Геннадий Кочнев: "Шўртан"нинг инфратузилмаси ОФК даражасида

Олий лига 28-туридан ўрин олган “Насаф” – “Шўртан” (3:0) учрашуви якунига етгач, бўлиб ўтган матбуот анжуманининг дастлабки қисмида “Шўртан” жамоасининг устози Геннадий Кочнев иштирок этди ва ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди. Бу ҳақда Қарши клуби расмий сайти хабар бермоқда.

"Бугунги учрашувда тезкор киритилган гол режаларимизни барбод қилди. Шундай бўлсада, биринчи бўлимда гол уришимиз учун ҳам ажойиб вазият бўлди, аммо бугун омад биз томонда эмас эди. Иккинчи бўлимдаги ўйинчи алмаштирганимиз ҳам фойда бермади. Учрашувда биз таянган етакчи ўйинчиларимиз ҳам афсуски бугун кутганимиздек ўйин кўрсата олишмади. Бугунги мағлубиятимизга сабаблар шу бўлди. Энди албатта “Насаф”дек жамоага майдонида қарши ўйнаш ҳам осон эмас.

Иккинчи даврадаги кўнгилдагидек ўйин кўрсата олмаётганимизга асосий сабаб, селекция ишларимиз яхши бўлмади. Умуман мен жамоани қабул қилиб олганимда иккинчи давра учун олинадиган ўйинчилар олиб бўлинган эди. 

Ўзингизга маълум, ФИФАнинг бизга нисбатан чиқарган қарори ўйинчиларимизни саросимага солиб қўйди. Ўйинчиларимизнинг кайфияти умуман тушиб кетди. Бундай кайфиятдаги футболчилар билан ишлаш осон эмас. Шундай бўлсада, иккинчи даврада бир неча ўйинларимиз кўнгилдагидек бўлди, бунинг учун йигитлар диққатини жамлай олишди.

Энди режаларимиз қандай? Албатта буни вақт кўрсатади. Биз учун ЎФФнинг кейинги қарори ҳам катта зарба бўлди. Умуман келгусида нима бўлади, бу ҳақда ҳеч нарса дея олмайман.

Билишимча, ЎФФ бундан буён лицензиялаш бўйича талабларни ҳам кучайтирмоқда. Бу албатта яхши. Аслида “Шўртан” клубидаги инфратузилма, яратилган шароитлар ОФКнинг талаб даражасида, яъни рисоладагидек. Афсуски, бундай шароитларга эга бўлган “Шўртан”, энди қуйи лигада ўйнашга мажбур. Умуман Қашқадарёда футболга бўлган эътибор ҳавас қилгудек. Бу ерда раҳбарлар футболга борини беришган. Бу вилоятдаги клубларда яратилган инфратузилмани бошқа вилоятларга ўрнак қилиб кўрсатса арзийди", - деб айтиб ўтди Кочнев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!