Фарҳод Бекмуродов: “Цементчи” ва “Сурхон”нинг шароитлари сал яхшироқ. Қолганларда биринчи лига номига мос

11 август, 15:40 786

Фарҳод Бекмуродов: “Цементчи” ва “Сурхон”нинг шароитлари сал яхшироқ. Қолганларда биринчи лига номига мос

 

Хабарингиз бор, “Андижон” айни пайтда биринчи лигада иштирок этмоқда. Олий лигага чиқишни мақсад қилган жамоа биринчи давра якунланганидан сўнг ҳатто кучли учликка ҳам кира олмади. SPORTS.uz сайти жамоа нима учун бундай натижа қайд этганлигини билиш мақсадида клуб етакчиларидан бири бўлган Фарҳод Бекмуродов билан интервью ташкил этди.

Фарҳод ака, аввало биринчи лигадаги дастлабки давра хулосалари ҳақида гапириб берсангиз?

- Биринчи давра “Андижон” учун ўта омадсиз кечди. Ютишимиз керак бўлган учрашувларни қўлдан бой бердик. Умуман олганда, биз биринчи даврани пешқадам сифатида якунлашимиз кераклиги белгиланганди. Бу олдимизга қўйилган вазифа эди. Аммо буни уддалай олмадик. 

Олий лига ҳавосидан баҳра олган “Андижон” учун биринчи даврада қандай қийин ўйинлар ўтказилди?

- Олий ва биринчи лига ўртасида ер билан осмончалик фарқ бор. Буни ҳамма билади. “Андижон” олий лигада иштирок этиб тажриба тўплаган бўлсада, Ўзбекистон биринчилигида қийинчиликларга дуч келди. Жамоа жуда кўп қийин учрашувлар ўтказди. Бу балки, сафимизда тажрибали футболчилар камлик қилгани билан боғлиқдир? Масалан, “Норин”ни зўрға мағлуб этилди. “Хоразм” билан ўтказилган Андижондаги баҳсда зафар қуча олмадик. Қолаверса, “Цементчи” ва “Сурхон”га қарши ўйинларда ҳам муаммоларга кўзга ташланди.

Клуб биринчи даврани пешқадам сифатида якунлай олмагани фақат таркиб билан боғлиқми?

- Юқорида айтиб ўтган беллашувларда очколар йўқотдик. Таркибда айтиб ўтганимдек, тажрибали ўйинчилар йўқлиги ҳам панд берди. Омад ҳам етишмади. Шунинг учун дастлабки даврани чемпион сифатида якунлай олмадик.

Мана давралар оралиғида сафимизга яхши футболчилар келди. Энди иккинчи даврада астойдил ҳаракат қилиб, биринчи лига ғолиби бўлишга интиламиз ва олий лига йўлланмасини қўлга киритмоқчимиз.  

“Андижон” ўз олдига қандай мақсад қўйган. Биринчи лига ғолиби бўлишми ёки қандай бўлса ҳам олий лигага чиқиш?

- Бизнинг олдимизга биринчи лигада ғолиб бўлиш вазифаси қўйилган. Бунинг учун иккинчи даврада ҳар бир очко учун астойдил курашамиз.

Тайёргарлик жараёни қай даражада ўтди?

- Биз етарликчи машғулотлар ўтказдик. Биринчи лига бўлса ҳам рақиблар кучли. Тайёргарлик маромида бўлиши шарт. Шунинг учун машғулотларда зўр бериб ишламоқдамиз.

Яқинда жамоа вилоят ҳокими билан учрашди. Шунда қандай масалалар борасида сўз юритилди?

- Яқинда Андижон вилояти ҳокими клуб машғулотларига ташриф буюрди. Учрашув чоғида вилоят ҳокими жамоа биринчиликда чемпион бўлиб, олий лигага чиқишимиз кераклигини уқтирдилар. Бунинг учун бизга қўлдан келганча ёрдам беришларини таъкидладилар.

Биринчи давра якунланганидан сўнг сизга бошқа клублардан таклифлар бўлдими?

- Албатта, биринчи давра якунланганидан сўнг менга таклифлар бўлди. Ўзим ҳам кетмоқчи эдим. Лекин “Андижон”га Усмон Тошев келди ва у мени қолишимни истади. Шунинг учун жамоа билан янги даврага тайёргарлик олиб бормоқдаман. Қолаверса, клуб билан шартномам ҳам бор. Мен Андижонда қолиб мухлислар олдида юзимиз ёруғ бўлиши учун олий лигага чиқишни истайман.

Сизнингча, биринчи лига якунида кучли учликни қайси жамоалар эгаллайди ва олий лигага кимлар йўл олади?

- Насиб қилса, “Андижон” биринчи, “Цементчи” икки ва “Сурхон” учинчи ўринни эгалласа керак. Олий лигага чиқиш учун эса биз “Цементчи” билан кураш олиб борамиз.

Биринчи лигада клублар учун нималар муаммо бўлмоқда?

- Албатта, биринчи лигада камчиликлар борлиги барчага маълум. Стадионлар, кийиниш хоналари... Ким олдига мақсад қўйган бўлса, шуларда шароитлар бироз яхши. Масалан, биз борган жойлар “Цементчи” ва “Сурхон”нинг имкониятлари бошқаларга нисбатан сал яхшироқ. Қолганларда эса биринчилик номига мос.

Биринчи лигада сизни ажаблантирган жамоа қайси ва нима учун?

- Мени ажаблантирган жамоа бу – “Орол”. Чунки клуб бизга қарши баҳсга 11 футболчи билан келди. Захира ўйинчиларисиз ҳаракат қилди. Шифокор ва бошқа вазифаларни бажарадиган масъул шахслар борасида гапирмаса ҳам бўлади. 

Тахминингизча, олий лигада кучли учлик қандай кўринишда якунланади?

- Иккинчи давра энди бошланди. Жамоалар ўзларига керакли очколарни жамғаришади. Менимча, “Локомотив”, “Насаф” ва “Олмалиқ” кучли учликда бўлса керак. “Қўқон-1912” яхши шакллантирилаётган жамоа, лекин олмалиқликлар учинчи ўринни эгаллашлари мумкин. 

 

Бекзод ИСАЕВ сухбатлашди