“Футбол дўстлик учун” лойиҳаси иштирокчилари Азамат Абдураимов билан учрашди

 

Аввал хабар берганимиздек, ФИФА ва футбол бўйича 2018 йилги Жаҳон чемпионатининг расмий ҳамкори – “Газпром” компанияси ўзаро ҳамкорликда “Футбол дўстлик учун” ижтимоий лойиҳасининг 6-мавсумига старт берди.

Лойиҳанинг финал тадбирлари шу йилнинг 8–15 июнь кунлари Москва шаҳрида ўтказилади ва унда 211та мамлакат вакиллари иштирок этади. Ўзбекистон футбол Ассоциацияси иккинчи марта “Футбол дўстлик учун” лойиҳасида қатнашади. Қуръа натижасига кўра, бу йил ҳам мусобақаларда юртимиз шарафини ёш дарвозабон ҳимоя қилади.

Мазкур дастурнинг асосий мақсади – бутун дунё ёш авлодни спортга жалб қилиш ва улар орасида муҳим гуманитар қадриятлар – дўстлик, тенглик, тинчлик ҳамда турли миллат ва маданиятларни ҳурмат қилишни тарғиб қилишдан иборат. 
Бу йилги танлов натижасига кўра “Бунёдкор” академияси тарбияланувчиси Муслимбек Абдуманоппов ўз жамоасида дарвозабон бўлади ва юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Шунингдек, Ўзбекистон номидан лойиҳада ёш журналист Мардон Марупов иштирок этади.

Ижтимоий лойиҳа доирасида ёш элчилар Тошкентда турли соҳаларда мамлакат ривожига ҳисса қўшган таниқли ва машҳур инсонлар билан учрашиши кўзда тутилган.

Шулардан бири бугун, 4 май куни бўлиб ўтди. “Футбол дўстлик учун” лойиҳаси иштирокчилари Ўзбекистон футболининг ёрқин намояндаси, мураббий Азамат Абдураимов учрашди. Ёш элчилар суҳбатдошига лойиҳа ҳақида маълумот бериб, бир қанча саволлар билан мурожаат қилишди. Ўз навбатида Азамат Абдураимов берилган саволларга жавоб бериб, футболга кириб келиши, ёрқин хотиралари, муваффақият сирлари ва албатта, футболда дўстликнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

“Футболдаги фаолияти давомида мен нафақат совринлар, балки турли мамлакатлардан кўплаб дўстлар орттирдим. Улар билан бугунги кунгача алоқада бўлиб тураман. Ҳар хил мамлакатларнинг анъана ва қадриятларини ўргандим, турли соҳаларда билимимни оширдим. Футбол – одамларни бирлаштиради ҳамда майдон ва унинг ташқарисида қобилиятларни кўрсатиш имконини беради. Ёш элчиларимизга омад тилайман. Мазкур лойиҳада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиласизлар деган умиддаман”, – деди Азамат Абдураимов.

Бўлажак учрашувларни ўтказишдан асосий мақсад – дўстлик, тенглик, адолат, саломатлик, садоқат, ғалаба ва анъана каби қадриятларни тарғиб қилишдан иборат. Ёш эличларни олдинда янада қизиқарли учрашувлар кутмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!