади. Шунинг учун мен уни Олий Лигадаги энг зўр футболчи деб биламан.

-“Насаф” бу мавсумни кўтаринки кайфиятда бошлади, Осиё Чемпионлар лигаси ўтиш ўйинида йирик ҳисобдаги ғалаба… Аммо Плей-оффда кутилмаганда сафарда мағлуб бўлди. Сизнинг жамоага ўша ўйинда нима етишмаган эди?

Албатта, дастлабки учрашувни ажойиб ўтказдик, йирик ҳисобда ғалаба қозондик. Аммо плей-оффда “Ал-Ҳидд”га нисбатан кучлироқ рақибга тўқнаш келдик. Сафарда ўйнаган бўлишимизга қарамай анча яхши ўйин кўрсатганмиз, вазиятлар яратганмиз, бироқ, ўйиндаги ягона хато учрашув тақдирини ҳал этган.

-Сиз “Насаф”га ўтган мавсум ярмида келиб қўшилдингиз ва 13 ўйинда 12 бор рақиблар дарвозасини ишғол этдингиз, аммо бу мавсумда сал камроқ бўлди?

Биринчи келганимда рақиблар мени билишмас эди, шу сабабдан кўпроқ гол урганман, қолаверса худбин эмасман, ким гол урса ҳам “Насаф” ғалаба қозонса бўлди. Шу важдан ўзим қулай вазиятда бўлсамда, янада қулайроқ турган жамоадошимга тўпни узатаман, бу эса гол бўлиш эҳтимолини янада оширади.

Мухлис саволи: Нега айнан Ўзбекистонни танлагансиз, бошқа яхшироқ таклифлар ҳам бўлганми?

Тўғрисини айтсам ҳеч қандай таклиф бўлмаган эди ўшанда, жамоасиз юрганимда агентим менга Ўзбекистондан таклиф борлигини айтди ва мен буни бажонидил қабул қилдим. Чунки бу мамлакат футболи ҳақида кўп нарсани билар эдим, масалан Ривалдо ва Сколариларнинг «Бунёдкор»даги фаолияти билан яхши таниш эдим.

-Сербия футболидаги кумирингиз ким?

Сербия футболидаги кумирим бу- Панчев! Дарко Панчевни эсласангиз керак, у мамлакат тарихидаги энг яхши ҳужумчилардан бўлган. Бугунги кундаги мен ҳавас қиладиган футболчи эса Неманя Матич! Уни яхши танийсиз…

-Навбатдаги саволим яна фаолиятингиз ҳақида бўлади. Миллий терма жамоадан чақирув олганмисиз?

Ҳа шундай деса ҳам бўлади, фақат 21 ёшгача бўлган терма жамоада тўп сурганман…

-Бутун фаолиятингизда киритган энг чиройли голингизни эслай оласизми?

Мен учун энг чиройли голим, бу “Насаф” таркибида “Ал Ҳидд”га қарши ўйинда киритган гол. Ҳар ҳолда менга шуниси кўпроқ ёққан.

-Сизнинг Ўзбекистондаги асосий сўзлашув тилингиз қайси?

Ўзи инглиз тили менга қулай, лекин бу ерда ҳамма ҳам буни тушунмайди. Шу сабабдан рус тилида гапиришга ҳаракат қиламан ким тушунса тушунди :) Лекин рус тилида деярли қийналмайман, баъзи сўзлари, умуман ўзи ҳам серб тилига анча яқин.

-Ўзбек миллий таомлар ҳақида нималар дея оласиз, қайси таомимиз сизга манзур бўлмоқда?

Палов!!! Жуда ёқади шу! Яна сомса, тандир ва номини билмайдиган баъзи таомларингиз ҳам жуда ёқади.

-Драган, сизга мазмунли суҳбат учун миннатдорчилик билдирамиз ва сизга ҳамда “Насаф”га омад ва зафарлар тилаб қоламиз

Рахмат, сизга ҳам омад тилайман!

Азамат Умаров суҳбатлашди

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!