Енгилмас боксчимиз Қудратилло нокаутчи акаси Азизбекка сюрприз қилди
6 март, 00:05 | 937
 

Спорт қизиқ соҳа. Айниқса, спортчиларнинг ҳатти-ҳаракатини кузата туриб шунга амин бўламиз. Енгилмас ва нокаутчи боксчиларимиз Қудратилло Абдуқаҳҳоров ва Азизбек Абдуғофуровнинг профессионал рингда рақибларини аёвсиз нокаутга учратаётганини кўриб, оддий ҳаётда бу икки дўстнинг жуда соддадил, очиқ кўнгил, камтар ва камсуқум  йигитлар эканига одамнинг ишонгиси келмайди.

Бу икки боксчи фаолиятини имкон қадар ёритиб бораётган SPORTS.uz ахборот порталига Филиппиндан мурожаат бўлди. Қўнғироқ қилган Қудратилло Абдуқаҳҳоров экан. Суҳбатимиз қизиқ нуқтага бориб тақалди.

- Ассалому алейкум, сизларга Филиппиндан қўнғироқ қиляпман, - деди Қудратилло.

- Ие, Қудратилло у ерларда нима қиляпсизлар?

- Биз бу ерда ўқув-машғулот йиғинини ўтаяпмиз. 25 март куни мен ва Азизбек Абдуғофуров муҳим жангда қатнашамиз. Устозимиз Илгар Алиев бошчилигида бўлажак беллашувларга тайёрланяпмиз.

- Тайёргарлик қандай бўляпти?

- Ўқув-машғулот йиғинини ўзимиз кўниккан шаклда ўтаяпмиз. Қисқа ва узоқ масофаларга югуриш, жисмоний тарбия машқлари, тренажёр залда шуғулланиш ва спарринг жангларида қатнашяпмиз. Тайёргарлик режа бўйича ўтяпти.

Шу ўринда Қудратилло ийманибгина бир илтимоси борлигини айтиб қолди.

- 6 март куни Азизбек акамни туғилган куни, - дейди Қудратилло Абдуқаҳҳоров. - Шунинг учун акамни SPORTS.uz сайти орқали табриклаб бир сюрприз қилай дедим. Шунга сизлар билан боғлангандим.

- Тўғриси биз ҳам Азизбекнинг туғилган куни муносабати билан табриклаш ҳаракатида эдик. Зўр фикр бўлди. Бирга табриклаймиз. Айтингчи, ака-укачиликларинг қандай бошланган?

- Биз иккимиз ҳам Андижоннинг Қўрғонтепа туманиданмиз. Лекин бокс залида танишганмиз. Анча муддат ҳаваскор боксда фаолият кўрсатдик. Азизбек акам мендан бир ёш катта. Улардан кўп нарса ўрганганман. Ҳамон кўп жиҳатдан акамга ҳавас қиламан.

Азизбек Абдуғофуров кўнгли ва қўли очиқ инсон. Шу пайтгача бировни ҳафа қилмаган, ҳеч кимдан ёрдамини аямаган. Мени ҳалигача қўллаб келади.

Боксчи сифатида эса ўта иқтидорли ва салоҳияти катта спортчи. Қурқмасдан тажрибали рақибларга қарши рингга чиқмоқда ва уларни нокаут қиляпти. Шижоатига гап йўқ. Машғулотларда тўлиқ куч билан ишлайди. Қанчалик кучли боксчи бўлмасин, оёғи ердан узилмайди. Камтар ва оддий йигит.

- Қудратилло, Азизбекка аталган дилингиздаги гаплар, табрикларни сайтимиз орқали етказишингиз мумкин...

- Ҳа буниси айни муддао бўлди:

Азизбек ака, мен доимо одамийлик, софдиллик ва ҳалоллик каби хислатларингизга ҳавас қилиб келаман. Анчадан буён бирга машғулот қилиб, профессионал боксда ёнма-ён фаолият кўрсатиб келяпмиз. Ёнимда бўлишингиз менга куч-қувват бағишлайди. Туғилган кунингиз билан табриклаб, сизга мустаҳкам соғлиқ, ёрқин ғалабалар тилайман. 25 ёшингиз қутлуғ бўлсин!

Дарҳақиқат, SPORTS.uz ахборот портали ҳам Қудратиллонинг табрикларига қўшилган ҳолда профессионал боксда мухлису мутахассислар эътиборига тушган Азизбек Абдуғофуровнинг ғалабали жангларию унга тан берган рақиблар ким бўлгани ҳақида мухлисларга маълумот беради.

Ҳаваскорлар боксида қатор ютуқларни қўлга киритган Азизбек Абдуғофуров профессионал фаолиятини 2016 йилнинг 17 май куни бошлади. Шу куни ҳамюртимиз Тошкентда ташкил этилган бокс кечасида грузиялик Гига Надирадзе (20-10-1, 10 КО) билан жанг қилди. Азизбек олти раундга белгиланган жангни бешинчи раундда техник нокаут билан ўз фойдасига ҳал қилди. Бу жангдан кейин Гига Надирадзе яна етти марта жанг қилиб, тўртта ғалаба ва учта мағлубият қайд этди.

Азизбек Абдуғофуров иккинчи жангини Индонезиянинг ўз вазнида энг кучли боксчиларидан Саҳлан Коралга (15-4-0, 8 КО) қарши ўтказди. 10 июнь уни бўлган жангда ҳамюртимиз рақибини иккинчи раундда техник нокаутга учратди. Шундан сўнг индонезиялик боксчи битта жангда ғалаба қозониб, бир бор мағлуб бўлди.

Дастлабки икки жангда кучли рақибларини енгган ҳамюртимиз учинчи жангида WBC йўналиши бўйича бўш турган Осиё чемпионлик камари учун жанг қилди. Рақиб жуда кучли эди. Таиландлик Чалоемпорн Саватсук бунгача 17 жангда зафар қучиб, 13 та нокаутга эришган ва мағлубият нималигини билмай келаётган эди.

Азизбек биринчи чемпионлик жангида енгилмас рақибини бир дақиқаю 44 сония ичида соф нокаутга туширди ва Осиё чемпионлик камарига эга бўлди. Бу жангдан сўнг таиландлик боксчи ўзига бўлган ишончни йўқотди ва кетма-кет яна уч марта нокаут бўлди.

2016 йилги мавсумни қитъа чемпиони сифатида якунлаган ҳамюртимиз янги йилдаги биринчи жангини 7 январь куни Малайзияда ўтказди. Индонезиялик Александр Баява (41-2-4, 14, КО) фаолияти давомида бир неча минтақавий чемпионлик камарларини қўлга киритган тажрибали боксчи Азизбекка қарши ўтказилган жангда икки раунд оёқда тура олди холос. Бу мағлубиятдан сўнг Александр ҳали рингга қайтадиган аҳволда эмас.

Ниҳоят, Азизбек профессионал рингдаги энг муҳим жангини 10 февраль куни Сингапурда ўтказди ва унда WBC йўналиши бўйича Осиё чемпионлиги камарини таиландлик Сиримонгкол Эамтуамдан ҳимоя қилди. Таиландлик боксчи профессионал рингда 93 та жанг ўтказиб, 91 марта зафар қучган, шулардан 57 тасида рақибларини муддатидан олдин енгган. Сиримонгкол Эамтуам бир неча марта турли вазнларда жаҳон чемпионлигига сазовор бўлган ўта кучли профессионал боксчи ҳисобланади. Тажрибали чарм қўлқоп устаси қарийб 15 йилдан буён мағлубият нималигини билмай келганди.

12 раундлик жангда Азизбек очколар ҳисобида зафар қучди. Бироқ, жанг давомида рақибини нокдаунга туширишга муваффақ бўлди.

Ўз олдига юксак мақсадларни қўйган Азизбек Абдуғофуров айни пайтда аргентиналик Мартин Фидель Риос (21-10-4, 11 КО) билан бўладиган жангга тайёргарлик кўрмоқда. бу жанг 25 март куни Сингапурда бўлади.

SPORTS.uz ахборот портали Азизбек Абдуғофуровни таваллуд айёми билан қутлаб, фаолиятида омад ва ғалабалар тилайди.

Ушбу хабардан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда SPORTS.uz ахборот порталининг номи аниқ кўрсатилиши ҳамда ҳавола (линк) берилиши шарт!

Ўхшаш янгиликлар

Sports.uz 2016 ©
ЎзМАА интернет-ОАВ лицензияси рақами: №1002