Германияда футбол сир-асрорларини ўрганаётган ўзбекистонлик иқтидор билан интервью

Германия футболи таърифини бутун дунё эшитган. Немис ўйинчиларига ҳамма ҳавас билан қарайди. Миллионлар ўйини бўйича айнан Германияда таҳсил олишни орзу қиладиганлар ҳам бисёр.

Даврон Қориев шундай орзуси рўёбга чиққан ҳамюртларимиз сирасига киради. Яқинда 14 ёшни қаршилаган иқтидор эгаси Германиядаги Jugend-Fussball Leistungzentrum футбол мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади.

Ёш йигитчанинг олмон ўлкасига қандай бориб қолганини эса, яхшиси, унинг ўзидан эшитганингиз маъқул. Аввало, қўшимча қилишимиз керак, Даврон билан ёзги таътилнинг сўнгги кунлари ҳамсуҳбат бўлгандик.

БИРИНЧИ УСТОЗ

Даврон, биринчи навбатда, футболга қандай ошно тутинганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. Сизда спортнинг бу турига айнан қачон алоҳида ҳавас туғилган?

- Ҳаммаси оилавий муҳитдан бошланган. Эсимни танибманки, тўпга энг севимли ўйинчоқ сифатида қараганман. Отам - миллионлар ўйинининг ашаддий шинавандаси. Хуллас, бўш вақт юзага келса, бас, мен ва акам билан бирга тўп тепарди.

Умуман, айнан дадамни биринчи устозим сифатида биламан. Зеро, кўп нарсалар, айниқса, финтларни ундан ўрганганман. Ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатиб, кейин такрорлашга интилардим.

Шу боис, 7 ёшда «Пахтакор» футбол мактабига борганимда, машғулотларда унча қийналмадим. У ерда Дмитрий Ан қўл остида шуғулландим.

Ўйиним мураббийимизга ёқди, шекилли, кейинчалик мени жамоа сардори этиб тайинлади. «Пахтакор» мактабида 6 йил таҳсил олгач, кўрикдан ўтиш учун Германияга йўл олдим.

ХОРИЖ

Футбол машғулотларини немислар ўлкасида давом эттириш ташаббуси кимдан чиқди?

- Мураббийларимиз тавсиясига биноан, отам билан Jugend-Fussball Leistungzentrum мактабига бордик ва кўрикдан муваффақиятли ўтгач, ўша ерда қолдим.

Ҳали жуда ёшсиз, юртдан узоқда ўқиш оғирлик қилмаяптими?

- Албатта, Ватандан йироқ бўлиш қийин. Хусусан, Германияга боргач, дастлабки кунлар тезроқ ортга қайтишни хоҳладим. Лекин профессионал футболчи бўлиш, ниятга эришиш учун ҳар қандай мураккабликларга чидаш керак.

Қолаверса, яқинларим ёрдам беришди, оила аъзоларим билан ҳар куни гаплашиб турдим. Айниқса, ота-онам далда бўлишди. Аксарият жаҳон юлдузлари болалиги шунга ўхшаш мураккаб ўтган. Ҳамма уларга ўхшашни орзу қилади, шу жумладан, мен ҳам.

Ҳаммасига қўл силтаб, уйга қайтишни истаган вақтларингиз кўп бўладими?

- Деярли ҳар куни такрорланади (кулади). Бегона юртга кўникиш осон эмас. Об-ҳаво бошқача, ўзбекча гаплашадиганлар йўқ. Битта ўзбекча ибора эшитишга зор бўласиз.

Муҳими, аста-секин ҳаммасига кўникдим. Мактабимиз жуда яхши, шароитлар ҳавас қиладиган даражада. Биздан талаб қилинадигани - кўпроқ шуғулланиш ва албатта, яхши ўқиш.

ЎҚИШ

Jugend-Fussball Leistungzentrum мактабида ўқиш жараёни қайси тилда олиб борилади? Бу борада қийналмаяпсизми?

- Инглизчани яхши биламан, ота-онам ёшлигимдан ўргатишган. Jugend-Fussball Leistungzentrum мактабида таҳсил олиш учун эса немисчани ҳам ўрганишга тўғри келди.

Ҳозир бу тилда бемалол сўзлашяпман, ўқияпман, хуллас, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо билим юртида лоақал бир нафар ўзбекистонлик ўртоғим ўқиганида, зарар қилмасди (кулади).

Ўзимиздаги футбол мактаблари ва Jugend-Fussball Leistungzentrum ўртасида қандай фарқ бор?

- Бизда ҳам машғулотлар яхши олиб борилади. Аммо немис футболи билан таққослаганда, тафовут бор, барибир. Мени ҳаммасидан кўпроқ ҳайрон қолдиргани, Jugend-Fussball Leistungzentrumда нафақат футбол, балки мактаб дарсларига ҳам талаб юқори.

Агар бирор фанни ўзлаштиришда қийналсангиз, мураббийлар аввало, машғулотлар эмас, дарсга эътибор қаратишни сўрашади. Хуллас, ўқувчи дарсларни ўзлаштирмай туриб, футбол билан хотиржам шуғулланолмайди. Бошқача айтганда, биринчи навбатда, яхши ўқиш талаб қилинади, кейин футбол.

Бунинг сабаби нима? Ахир футбол мактабининг асосий вазифаси иқтидорли ўйинчиларни тарбиялаш эмасми?

- Шундай, лекин мактабда таҳсил олган барча тарбияланувчиларнинг профессионал футболчи бўлишларига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Мураббий ва ўқитувчиларимиз шу гапни кўп такрорлашади. Ўзимиздан мисол, ҳар йили қанчадан-қанча ёш ўйинчилар чиқишади, аммо ҳамма ҳам ўйнаб кетолмайди-ку.

Қисқаси, Jugend-Fussball Leistungzentrum мактабида болаларни футболдан ташқари, ҳаётга тайёрлашга катта эътибор қаратилади. Зеро, битирувчиларнинг футболда омадлари чопмаса, кейинчалик исталган олийгоҳда ўқишни давом эттиришлари мумкин.

Мактабда сиздан ташқари, бошқа мамлакатлардан келган ўқувчилар ҳам борми?

- Ҳа, хорижликлар кўп. Дейлик, Жанубий кореялик икки бола мен билан синфдош. Умуман, Jugend-Fussball Leistungzentrumга бутун дунёдан болалар келишади. Ҳаммамиз аҳилмиз.

НОН ВА ТИЛАК

Германияда ота-она, ака-ука ва яқинларингизни соғинишингиз тайин. Яна нималарни қўмсайсиз?

- Нонимизни. Тошкентда ҳар куни эрта тонгда иссиқ нон билан нонушта қилардик. Германияда шу нарса етишмаяпти. Тўғри, камимиз йўқ, нонуштага юмшоққина булочка беришади. Аммо ўзбек нонига ҳеч нарса етмайди-да, барибир!

Суҳбатимиз охирида тенгдошларингизга нима дейишни хоҳлардингиз?

- Германияда шунга амин бўлдимки, кўп ўқиган инсон албатта, ютар экан. Мактабимизда турли ўлкалардан келган болалар бор, улар орасида мен ҳақимда нотўғри фикр туғилмаслиги учун яхши ўқишга ҳаракат қиляпман.

Чунки четга чиқдимми, юртимиз тўғрисида менга қараб муайян хулоса чиқаришади. Шунинг учун бор кучни биринчи навбатда, ўқишга қаратяпман.

Немис методикаси ўзимизда қўлланилади

Давронбек билан суҳбатимиз якунлангач, унинг отаси - Дилшод ака Қориевдан ҳам интервью олишни жоиз билдик.

Зеро, бу инсон нафақат ўз фарзандига хорижда таҳсил олиш имконини берди, балки ўзимизда ҳам немис методикаси асосида футбол мактаби очилишига бош-қош бўлди.

Яқинда юртимизда Jugend-Fussball Leistungzentrum филиали - Jugend-Fussball in Tashkent иш бошлади. Дилшод ака билан суҳбатимиз Давронбек ҳақидаги саволлар билан бошланиб, JFL мавзусида давом этди.

Дилшод ака, Давронни Германияда ўқитиш фикри қачон пайдо бўлди? Яхши биламизки, бу осон эмас...

- Ҳар қандай ота-она фарзандлари камолини кўришни хоҳлайди. Уларнинг қизиқиши ва иқтидорига қараб, шароит яратиб беришга масъул бўлади. Даврон «Пахтакор» мактабида шуғулланиб юрганида, мураббийлар уни хорижда синаб кўришни тавсия этишди.

Очиғи, шундай таклиф ўртага ташлангач, қандай бўлмасин, Давронни Европага олиб боришни ўйлай бошладим. Футболи ривожланган ўлка сифатида Германияни танлаб, немис мактабларини ўргандим.

Бир қатор таълим масканларига бориб, шароитлар билан танишдим. Улар орасида нафақат футбол машғулотлари, балки тартиб ва ўқитиш тизими ҳам кўнгилдагидек йўлга қўйилган Jugend-Fussball Leistungzentrum маъқул келди.

Тўғриси, Германиядаги бошқа мактабларни камситмоқчи эмасман, чунончи, немис футбол методикасига кўра, барча таълим муассасаларида ҳеч бир фан эътибордан четда қолмайди. Аммо Jugend-Fussball Leistungzentrum алоҳида ажралиб туради.

Тошкентда Jugend-Fussball Leistungzentrum филиалини очиш ғояси қандай юзага келди?

- Олмон ўлкасидаги шарт-шароитларни кўргач, «Нима учун ўзимизда ҳам шундай муассаса очмаслигимиз керак?» қабилида ўйлаб қолдим. Германия футбол мактаблари донғи бутун дунёга таралган.

У ерда фаолият олиб бораётган малакали мутахассислар жаҳон футболига кўплаб юлдузларни етиштириб беришган. Хуллас, футболнинг ашаддий мухлиси сифатида мамлакатимизда ҳам худди шундай мактаб бўлишини истадим.

Қолаверса, немис методикаси нафақат футбол, балки ёшларни шахс сифатида тарбиялашга катта аҳамият қаратиши билан ҳам ҳайрон қолдирди. Мактабга келган бола жуда иқтидорли бўлиши мумкин, аммо футбол - жароҳатларга бой спорт тури.

Тушунарлики, профессионал футболчи бўлиб етишиш жуда қийин. Очиғи, ўзим ҳам болалигимда миллионлар ўйини билан астойдил шуғулланганман. Афсуски, профессионал тарзда фаолият юритиш насиб қилмади.

Менинг ҳолатимга тушган аксарият тенгқурларим эсанкираб қолишганди: футбол ўйнай олишмайди, бошқа иш этагини тутиш учун эса тайинли ҳунарлари йўқ. Германияда ўтмишимни кўп эсладим ва Тошкентда ҳам худди шундай мактаб очишга бел боғладим.

Jugend-Fussball in Tashkent футболдан ташқари, яна нималарга эътибор беради?

- Мактабимиз болаларни фақат футбол ўйнашга ўргатиш билан чекланмайди. Бу даргоҳда инглиз ва немис тилларини ўргатадиган малакали мутахассислар фаолият юритадилар.

Қолаверса, алоҳида методиклар тарбияланувчиларнинг мактаб дарсларини ўзлаштиришларини назорат қилишади. Бундан ташқари, сувда сузиш бўйича машғулот ўтайдиган мураббий бор.

Болалар Jugend-Fussball Leistungzentrum мактабига келгач, нафақат футбол ўйнашлари, балки аъло баҳоларга ўқишлари ҳам шарт.

 

Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди

Манба: www.interfutbol.uz

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!