Дунёни лол қолдираётган Хитой жамоалари ҳақида нималарни биласиз?
12 Январ 11:15 | 935


Бугунги кунда деярли ҳар куни қайсидир машҳур футболчига Хитойдан қизиқиш бўлаётгани ҳақида ўқимоқдамиз, кўрмоқдамиз ёки эшитмоқдамиз. Хўш, Хитой чемпионатидаги жамоалар ва улардаги “юлдузлар” билан танишиб қўйсак, зарар қилмаса керак.

Аввал Хитой Суперлигасидаги жамоалар ва уларнинг номланишларини икки хил вариантда тақдим этамиз.

1. GUANGZHOU EVERGRANDE TAOBAO (Гуанчжоу Эвергранд)
2. JIANGSU SUNING (Цзянсу Сунинг)
3. SHANGHAI SIPG (Шанхай СИПГ)
4. SHANGHAI GREENLAND SHENHUA (Шанхай Шеньхуа)
5. BEIJING GUOAN (Бэйжин Гуоань)
6. GUANGZHOU R&F (Гуанчжоу Фули)
7. HEBEI CHINA FORTUNE (Хэйбэй Чайна)
8. CHONGQING LIFAN (Чонжинг Лифан)
9. YANBIAN FUNDE (Яньбань)
10. TIANJIN TEDA (Чунцинь Теда)
11. LIAONING FC (Ляонин)
12. CHANGCHUN YATAI (Чанчун Ятай)
13. HENAN JIANYE (Хенан)
14. SHANDONG LUNENG TAISHAN (Шандунг Луненг)
15. TIANJIN QUANJIAN (Тянчзинь)
16. GUIZHOU HENGFENG ZHICHENG (Гуйчжоу Чжичэн)

Ушбу жамоалар ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун Германиянинг машҳур “transfermarkt” сайтига мурожаат этдик. Зеро, мазкур портал орқали биз Хитой жамоалари ва уларнинг таркиблари нархини билиб олишимиз мумкин. Қуйида ана шу портал маълумотларига асосан ўзига хос рейтинг тузиб чиқдик.

Мазкур сайт маълумотларига кўра, Суперлиганинг энг арзон жамоаси “Хенан” клуби экан. Ушбу жамоа таркибида бизга таниш бўлган бирорта футболчини учратмадик. Лақаби “қизил иблислар” бўлган жамоанинг нархи 4.2 млн еврога тенг экан.

Ундан кейинги поғонада эса “Яньбань” клуби бормоқда. Ўтган мавсум чемпионатни 9-ўринда якунлаган жамоа таркиби 4.45 млн еврога баҳоланган.

“Ляонин” жамоаси таркиби 6.7 млн евро турар экан. Лақаби “шимоли-шарқ йўлбарслари” бўлган жамоа таркибида тўп сурувчи легионерлар асосан африкалик эканини кузатиш мумкин. Айтганча “Forbes” нашри 2014 йил “Ляонин”ни 67 млн АҚШ долларига баҳолаган.

Чанчун Ятай” жамоаси ҳақида эса юртдошларимиз яхши маълумотга эга. Анзур Исмоилов тўп тепадиган мазкур жамоада бир пайтлар яна бир ҳамюртимиз Владимир Шишелов ҳам ўйнаган. Бугунги кунда ятайликлар таркибида Исмоиловдан ташқари хорватиялик легионерлар ҳам фаолият юритсада, жамоа таркиби 7.15 млн ервога баҳоланган, холос.

Гуйчжоу Чжичэн” клуби энди Суперлигага чиққан бўлсада, ушбу жамоа таркиби 7.33 млн евро турар экан.

Чонжинг Лифан” эса 10 млн евродан ортиққа, аниқроғи 10.38 млн еврога бахоланган, бироқ ўтган мавсумни 8-ўринда якунлаган жамоа таркибида ҳам юлдузлар йўқ.

Чунцинь Теда”нинг таркибидаги футболчилар жами 12.45 млн евро туради. Лақаби “Чунцинь йўлбарслари” бўлган жамоада ўз вақтида Зайниддин Тожиев тўп сурганини эслатиб ўтиш жоиз.

Гуаньчжоу Фули” – 15.15 млн евро.

“Бэйжинь Гуоань” – 20.08 млн евро. Нарҳи 20 млн евродан ортиқ бўлган илк жамоа бу Игор Сергеевнинг собиқ жамоасидир. Терма жамоамизнинг биринчи рақамли ҳужумчиси билан ўтган мавсум Бурак Йылмаз, Ренато Аугусто сингари машхур футболчилар тўп суришган эди. Бундан ташқари Егор Кримецни ҳам унутмаслик керак.

“Хэйбэй Чайна” – 25.15 млн евро. Хитойнинг энг ёш жамоаларидан саналувчи “самба қироллари” (жамоа лақаби, муаллиф) таркибида бир қатор машҳур номларни учратиш мумкин: Стефан Мбиа, Жервиньо, Лавесси, Гаэль Какута ва ҳ.к. Бундан ташқари “Манчестер Сити”нинг собиқ бош мураббийи – Мануэль Пеллегрини ҳам айни вақтда “Хэйбэй”ни бошқармоқда.

“Тянчзинь” – 27.63 млн евро. Аксель Витсель “Ювентус”ни ташлаб, айнан Фабио Каннаваро бошқарувидаги жамоани танлади. Ташкил топганига эндигина 11 йил тўлган жамоада “Шахтёр”нинг собиқ футболчиси – Жадсон ҳам тўп тепади.

“Шандунг Луненг” – 31.88 млн евро. Ёдингизда бўлса, бундан бир муддат илгари Одил Аҳмедовни ушбу жамоа билан “боғлашган” эдилар. Шу боис ўзбекистонлик чарм тўп ихлосмандлари бу клубда Грациано Пелле, Жусилей ҳамда Папис Сиссе тўп суриши ҳақида билиб олган эдилар.

“Шанхай Шеньхуа” – 38.98 млн евро. Карлос Тевесни жаҳондаги энг кўп маош олувчи футболчига айлантирган мазкур клубда Фредди Гуарин ҳам ўйнаб келади. Бундан ташқари ўз вақтида Дидье Дрогба ҳамда Николя Анелька сингари машҳур футболчилар ҳам “Шанхай Шеньхуа”да ўйнаб кетишган.

“Цзянсу Сунинг” – 45.7 млн евро. Ўтган мавсум мамлакат вице-чемпиони бўлган жамоанинг 20% аксиясига “Alibaba” эгалик қилади. Шунингдек, бу жамоада бразилиялик трио: Жо-Алекс Тейшейра-Рамирес тўп суриб келишмоқда.

“Гуанчжоу Эвергранд” – 48.08 млн евро. “Аlibaba” компаниясининг улуши бўлган яна бир жамоа. Луис Фелипе Сколари бошлиқ “Эвергранд” Хитой, қолаверса, Осиё футболида ўз ўрнига эга клуб саналади. Бугунда “Бунёдкор”нинг собиқ мураббийи қўл остида Паулиньо ҳамда Жексон Мартинес каби машҳурлар шуғулланиб келишмоқда.

“Шанхай СИПГ” – 78.78 млн евро. Хитойнинг энг қимматбаҳо таркиби айнан Одил Ахмедовнинг янги жамоасидадир. Андре Виллаш-Боаш бошқарувидаги “СИПГ”да Одилдан ташқари Халк ва Оскар сингари юлдузлар ҳам фаолият юритишмоқда.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Ўхшаш янгиликлар

Sports.uz 2016 ©
ЎзМАА интернет-ОАВ лицензияси рақами: №1002