ЕЧЛ: Туғилган кунида “дубль” қилганлар

Кеча ЕЧЛ 1/8 финали дастлабки беллашувида “Барселона” Парижда “ПСЖ” меҳмони бўлди ва 4:0 ҳисобида мағлубийтга учради. Кеча ўз туғилган кунини нишонлаётган икки “парижлик” йигитлар – Эдинсон Кавани хамда Анхель Ди Мариялар ўзлари туғилган кунларига муносиб совға тайёрладилар. Кавани парижликларнинг сўнгги голига муаллифлик қилган бўлса, аргентиналик футболчи “дубль”га эришди. Биз ҳам шу муносабат билан худди Ди Мария сингари туғилган кунида ЕЧЛда “дубль” қайд этган футболчилар билан сизларни таништирамиз.

Георгий Деметрадзе(Грузия) – “Динамо Киев”

Грузиялик ҳужумчи Киевда бир мавсум тўп сурган бўлсада, ўзига хос натижалар қайд этишга улгурган дейиш мумкин. Гап шундаки Георгий 1976 йилнинг 26 сентябрида таваллуд топган. Орадан 24 йил ўтиб, 2000 йилнинг айни 26 сентябрида Деметрадзе ЕЧЛ гуруҳ босқичида Бельгиянинг “Андерлехт” жамоаси дарвозасига иккита тўп киритишга муваффақ бўлади ва ЕЧЛ тарихида туғилган кунида “дубль” қилган илк футболчи бўлади. Умуман ўша куни “Динамо” бельгияликлар дарвозасини 4 бор аниқ нишонга олади. Эътиборлиси, голлардан бирига ҳамюртимиз Максим Шацких муаллифлик қилган эди.

Улье-Гуннар Сульшер(Норвегия) – “Манчестер Юнайтед”

Норвегиялик машхур футболчи 1973 йилнинг 26 февралида туғилган. Сульшер 26 баҳорини қаршилаётган куни “МЮ”ни ЕЧЛ доирасида “Нант”га қарши ўйиб кутиб турган эди. У шу куни “канарейкалар” дарвозасига иккита тўп киритишга муваффақ бўлади. Умуман мазкур ўйинда ҳисобни француз клуби очган бўлсада, Фергюсон шогирдлари ўзига хос “cоme back” қилишган ва шу “come back”га норвегиялик тўпурар ҳам ўз хиссасини қўшган эди.

Дадо Пршо(Хорватия) – “Монако”

Асл касби автомеханик бўлган Пршо 1974 йилнинг 5 ноябр санасида дунёга келган. Хорватиялик собиқ ҳужумчи ўзининг 29 ёшга тўлган кунини “покер” билан нишонлаган эди. Айтишга-ку осон, аммо ЕЧЛда “покер” қайд этиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бу ходиса 2003 йилнинг 5 ноябрида “Депортиво”га қарши ўйинда содир бўлган эди. 8:3(!) ҳисобида ниҳоясига етган ўйинда “Монако”нинг қўли баланд келади ва князлик клуби киритган 8 голнинг 4 таси Пршога тегишли эди. “Монако” ўша мавсум якунда финалга қадар етиб боргани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак.

Жулио Баптиста(Бразилия) – “Рома”

2008 йил “Реал”дан 9 млн еврога харид қилинган Баптиста 1981 йил 1 октябр куни таваллуд топган. 2008 йилнинг айнан 1 октябр куни римликлар “Бордо” меҳмони бўлади. Биринчи бўлимни мағлубият билан тугатган “Рома” иккинчи бўлимда 3 та тўп киритишнинг уддасидан чиқади. Эътиборлиси, ушбу голларнинг иккитаси шу куни 27 ёшини қарши олган Жулио Баптиста киритган эди.

Рахим Стерлинг(Англия) – “Манчестер Сити”

Стерлинг 1994 йилнинг 8 декабрида дунёга келган. Ўтган йилги мавсумда “Манчестер Сити” сафига келиб қўшилган Рахим айнан ўтган мавсум гуруҳ босқичи 5-турида Мюнхенгладбахнинг “Боруссия” клубига қарши ўйинда “дубль”га эришади.  Қизиғи, Стерлинг жамоа 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраб турган вақтда 80 ва 81 дақиқаларда кетма-кет иккита тўп киритиб, натижани 180 даражага ўзгартириб юборган эди. Айтганча 85 дақиқада Вильфред Бони ҳам “шаҳарликлар’ сафидаги кам сонлй голларидан бирини киритиган эди.

Анхель Ди Мария(Аргентина) – “ПСЖ”

Кеча Ди Мария роса 29 ёшга тўлди. Аргентинанинг Росарио шаҳрида таввалуд топган Анхель кеча майдонда 61 дақиқа ҳаракат қилиб, ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлди. Тан олиш керак, Ди Мария кеча майдонда эркин ҳаракатланди ва чиройли ўйнади. У томонидан киритилган ҳар иккала гол ҳам ҳар қандай хит-параддан ўрин олса ажаб эмас.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!