Енгилмас боксчимиз Қудратилло эртага Манючининг камари учун рингга чиқади

24 март,2017, 21:21 766

Енгилмас боксчимиз Қудратилло эртага Манючининг камари учун рингга чиқади

 

Эртага Сингапурдаги "OCBC Arena" спорт мажмуасида ташкил этиладиган профессионал бокс кечасида енгилмас нокаутчи - Қудратилло Абдуқаҳҳоров (10-0-0, 7 КО) фаолиятларидаги энг муҳим учрашувни ўтказади.

Ушбу профессионал бокс кечасининг асосий жангида Қудратилло Абдуқаҳҳоров зимбабвелик Африка чемпиони Чарльз Манючига қарши рингга кўтарилади.

12 раундлик қилиб белгиланган бўлажак жангда Қудратилло Абдуқаҳҳоров Чарльз Манючи эгаллаб турган WBC Silver – кумуш камарига даъвогарлик қилади.

Профессионал боксчилик фаолиятини 2015 йилдан бошланган ҳамюртимиз шу кунгача ўнта жангнинг барчасида муваффақият қозонган. Қудратилло профессионал боксдаги илк совринини 2016 йили 5 март куни Тошкентда Ўзбекистон чемпионлиги учун ўтказилган учрашувда қўлга киритди.

Ўн раундлик ўша жангнинг учинчи раундида Ислом Мираҳмедовни соф нокаутга учратган Қудратилло Ўзбекистон чемпиони, деб тан олинди.

Ўз юртида дастлабки совринни ютган Қудратилло халқаро майдонга қадам қўйди. Ўтган йилнинг 23 июлида Сингапурда ташкил этилган чемпионлик жангида 12 раунд бокс тушган ҳамюртимиз филиппинлик Адонес Кабалкуинтони очколар ҳисобида енгиб, WBC йўналиши бўйича Осиё кумуш камарига эга бўлди.

Мана энди Қудратилло жаҳон миқёсидаги камар учун жанг қилади.

Қудратиллонинг рақиби Чарльз Манючи 2009 йилдан буён профессионал рингда олиб бормоқда. Бу боксчи етти йилдан буён мағлубият нималигини билмай келяпти. 20 та жангда ғалабага эришган. У ҳозир эгаллаб турган WBC Silver – кумуш камарини ўтган йили Россияда ташкил этилган жангда енгилмас боксчи Димитрий Михайленкодан тортиб олган. Бундан ташқари, Манючи WBC йўналиши бўйича халқаро чемпионлик камари соҳиби ва Африка чемпиони ҳамдир.

Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг мураббийи Илгар Алиев бўлажак рақибнинг ўта кучли боксчи дея таъкидлади. Бундан ташқари, айрим мутахассис Манючини ўта айёр боксчи эканини айтмоқда. У рингда ҳакамдан яширин тарзда рақибининг белбоғидан пастига зарба бериши билан ном қозонган.

Хуллас, эртага бокс мухлисларини кескин ва муросасиз курашларга бой жанг кутмоқда. SPORTS.uz ахборот портали бокс мухлислари номидан Қудратиллога ғалаба ва омад тилайди!

 

 

SPORTS.uz