766 0

Франциялик ёш иқтидор эгаси Россияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг нимчорак финалида Аргентинага қарши кечган 4-3 ҳисобидаги ғалабада ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Мухлислар эса унинг бу хизматларини қадрлаб, футбол оламига “янги сўйлоқ” кириб келгани ҳақида оғиз кўпиртира бошлашди. Хўш, 19 яшар йигитча қайси жиҳатлари билан бразилиялик Роналдони эслатмоқда? Мбаппе 2002 йилги жаҳон чемпионига муносиб издош бўла оладими?

Килиан Мбаппе Франция 1998 йилда жаҳон чемпионатини қўлга киритганида ҳали туғилмаган ҳам эди. Ўшанда “кўклар” финалда Роналдонинг Бразилиясини “ер тишлатган” эди.

“Стад де Франс”да кечган учрашувда эса Зинедин Зидан бош қаҳрамонга айланган эди. Роналдо эса учрашувни асосий таркибда бошлай олмаганди, бироқ у буни тўрт йил ўтиб амалга оширишга муваффақ бўлди. Япония ва Жанубий Кореяда ўтган мундиалда “феномен” Германияни таслим қилишда бош-қош бўлди. Ундан кейин бир қанча жароҳатлар гирдобида қолиб фаолиятини якунлаганидан бери футбол дунёси ҳали бошқа “феномен” кўрмай келаётган эди. Ҳозиргача! Энди унинг прототипи топилди!

Ronaldo-De-Lima

Мбаппе аргентиналик ҳимоячиларни доҳда қолдириб дубль қайд этган учрашувда ҳар томонлама яқин ўтмишдаги энг кучли футболчилардан бири ҳақиқий Роналдони эслатиб юборди.

Санкт-Петербургдаги учрашув вақтида Англиянинг афсонавий ҳужумчиси Гари Линекер Твиттердаги саҳифасида ўз ҳайратини яшириб ўтирмади: “Мбаппеан феноменал юриш. У менга кўпроқ бразилиялик Роналдони эслатмоқда.”

Килианда иқтидор, тезлик ва гол уриш юқори, шундай бўлсада у ҳали жуда ёш” – дейди Варан ўз термадоши ҳақида.

Унда бразилиялик Роналдога ўхшайдиган иқтидор бор, аммо у бироз бошқача, Мбаппе дриблинг қилишни яхши кўради, у ўрганмоқда, сафимизда шундай футболчи борлигидан жудаям хурсандмиз.”

Дидье Дешам ҳам ўз шогирдини Роналдога қиёслади: “Роналдо жудаям, жудаям тезкор футболчи эди. Ўйлашимча, Килиан ундан ҳам тезкорроқ.”

kylian-mbappe 2

Албатта, буларнинг бари мақтов. 41 ёшли “сўйлоқ” ўсмирлик ёшида аввал “ПСВ Эйндховен”да, кейинроқ “Барселона”да порлаб бутун дунёни ўзига қаратган эди. Каталонияликлар сафида ўтказган ягона мавсумида у 49 ўйинда 47 гол уришга эришган. Унинг айниқса “Компостела”га қарши урган “яккахон шоу”си ҳануз футбол мухлислари ёдидан кўтарилмаган.

У 1997 йилда “Интер”га ўтганидан кейин ҳам дунё рекордларини ўрнатишда давом этди. 2002 йилда эса терма жамоасини жаҳон чемпионига айлантирди. Икки карра “Олтин тўп” ва кўплаб шахсий совринлар соҳибига фақатгина жиддий жароҳатлар тўғаноқ бўлди. Роналдога кимсан Буффон илиқ фикрларини билдирган: “Менга энг кўп муаммо туғдирган ҳужумчи бу Роналдо. Бразилиялиги. У мукаммал футболчи эди, унда куч, тезлик, интуиция, техник қобилиятлар. Менимча, у лабораторияда яратилган бўлса керак.”

Мбаппе эса болалигини бошқа бир Роналдонинг ўйинларини кўриб, ундан илхомланиб ўсди. Криштиану Роналду франциялик ёш иқтидор эгасининг ётоқхонаси кўркига айланди.

Сўнгги кунларда пайдо бўлган трансфер миш-мишларига қараганда, португалиялик футболчи “Сантьяго Бернабеу”даги тўққиз йиллик фаолиятидан кейин “Ювентус” сафига 100 миллион евро эвазига кўчиб ўтиши мумкин экан.

Ўтган йили Мбаппени қўлга кирита олмаган мадридликлар Килиан учун янги жаҳон трансфер рекордини ўрнатмоқчи эканликлари ҳақида бонг урмоқда.

Бундай ёшда мисли кўрилмаган трансфер рекордини ўрнатган Мбаппени жиддий жароҳатлар таъқиб қилмаса, “сўйлоқ”ни анча ортда қолдириб кетиши мумкин.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98