Душанбедан дараклар. Ёшларимиз бугун Шри-Ланка вакилларини «назоратдан» ўтказишади

Душанбе: Бугун Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси U-19 Осиё чемпионати саралаш босқичидаги ўз иштирокини бошлайди. Саралаш баҳсларининг илк учрашувида улар Шри-Ланка вакиллари билан куч синашади.

"Помир" стадионида бўлиб ўтадиган ушбу ўйин маҳаллий вақт билан соат 12:00да старт олади. Бу пайтга келганда, Душанбедаги ҳаво ҳарорати 28-30 градусни ташкил этиши кутилмоқда. Бу Ўзбекистонда қайд этилаётган об-ҳаво билан деярли бир хил. Шунингдек, ҳаво намлиги ҳам фарқ қилмайди, 17%. Бироқ ҳаво намлиги ўта юқори бўлган минтақадан ташриф буюрган шри-ланкаликларга бу ердаги об-ҳаво бироз муаммо туғдирмоқда.

Футболчиларимиз ушбу учрашувга қандай тайёргарлик кўришмоқда?

Эътиборли жиҳати, бугунги ўйинни бошқариб борадиган ҳакамлар номи ҳали бизга маълум қилинмади. "Помир" стадиони ҳақида маълумот берадиган бўлсак, майдон ярим табиий ва ярим сунъий майса билан қопланган. Тожикистон миллий терма жамоаси ҳамда Душанбенинг “Истиқлол” клуби 24 минг ўринга мўлжалланган ушбу стадиондан фойдаланиб келмоқда. Расмий тарзда “Республика Марказий стадиони” дея юритилиб келаётган ушбу мажмуа сўнги маротаба бундан 7 йил аввал қайта реконструкция қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Шри-Ланка вакиллари 1-тур (31 октабрь) баҳсида Малдив ороллари билан куч синашди. Учрашувнинг сўнги дақиқаларида киритилган гол уларни мағлубиятдан қутқариб қолди ва ўйин 2-2 ҳисоби билан ўз якунига етди.

U-19 Осиё чемпионати саралаш босқичи

2 ноябрь, 2-тур

"Помир" стадиони, Душанбе

12:00. Шри Ланка - Ўзбекистон

Ёқубжон Сохибов

Душанбе, Тожикистон

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!