Фозил Мусаев: Осиёнинг энг кучли чемпионатида тўп сураётганимдан мамнунман

30 апрель,2017, 15:35 1134

Фозил Мусаев: Осиёнинг энг кучли чемпионатида тўп сураётганимдан мамнунман

Эътиборингизга Японияда клубларида тўп сураётган ўзбекистонлик биринчи футболчи, “Жубило Ивата” клуби аъзоси Фозил Мусаевнинг сайт учун берган эксклюзив интервьюсини тақдим этамиз. Футболчи ўз мақсадлари, яқин инсонлари, Япониядаги фаолияти ҳақидаги фикрларини биз билан баҳам кўрди.

- Авваламбор, Япония чемпионати доирасида киритаётган голларингиз билан табриклаймиз. Ўзбекистонда сизнинг фаолиятингизни доимий равишда кузатиб боришади.

-Раҳмат.

- Футболга қандай қилиб кириб келганлигингиз мухлислар учун, албатта, қизиқ. Спортдаги биринчи мураббийингиз ким ва ҳаётда кимни устоз деб биласиз?

-Отам ўз вақтида футболчи бўлган, кўриб турганингиздек, мен ҳам унинг изидан бордим. Шу сабабли, мен ҳаёт мактабида ҳам, спортда ҳам биринчи устозим сифатида отамни эътироф этаман. У мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Кейинчалик Чиғатой жамоаси таркибида Ахмад Убайдуллаевдан сабоқ олдим.

- Сафдошларингиздан кимни яқин дўстингиз сифатида қабул қиласиз?

-Александр Шадрин менинг энг қадрдон дўстим. Биз бирга спортга илк қадамларимизни ташлаганмиз. У ажойиб инсон ва яхши футболчи. Бир жамоада ўйнамаган пайтларимизда ҳам доим бир-биримизни қўллаб-қувватлаганмиз. У мен бирга ўйнаган энг зўр футболчи сифатида қолаверади.(Александр Шадрин “Машъал”, “Навбаҳор”, “Локомотив”да ва Ўзбекистон терма жамоаси таркибида ҳужумчи сифатида ўйнаган. 2014 йилда Тошкентда ошқозон касаллигидан вафот этган).

- Қайси футболчиларга ҳавас қиласиз?

-Ўзбекистонлик футболчиларнинг ҳаммасини ҳурмат қиламан, уларнинг ҳар бири ўз ўрнига эга. Ҳавас қилиш масаласига келсак, “Барселона” ўйинчиси Лионел Мессини айтган бўлардим. Унга ўхшаганлар юз йилда бир марта туғилади, менимча. Унинг камтарлиги, меҳнатсеварлиги, доимо етакчиликни сақлаб келиши мақтовга лойиқ.

- Хотирангизни ҳеч қачон тарк этмайдиган муваффақият ва муваффақиятсизлик?

-Мен учун энг эсда қоларли ғалаба Эронда ўйнаётган пайтимда бўлган эди. Сўнгги турда чемпионлик учун учта жамоа кураш олиб бораётганди. Биринчиликни “Трактор Сози” ва “Нафт Теҳрон” жамоалари эгаллаб турарди. Бизнинг “Сепаҳон” жамоамиз эса иккинчи ўринни банд этиб турарди. Пешқадамликни қўлга киритишимиз учун икки рақибимизнинг дуранг натижаси керак эди. Ўша куни омад бизга кулиб боқди. Охирги тўқнашувда ғалабани қўлга киритдик ва Эрон чемпионига айландик. Энг катта муваффақиятсизлик эса Ўзбекистон олимпия терма жамоаси таркибида Лондондаги Олимпиадага чиқиш учун баҳс олиб бораётганимизда бўлган эди. Биз БАА терма жамоаси билан тўқнашдик. Дастлаб ғалаба биз томонда эди, аммо сўнгги дақиқаларда иккита голни ўтқазиб юбордик ва 3:2 ҳисоб билан ғалабани бой бердик. Минг афсуски, Лондон Олимпиадасига бир қадам қолганда омад биздан юз ўгирди.

- Суриянинг ғалабасидан сўнг кўпчилик терма жамоамизнинг жаҳон чемпионати-2018 га чиқа олишига шубҳа билдирмоқда. Бу борада сизнинг фикрингиз?

-Подадан олдин чанг чиқариш ярамайди. Терма жамоанинг чемпионатга чиқишга ҳали имконияти бор. Тан олиш керак, Сурия билан бўлган тўқнашувдаги мағлубият кўпчиликнинг руҳини тушириб юборди. Аммо муваффақиятсизликларни унутиш ва олға интилиш керак. Ҳали олдимизда ғалаба қозонишимиз керак бўлган  учта баҳс турибди. Халқимиз билдираётган ишончни оқлаб, чемпионатга йўл оламиз, албатта.

- Япониядаги фаолиятингизга тўхталиб ўтсангиз.

-“Насаф”да ўйнаб юрган пайтимда Япопия чемпионатига чиқишим мумкинлиги менга маълум бўлди. 2016 йил декабр ойида агентим Санъат Шарипов орқали Япония вакили жаноб Хошикава ва клуб бош директори жаноб Хаттори билан учрашдик. Суҳбатимизнинг натижаси шу бўлдики, мен Японияга бориб, тиббий кўрикдан ўтадиган бўлдим. Кейинчалик шартнома асосида клубга қабул қилиндим.

- Сизни клубга таклиф қилишганидан ҳайратга тушганмисиз?

-Очиғи, ҳайрон қолмаганман. Чунки футболчи ҳар доим ўз кучига ишониши керак. Ҳар доим ўз устимда ишлардим ва нималарга қодир эканлигимни кўрсатишга тиришардим. Япония клуби вакиллари фаолиятимни кузатишлари ҳақида менга маълум қилишганди. Ўз кучимни намойиш қилишга ҳаракат қилдим.

- Янги жамоа сизни қандай қабул қилди? Киришиб кетишингиз қийин кечмадими?

-Ҳар қандай футболчида бўлганидек, янги жамоага қўшилиб кетиш сал қийин бўлди. Чунки, янги жамоа бу - янги дунё дегани. Худога шукур, бу жараён менда осон кечди. Кўникишниг иложи йўқ чунки, жамоа вакиллари ўз ишининг усталари, ўйинчилар учун ҳамма шароитлар мавжуд. Бутун ишчи гуруҳ орасида дўстона муносабатлар ўрнатилган. Мени ўз оила аъзоларидек, илиқ қабул қилиб олишди. Фақатгина, ўз устида ишлаш ва яхши натижалар кўрсатиш талаб этилади.

- Мулоқот жараёнида, яъни тил масаласида қийинчиликларга дуч келмадингизми?

-Атрофдагилар билан инглиз тилида мулоқот қиламан. Бир-биримизни бемалол тушуняпмиз. Спортдан бўш вақтимни эса тил ўрганишга бағишлайман.

- Японияда чет эллик ўйинчиларни қандай қабул қилишади? Клуб мухлислари сизни қандай қарши олишди?

-Худди клуб аъзоларидек, мухлислар ҳам илиқ қарши олишди. Бу ерда маҳаллий ёки чет эллик ўйинчиларни ажратишмайди, ҳамма бирдек кўрилади. Ҳар қандай вазиятда мухлислар бизни қўллаб-қувватлашади ва биз бутун жамоамиз билан билдирилган ишончни оқлашга ҳараркат қиламиз.

- Ўзбекистон чемпионатини кузатиб борасизми? Ғолибликка энг йирик даъвогар сифатида қайси жамоани эътироф эта оласиз?

-Бўш вақт топилди дегунча, чемпионат ўйинларини кузатаман. Айтиш керакки, бу йил кутилмаган  натижалар кзатилмоқда. Ҳозирча чемпионлик ўрнига бирор жамоани кўрсатиш мушкул. Шахсан мен Қаршининг “Насаф” жамоасига чин дилдан муваффақият тилайман.

- Осиёнинг энг кучли чемпионати ҳисобланган J-лигада ўйнаётган биринчи ўзбекистонлик футболчисиз. Япониядаги футбол ҳаёти Ўзбекистон ва Эрондагидан қанчалик фарқ қилади?

-Менимча, ҳар бир давлатнинг ўз маданияти ва урф-одатлари бор. Улар ўз-ўзидан бу ердаги спорт ҳаётига, ривожига ҳам таъсир кўрсатади. Япония хусусида шуни ишонч билан айта оламанки, футбочилар учун барча шароитлар бор. Бу ерда инсон бутун борлиғини спортга бағишлай олади.

- «Жубило Ивата»нинг яқин келажакдаги мақсадлари қанақа?

-Бутун жамоамиз билан лиганинг кучли тўртлигига кириш учун ҳаракат қиляпмиз. Бу бизнинг янги мавсумда Осиё чемпионлар лигасига чиқишимизни таъминлайди. Ҳозирда бутун диққатимизни шунга қаратганмиз.

- Сўнгсўз ўрнида, келажакдаги режаларингиз ва орзуларингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

-Ҳозирда энг асосий мақсадим - клубга лойиқ ўйинчи сифатида яхши ўйин кўрсатиш ва мавсумни ғолиб жамоа таркибида якунлаш. Ва, албатта, Ўзбекистон терма жамоасига Россиядаги жаҳон чемпионатида муваффақият тилайман.

Земфира Яблокова суҳбатлашди.

Саодат Абдурахманова таржимаси