Фергюсон давридан кейинги “МЮ”нинг энг аламли 12 учрашуви (2 қисм)
29 ноябрь, 19:14 | 599

АПЛнинг 13-турида ўз майдонида “Вест Хэм”ни қабул қилган Жозе Моуриньо шогирдлари ўйинда тотал устунликка эга бўлсада, ҳисобда буни акс эттиришнинг уддасидан чиқа билмади. Шу тариқа Жозе бошлиқ “қизил иблислар” АПЛ да 26 йил ичида илк бор ўз майдонларидаги кетма-кет 4 та ўйинда ғалаба қозона олмади. Шу муносабат билан биз “Юнайтед”нинг афсонавий мураббийларидан бири бўлган Фергюсон фаолиятини тугатганидан сўнг “қизил иблислар”нинг энг омадсиз учрашувларини эслашга ҳаракат қилдик. Бугун биз ушбу мақоламизнинг иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

  Мақоланинг биринчи қисми

“Манчестер Юнайтед” 1-2 “Норвич”
Мураббий
: Луи ван Гаал
Турнир: АПЛ

Премьер-лиганинг дебютанти бўлган “Норвич” клубининг “Олд Траффорд”дан уч очко билан ортга қайтиши ҳеч кимнинг ақлига сиғмаслиги аниқ. 70 % тўпга эгалик қилган ван Гаал жамоаси ҳисоб 0-2 бўлгандан сўнг Марсиялнинг голи билан ҳисобни қисқартиришга эришади. Бироқ ўйин охирига қадар ҳисобни тенглаштиришнинг уддасидан чиқа билмаган “қизил иблислар” ўз майдонларида мағлубиятга учрашади. Мавсум якунида эса “конарейкалар” АПЛдан тушиб кетгани ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак.

“Сток Сити” 2-0 “Манчестер Юнайтед”
Мураббий
: Луи ван Гаал
Турнир: АПЛ

“Норвич”дан учралган мағлубиятдан бир ҳафта ўтиб, “Британия”га ташриф буюрган “МЮ” футболчилар яна ўз дарвозаларидан икки тўп олиб чиқишади. Фарқи бу сафар улар бу голларга жавоб қайтара олишмайди.

“Тоттенхэм” 3-0 “Манчестер Юнайтед”
Мураббий
: Луи ван Гаал
Турнир: АПЛ

Маурисио Почеттино шогирдлари “Уайт Харт Лейн”да рақибга ҳеч қандай имконият қолдиришмайди. Чемпионлик учун курашаётган “шпорлар” рақибни 3-0 ҳисобида мағлуб этадилар. Аслида ҳисоб бунданда йирик бўлиши мумкин эди, бироқ Де Хеа бир қанча вазиятларда жамоаси жонига “оро киради”.

“Челси” 4-0 “Манчестер Юнайтед”
Мураббий
: Жозе Моуриньо
Турнир: АПЛ

“Беъназир”нинг “Стэмфорд Бриж”га қайтиши омадли чиқди дейиш қийин. Учрашувнинг илк сониялариданоқ Конте жамоаси бу ерда ким мезбон эканлигини кўрсатиб қўйди. Педронинг 30 сонияда киритган голи бу мавсум АПЛдаги энг тезкор гол бўлиб турибди. Ўйин давомида “аристократлар” яна уч бор Де Хеани “ранжитишади”. Бу ҳам етмаганидек, мазкур ўйинда “Манчестер Юнайтед” Эрик Байидан айрилади.

“Фенербахче” 2-1 “Манчестер Юнайтед”
Мураббий
: Жозе Моуриньо
Турнир: АПЛ

“МЮ” ўйинни 0-1 ҳисоби бўлиб турган вақтдан бошлашга ўрганиб қолганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. “Челси”дан 30-сонияда, “Фенербахче”дан иккинчи дақиқада тўп ўтказиб юборган Моуриньо жамоси ўйинни қутқариб қолишнинг уддасидан чиқа билмади. Истанбулдаги ўйиннинг сўнггидагина “қизил иблислар” гол киритишга муваффақ бўлади. Фақат бунга қадар “Фенер” футболчилари “МЮ” дарвозасини иккинчи бор аниқ нишонга олишга улгурган эди.

“МЮ” 0-0 “Бёрнли”
Мураббий
: Жозе Моуриньо
Турнир: АПЛ

“Олд Траффорд”даги навбатдаги омадсизлик… 90 дақиқада дарвозага 38 бор зарба йўллаб, гол урмаслик мумкинми? Бу саволга жавоб беришимиз мумкин, агарда бу жамоа “МЮ” бўлса ишонаверинг, бу мумкин. Бу фикрга ҳеч ким эътироз билдирмаса керак. 72 % тўп назорати, 11 та аниқ зарба, 19 та бурчак зарбаси, Эррера ва Моуринонинг майдон четидан ҳайдалиши… Хуллас, гапирай десанг гап кўп. Айтганча, 11 та аниқ зарбанинг барчасини дарвозабон Том Хитон бартараф этганини таъкидламасдан иложимиз йўқ.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

  Клубларимиз учун ОЧЛ-2017 тақсимоти қандай бўлади ёхуд "Бухоро" йўлланмадан қуруқ қолди

Ўхшаш янгиликлар

Sports.uz 2016 ©
ЎзМАА интернет-ОАВ лицензияси рақами: №1002