Дунёдаги энг “ақлли” стадион ҳақида биласизми?

18 март, 13:34 1138

Дунёдаги энг “ақлли” стадион ҳақида биласизми?

Levi’s Stadium 2014 йилда АҚШнинг Калифорния штатида қурилган. Ушбу арена Миллий Футбол Лигаси иштирокчиси “Сан-Франциско Форти Найнерс” жамоасининг уй стадиони ҳисобланади. Ушбу арена NFL ўйинларидан ташқари, Beyonceнинг концертлари, рестлинг мусобақалари, футбол бўйича клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ва ҳатто хоккей учрашувларини ҳам ўзида қабул қилади. Аммо биринчи навбатда ушбу стадион ўзининг юқори даражадаги қулайликларга эга эканлиги билан ҳам машҳурдир.

Шу ўринда Levi’s Stadiumни дунёдаги энг замонавий стадионлардан бири сифатида ҳам таърифлаш мумкин. Нима учун дейсизми? Қуйида унинг сабабларини келтириб ўтамиз.

Юқори тезликдаги Wi-Fi

10 терабайт интернет. Ўтган мавсумда Super Bowl финалида Levi’s Stadiumда wi-fi орқали айнан мана шунча интернет тарқатилган. Таққослаш учун, 10 терабайт – бу деярли 6000 соат  HD форматдаги видеони томоша қилиш учун етарли  ҳажмдаги интернет деганидир.

Арена тўла равишда ҳар 100 ўриндиққа ўрнатилган 70000 кишига мўлжалланган юқори тезликдаги узилишсиз интернет ва wi-fi роутер билан таъминланган.

Калифорнияда жойлашган стадион интернет тизими билан таъминланган дунёдаги энг биринчи ареналардан бири ҳисобланади.   Бугунги кунда бу турдаги стадионлар бутун АҚШда 29 тани ташкил этади. Бу эса қўшма штатлардаги стадионларнинг мухлислар билан тўлиб тошиши учун энг асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

Мобил хизматлар

Ушбу стадионда сифатли мобил интернет билан биргаликда электрон савдо ҳам йўлга қўйилган.  Ҳар бир ишқибоз стадион учун мўлжалланган илова орқали олдиндан билет харид қилиши, егулик ёки бирон ичимликни олдиндан харид қилиши мумкин.

Ушбу илова хоҳ ўйин аввалидан бўлсин, хоҳ ўйин вақти ва хоҳ ўйиндан кейин бўлсин кун давомида мухлислар учун барча қулайликларни яратиб беришга хизмат қилади. Хусусан, ўйин олдидан истаган киши уйда турган ҳолда, бирор егуликка буюртма бериши, унинг ҳақини тўлаши ва кейинчалик эса махсус жойдан олиб кетиши мумкин. Бу каби қулайликлар турли даражадаги навбат кутишлар, нақд пул муаммоси ва стадиондаги бошқа шу каби анъанавий асаббузарликларнинг олдини олади.

Бундан ташқари, стадионга киришда илова машинангизни қаерга жойлаштиришингиз ва у сизга керакли сектордан қанча масофа узоқликда эканлигини ҳам аниқлаб беради.

Стадионнинг ўзида эса ўрнингиздан қўзғалмаган ҳолда, деярли барча ишни қилишингиз мумкин: егулик буюртма қилишингиз (уни сизнинг ўрнингизга келтириб беришади), исталган вазиятни қайтадан томоша қилишингиз шу билан биргаликда ўзингиз истаган статистик маълумотни олишингиз ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатишингиз мумкин.  

Байроқчалар

Стадиондаги навигациялар аренанинг барча бурчакларига ўрнатилган beacon байроқчалари билан таъминланган. Ушбу байроқчалар ишқибозларга ҳаракатланишда барча қулайликларни тақдим этади. Бу бошқа томондан ташриф буюрувчиларнинг хулқ-атворини тушуниш ва уларнинг стадион бўйлаб ҳаракати, нимага кўпроқ ва аксинча, нималарга камроқ вақт сарфлаётганликларини тушуниб олишга имкон беради.

Ушбу маълумотлар эса стадионда хизматлар сифатини оширишдан тортиб, индивидуаллаштирилган макетинггача бўлган жуда кўп мақсадларда қўлланилади.

Big Data даври

Кўпчилик стадионларда бўлгани каби Levi’s Stadiumда ҳам CRM хизмати йўлга қўйилган. Ушбу хизмат орқали ҳар бир ташриф буюрган мухлисга тегишли бўлган фейсбукдаги “лайк”лардан тортиб, билет ёки егулик буюртмасигача бўлган турли маълумотлар жамланади.

Натижада эса клуб ўз мухлислари тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлган ҳолда, аудиториясини кенгайтириб, сотувлар ҳажмини ошириб боради.

Қуёш батареялари

Levi’s Stadiumда сарфланаётган энергиянинг катта қисми, арена “яшил” пешайвонларига том шаклида ўрнатилган қуёш батареялари ҳисобига қопланади.

Бу нима учун керак?

Ушбу янгиликлар шунчаки юқори даражадаги технологияларни кўз-кўз қилиш учун қилиняпти деганлар бироз адашишади. ESPN нашрининг ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб борувчи сўровномалари натижасига кўра, кўпчилик мухлислар ўйинларни қулай интернетга эга бўлган ҳолда, телевизор олдида кузатишни афзал билишар экан.

“Ақлли” стадионлар эса мана шу борада ҳам телевизион трансляциялар билан муваффақиятли равишда рақобатлашмоқда.

Қўшимча маълумот сифатида

Levi’s Stadium 2012 йил апрель ойидан 2014 йилнинг июль ойига қадар қурилган бўлиб, ушбу стадионга Magnusson Klemencic Associates компанияси эгалик қилади. Стадион лойиҳаси муаллифи эса Hatheway Consulting LLC компанияси ҳисобланади. Умумий қиймати 1,3 миллиард долларни ташкил этувчи стадион архитектори HNTB бўлиб, Turner Construction компанияси томонида қурилган. Дастлаб, 68500 мухлис учун мўлжалланган арена ўриндиқлари кейинчалик 75000 га қадар ошрилган бўлсада, ушбу стадионга ташриф бюрувчи мухлислар сони 69732 тани ташкил этиб турибди.

Баҳодир Ҳасанов тайёрлади