Эркин Каримов 75 ёшда!

 

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, I-даражали "Соғлом авлод учун" ордени соҳиби, Эркин Каримов ўзбек оғир атлетикачилари орасида биринчи Жаҳон ва Европа рекордчиси, собиқ Иттифоқ халқлари Спартакиадаси, Кубоги ва чемпионатлари, кўплаб Халқаро мусобақалар ғолибидир.

Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси биринчи вице-президенти Шоҳрулло Маҳмудов Эркин Каримовни қутлуғ 75 ёши билан табриклар экан, жумладан шундай деди:

"...Сиз нафақат спортчи, балки юқори малакали мутахассис, истеъдодли мураббий сифатида ҳам юртимизда оғир атлетикани ривожлантиришга улкан ҳисса қўшдингиз. Н.Мухамедяров, И.Садиков, Х.Маматқулов, В.Мосибит, И.Исоқов, В.Сирцов, У.Алимов, Р.Нурудинов сингари ўнлаб шогирдларингиз Олимпия ўйинлари, Жаҳон ва қитъа чемпионатлари ва бошқа йирик Халқаро мусобақаларда мамлакатимиз довруғини оламга ёйдилар.

Бугунги кунда ҳам Сиз маслаҳатчи – мураббий сифатида терма жамоа аъзолари билан ёнма ён, фаол ишлаб келмоқдасиз. Спортчиларимизнинг сўнгги 4 та Жаҳон чемпионати ва 2 та Олимпиадада қайд этган юқори натижалари, хусусан XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Руслан Нурудиновнинг Олимпия ғолиби ва рекордчиси бўлиб дунё спорт тарихидан муносиб ўрин олишида ҳам Сизнинг катта ҳиссангиз бор.

Ҳурматли устоз! Сизнинг Ватанимиз равнақи йўлидаги беминнат хизматларингиз Давлатимиз томонидан эътироф этилиб, Сиз Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган спорт устози фахрий унвони ҳамда I-даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотлангансиз, Ўзбекистоннинг XX асрдаги энг яхши спортчилари рўйхатидан жой олгансиз.

Қадрли Эркин ака!

Бугунги қувончли кунингизда Сизга узоқ умр, мустаҳкам соғлик, эзгу ишларингизда янги муваффақиятлар тилаймиз. Фидойилик, ғайрат-шижоат Сизни ҳеч қачон тарк этмасин".

 

P.S. "SPORTS.UZ" жамоаси ҳам табрикларга қўшилган ҳолда,  Эркин Каримовга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!