“Футбол дўстлик учун” халқаро болалар лойиҳасида иштирок этиш учун Ўзбекистондан битта дарвозабон танлаб олинади

 

ФИФА ва футбол бўйича 2018 йилги Жаҳон чемпионатининг расмий ҳамкори — “Газпром” компанияси “Футбол дўстлик учун” халқаро болалар лойиҳасининг шу йил 26 июнь кунидан бошлаб 3 июль кунигача Санкт-Петербургда (Россия) бўлиб ўтадиган  бешинчи мавсуми старт олганини эълон қилгани ҳақида хабар берилганди.

2017 йилда лойиҳанинг иштирокчи мамлакатлар сони 32 тадан 64 тагача, яъни, икки баробар кўпайди. Ўзбекистон ҳам иштирокчи мамлакатлар қаторидан жой олди. Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон шарафини “Яшил дўстлик” жамоасида дарвозабон ҳимоя қилади.

Мусобақа қоидаларига кўра, футболчи (дарвозабон) 10–12 ёшда бўлиши, 2 йиллик футболчилик тажрибасига эга бўлиб, инглиз тилини билиши ва бошқалар билан чиқишимли бўлиши керак. Шу мақсадда, Ўзбекистон Футбол Федерацияси мамлакатдаги футбол клубларнинг ёш дарвозабонлари орасида танлов эълон қилади.

“Футбол дўстлик учун” халқаро болалар лойиҳасига дарвозабонлар танлови 19 апрель куни, ЎФФнинг сунъий қопламали майдонида соат 10:00 да бошланади. Ушбу тадбирда ОАВ вакиллари ҳам иштирок этишлари мумкин бўлади . Номзодлар орасидан халқаро мусобақада иштирок этадиган дарвозабонни танлашда Анвар Рашидов, Марат Галимов ва Руслан Аҳмедхонов каби экспертлар қатнашади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!