Франция футболининг бош муаммоси ёхуд пастга шўнғиган жамоалар

9 декабрь, 10:32 635

Франция футболининг бош муаммоси ёхуд пастга шўнғиган жамоалар

Ўхшаш хабарлар

Куни кеча Франциянинг “Эвиан” жамоаси қарздорлик сабаб профессионаллик мақомидан ажралишга мажбур бўлди. Умуман ушбу ҳолат француз футболида оддий ҳолга айланиб улгурди ва мамлакат футболининг энг оғриқли нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. Биз эса Францияда сўнгги 10 йилда ҳудди “Эвиан” каби профессионаллик мақомини йўқотган жамоалар билан таништирамиз.

“Сет”(2008 йил)

Эришган натижалари: Франция чемпиони (1934, 1939), Франция кубоги (1930, 1934)

Француз футболида “олтин дубль”га эришган илк клуб айнан “Сет”дир. Бироқ ушбу жамоа 2008 йил профессионаллик мақомини йўқотган ва мамлакатда нуфузи жиҳатдан саккизинчи ўринда турувчи лигага “сургун қилинган” эди. Жамоа аста-секинлик билан яна юқорига интилмоқда ва айни вақтда 4 та дивизион “сакраб” мамлакатда нуфузи жиҳатдан тўртинчи ўринда турувчи “CFА”да ўйнамоқда.

“Геньон” (2011 йил)

Эришган натижалари: Франция лига кубоги (2000)

2011 йил Француз футболи катта йўқотишларга учради. Ўша йили бир йўла уч клуб профессионаллик мақомидан маҳрум этилди. Улар орасида “Геньон” ҳам бор эди. 1940 йилда ташкил этилган жамоа у қадар катта муваффақиятларга эришмаган. Янги аср боши жамоанинг “олтин даври” эди. Ўшанда “Геньон” Франция кубоги чорак финалига қадар етиб борган бўлса, лига кубогида ПСЖни ортда қолдиришга эришади ва қуйи лигада тўп суриб, ушбу совринга эга чиққан даслабки жамоа бўлади. 2011 йил эса клуб профессионаллик мақомини йўқотади ва Бургундия чемпионатида фаолият юрита бошлайди.

“Гренобль” (2011 йил)

Эришган натижалари: Лига 2 ғолиби (1959/60, 1961/62), Франция кубоги чоарк финалчиси (1952/53, 2000/01, 2004/05)

Франциянинг энг қадимий жамоаларидан бири бўлган “Гренобль” доимо қуйи лигаларда тўп суриб келгандир ва катта ютуқларга эришмаган. Ўз вақтида япониялик инвесторлар томонидан сотиб олинган клуб 2011 йил молиявий инқироз ҳолатига тушиб қолади ва банкрот деб эълон қилинади. Ўшандан буён “Гренобль” жамоаси ҳаваскорлар лигасида фаолият олиб бормоқда.

“Страсбур” (2011)

Эришган натижалари: Франция чемпиони (1978/79), Франция кубоги (1950/51, 1965/66, 2000/01), Франция лига кубоги (1963/64, 1996/97, 2004/05), Лига-3 ғолиби (2015/16)

Узоқ ўтмишга эга бўлган “Страсбур” мамлакатнинг энг совриндор жамоаларидан саналади. 2007 йил олий дивизионга чиққан клуб раҳбарият алмашинуви туфайли учинчи дивизионга тушиб кетади. 2011 йил июльда эса профессионаллик мақомидан айрилган клуб кучлилиги жиҳатдан бешинчи ўринда турувчи лигага равона бўлади. Бироқ “Страсбур” яна аста-секин ўзга келмоқда ва ҳозирда кучлилиги жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи лигада фаолият юритмоқда.

“Седан”(2013)

Эришган натижалари: Франция кубоги (1956, 1961), Франция суперкубоги (1956)

“Седан”нинг “олтин даври” ўтган асрнинг 50-70 йилларида ўтган. 2012/13 йилги мавсумда олий дивизиондан тушиб кетган “чўчқалар” (клуб лақаби, муаллиф) бир меча ойдан сўнг ҳаваскорлар лигасига равона бўлади. Бироқ жамоа худди “Страсбур” сингари яна олдинги мавқеини тиклашга уринмоқда ва ҳозирда нуфузи жиҳатдан учинчи ўринда турувчи лигада ўйнамоқда.

“Ле Ман” (2013)

Эришган натижалари: Лига 2 кумуш медали (2002/03, 2004/05), Франция кубоги ярим финалчиси (1997/98), Франция лига кубоги ярим финалчиси (2005/06, 2006/07, 2007/08)

1985 йили икки жамоанинг бирлашувидан ҳосил бўлган “Ле Ман” у қадар катта ютуқларга эришмаган. Дидье Дрогба, Жервиньо каби машхур футболчилар мазкур жамоада илк футбол сир-асрорларини ўрганишган. 2010 йилги мавсум “Ле Ман” учун олий дивизиондаги сўнгги мавсум бўлиб қолди. 2013 йил жамоа профессионаллик мақомидан айрилди ва бешинчи дивизионга “сургун этилди”.

 “ФК Истр” (2015)

Эришган натижалари: Лига 1 иштирокчиси (2004/05)

“Истр” жамоаси салкам 1 асрлик тарихга эга бўлсада, бутун фаолиятини қуйи лигаларда ўтказган. Энг яхши натижаси сифатида эса 2004 йил Лига 1 га чиққанини келтириш мумкин. 2014/15 йилги мавсумни нуфузи жиҳатидан учинчи ўринда турувчи лигада ўтказган “Истр” мавсум якунида молиявий қийинчиликлар сабаб хаваскорлар лигасига тушириб юборилади.

“Арль Авиньон” (2015)

Эришган натижалари: Франция кубоги чорак финалчиси (1970, 1973, 2008), Лига 1 иштирокчиси (2010/11)

“Арль Авиньон” клуби ташкил этилганлигига 100 йилдан ошган бўлсада, у ҳам худди “Истр” сингари улкан ютуқларга эришмаган. 2010 йил Лига 1 да иштирок этган “шерлар” мавсум давомида фақатгина 3 бор ғалаба қозонишга эришади ва яна қуйи лигага тушиб кетади. 2014/15 йилги мавсумда энди Лига 2 да муваффақиятсиз иштирок этган жамоа мавсум якунида молиявий қийинчиликлар туфайли профессионаллик мақомидан айрилади хаваскорлар ўртасидаги мусобақада иштирок этади.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади