Гамбург-2017: Ҳасанбой ва Иқболжон финалда кимлар билан баҳс юритади?

  • 1 сентябрь, 2017, 01:40
  • 0
  • Бокс

Бугун Германияда давом этаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг ярим финал баҳсларига старт берилди. 49 кг вазн тоифасида иштирок этаётган ҳамюртимиз Ҳасанбой Дўсматов колумбиялик Юрбержен Мартинес устидан ҳакамлар хулосасига кўра 5:0 ҳисобида устун келди ва финалга чиқди.

Ярим финалнинг иккинчи жангида кубалик Ёанис Аргилагос қозоғистонлик Жомарт Ержанга умуман имконият қолдирмади – 5:0.

Шу тариқа, Ҳасанбой финалда кубалик боксчи билан кураш олиб борадиган бўлди. Қайд этиш жоиз, ушбу икки боксчи WSB доирасида Самарқандда кечган “Uzbek Tigers” ва “Cuba Domadores” жамоалари ўртасидаги баҳсда ҳам ўзаро дуч келишган ва ўшанда, боксчимизнинг қўли баланд келган эди.

64 кг вазнда юртимиз шарафини ҳимоя этаётган Иқболжон Холдоров эса ярим финалда ақшлик Фреудис Рохасни ҳакамлар хулосасига кўра 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди ва финал йўлланмасига эга чиқди.

Иккинчи баҳсда эса кубалик Энди Крус Гомес арманистонлик Бачковдан 5:0 ҳисобида устун келди. Шундай қилиб, 20 ёшли боксчимиз ҳам олтин медал учун жангда кубалик боксчи билан рўбаро келадиган бўлди.

Бокс бўйича жаҳон чемпионати. Финал

2 сентябр (шанба)

49 кг

Ҳасанбой Дўсматов (Ўзбекистон) – Ёан Аргилагос (Куба)

56 кг

Қайрат Ералиев (Қозоғистон) – Раган Дуке (АҚШ)

64 кг

Иқболжон Холдоров (Ўзбекистон) – Энди Крус Гомес (Куба)

75 кг

Аблайхан Аманқул (Қозоғистон) – Александр Хижняк (Украина)

91 кг

Евгений Тишенко (Россия) – Эрисланди Савон (Куба).

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!