Европа ва Осиё боксчиларини “ер тишлатган” Азизбек энди Лотин Америкаси вакилини нокаут қилмоқчи (фото ва видео)

9 март, 11:50 685

Европа ва Осиё боксчиларини “ер тишлатган” Азизбек энди Лотин Америкаси вакилини нокаут қилмоқчи (фото ва видео)

 

Профессионал боксда муваффақиятли иштирок этаётган Азизбек Абдуғофуров (5-0-0, 4 КО) шу йилнинг 25 март куни Сингапурда олтинчи жангини ўтказади.

Ўзбекистонлик боксчи шу кунгача фақат кучли рақиблар билан жанг қилиб келмоқда. Ҳамюртимиз фаолияти давомида Европа ва Осиё давлатлари боксчиларини мағлубиятга учратди. Энди Азизбек профессионал бокс мактаби юқори даражада ривожланган Лотин Америкаси вакилига қарши рингга чиқади.

Азизбек Абдуғофуровга бу галги рақиби - аргентиналик Мартин Фидел Риос профессионал бокс бўйича Аргентина чемпиони, WBC ва IBF йўналишлари бўйича Лотин Америкаси чемпионидир.

Ўз вазн тоифасида Аргентинанинг биринчи рақамли боксчиси фаолиятини 2012 йилда бошлаган ва жами 35 та жанг ўтказган. Риос шу кунгача 21 та жангда зафар қучган, 11 марта рақибларини нокаутга учратган ва тўртта учрашувда дуранг қайд этган.

Азизбек Абдуғофуров ва Мартин Фидел Риос ўртасидаги беллашув 10 раундлик рейтинг жанги бўлади.

Азизбек Абдуғофуров бўлажак жангга Қудратилло Абдуқаҳҳоров билан бирга Филиппинда ҳозирлик кўрмоқда. Боксчиларимиз жисмоний, техник ва тактик машғулотлардан ташқари, спорринг жангларига ҳам алоҳида эътибор қаратаётир.

Қуйида боксчиларимиз машғулот акс этган янги видеолавҳани кўришингиз мумкин.

 

SPORTS.uz