Эртага Жанубий Кореяда Таэквондо WTF бўйича жаҳон чемпионати старт олади

 

24-30 июнь кунлари Жанубий Кореянинг Мужу шаҳрида таэквондо WTF бўйича XXIII жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 11 нафар спортчи билан иштирок этади, деб хабар бермоқда МОҚ матбуот хизмати. 

21 июнь санасида терма жамоамиз аъзолари жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Жанубий Кореяга жўнаб кетишди. Таъкидлаш лозимки, терма жамоамиз бош мураббийи Акмал Иргашев таркибга бугунги кундаги энг кучли спортчиларни киритди. Улар орасида жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин, жаҳон чемпионати совриндори Никита Рафалович каби даян усталари бор.

Ҳар икки йилда бир марта ташкил этиладиган жаҳон чемпионатининг бундан аввалгиси 2015 йилнинг 12-18 май кунлари Россиянинг Челябинск шаҳрида ўтказилганди. Ўшанда Дмитрий Шокин +87 кг. вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этиб, жаҳон чемпионлигини тантана қилган бўлса,  -74 кг. ва -87 кг. вазн тоифаларида мос равишда Никита Рафалович ва Жасур Бойқўзиевлар жаҳон чемпионатининг кумуш медалларига сазовор бўлишганди. Якунда Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин ва 2 та кумуш медаллари билан жаҳон чемпионатини Жанубий Корея, Эрон ва Туркия терма жамоаларидан сўнг кучли тўртликда якунлаганди. 

Эътиборлиси, Челябинскда совриндорлар сафидан ўрин олган уччала спортчимиз ҳам терма жамоамиз таркибида Жанубий Кореяга жўнаб кетишди. Никита Рафалович ва Дмитрий Шокин ўз вазн тоифаларида даянга чиқишса, Жасур Бойқўзиев бу сафар катта мураббий сифатида ўзини синаб кўради ва терма жамоамиз бош мураббийи Акмал Иргашевга яқиндан ёрдам беради.  

Таэквондочиларимиз XXIII жаҳон чемпионатига анчагина пухта ҳозирлик кўришди. Бу борада уларга яқиндагина Боку шаҳрида бўлиб ўтган IV “Ислом бирдамлик ўйинлари” ҳам тайёргарлик босқичи вазифасини ўтаб берди. Каспий бўйида ташкил этилган мусобақада тўққиз нафар спортчи билан иштирок этган таэквондочиларимиз якунда 7 та медалга эга қичишди. 

Ниёз Пўлатов (-58 кг.) ва Никита Рафалович (-74 кг.) олтин медалга сазовор бўлган бўлсалар, Дмитрий Шокин (+87 кг.) ва Умида Абдуллаева (-62 кг.) кумуш медаль билан тақдирланишди.  Нигора Турсункулова ( -67 кг.), Максим Рафалович (- 80 кг.) ва Светлана Осипова (+73 кг) лар эса делегациямиз ҳисобига бронза медалларини қўшиб қўйишди. 

Озарбайжон пойтахтида совриндор бўлган еттита спортчимиздан бештаси терма жамоамиз таркибида Жанубий Кореядаги нуфузли мусобақада ҳам иштирок этишади. Умуман эса  XXIII жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини қуйидаги спортчиларимиз ҳимоя қилишади: 
  
-54 кг: Суҳроб Бобобеков
-58 кг: Тимур Ўролов
-63 кг: Сардор Тоиров
-68 кг: Зуҳриддин Хониқулов
-74 кг: Никита Рафалович
-80 кг: Максим Рафалович
-87 кг: Даврон Азимов
+87 кг: Дмитрий Шокин

-53 кг: Динара Мамадибрагимова
-62 кг: Умида Абдуллаева
-67 кг: Нигора Турсунқулова

Терма жамоа бош мураббийи: Акмал Иргашев
Катта мураббий: Жасур Бойқўзиев  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!