Дзюдочиларимизнинг катта устози таваллуд кунини нишонламоқда

13 апрель,2017, 20:17 565

Дзюдочиларимизнинг катта устози таваллуд кунини нишонламоқда

 

Ўзбекистоннинг энг машҳур дзюдо усталарига ушбу олимпия спорт турининг сир-асрорларини пухта ўргатган машҳур мураббий Рустам Тўраев айни пайтда таваллуд айёмини нишонламоқда.

Олот дзюдо мактаби асосчиси, деб тан олинган Рустам ака фаолияти давомида кўплаб шогирдларни тарбиялади. Рустам Тўраевнинг "қўлидан ўтган" дзюдо усталари спортчи сифатида маҳоратли бўлибгина қолмай, юксак маънавиятли, тарбияли ва камтарин полвонлар бўлиб етишди.

Рустам Тўраевнинг ўғли ва шогирди Фарҳод Тўраев мустақил Ўзбекистон дзюдоси тарихидан жой олди. 1999 йили Англиянинг Бирменгем шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаган бу спортчимиз жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилган биринчи дзюдочидир.

Рустам Тўраевнинг энг машҳур шогирди Ришод Собиров ҳисобланади. Бу полвонимиз дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинларида уч маротаба бронза медаль совриндори бўлган.

Шунингдек, Рустам ака тарбиялаган чемпионлар орасида Камол Муродов ва Рамзиддин Саидов ҳам дзюдочи, ҳам курашчи сифатида юксак ютуқларни қўлга киритган.

Рустам Тўраевнинг машаққатли меҳнатлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан юқори баҳоланган. Бу мутахассис Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий унвони ва "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирланган.

Рустам Тўраев ҳозир ҳам Бухоро вилояти Олот туманидаги дзюдога ихтисослашган олимпия захиралари мактаб-интернатини муваффақиятли бошқариб, Ўзбекистон терма жамоалари учун юқори савияли дзюдочиларни етиштириб бермоқда.

SPORTS.uz портали спорт мухлислари номидан Рустам Тўраевга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, машаққатли ишида муваффақият тилайди.

SPORTS.uz