Ғолиблик нашидаси қанчага чўзилди?

Кундан кунга оммавийлашиб бораётган футбол спорт тури аллақачон ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб улгурди. Кундалик турмуш тарзимизни футболсиз тасаввур қилиш мушкул иш бўлиб қолмоқда. Миллий терма жамоамиз ва Олий лига баҳсларини бир четга суриб қўйган ҳолда, фикру хаёлларимизни ўғирлаган Европа миллий чемпионатлари ҳақида сўз юритсак мақсадга мувофиқ бўлса керак. Чунки биз жозибадор футбол ҳақида гап бошлашни мақсад қилганмиз.

Гарчи барчанинг эътиборида бўлган Европадаги топ чемпионатлар ўз якунига етган бўлсада, жамоалар ва футболчилар билан содир бўлаётган янгиликлар билан ўзимизни бироз овутиб турибмиз десак айни ҳақиқат бўлса керак. Айтгандай, ҳувиллаб қолган Россия майдонларида ўтказилаётган Конфедерациялар Кубоги ҳам бизга футбол ҳавосидан баҳра олишга бироз имкон туғдирмоқда.

Эътиборингизга Европа миллий чемпионатлари тарихида қайд этилган энг узоқ давом этган ғалабали серияларни ҳавола этамиз.

ЦСКА. 13 та ғалаба

Турнир: Росиия премьер лигаси

Серия давомийлиги: 2014 йил 15 мартдан 2014 йил 17 августга қадар

Россиянинг ғалабалар серияси бўйича рекордчиси бўлиш бахти ЦСКАга насиб қилди. 2014 йил баҳорида Леонид Слуцкий кетма-кет 10 та баҳсда муваффақият қозонди ва “Зенит”дан олтинни тортиб олди. Армянларнинг “Зенит” устидан қозонган зафари билан старт олган ғалабалар серияси “Спартак”дан мағлуб бўлиш билан ниҳоясига етди. Ибтидо ҳам, интиҳо ҳам ўзига хос, шундай эмасми?!


АРСЕНАЛ. 14 та ғалаба

Турнир: Англия премьер лигаси

Серия давомийлиги: 2002 йил 10 февралдан 2002 йил 24 августгача

Тан олиш керак, ҳозир “Арсенал” мухлислари Арсен Венгернинг истеъфога чиқишини исташяпти, аммо янги аср аввалида ҳаммаси мутлақо ўзгача эди. Француз мураббийини ҳамма бирдек қўллаб-қувватлар, муҳими тўпланган очколар эмас, балки ғалабалар эди. 2001-2002 йил мавсумида жамоа кетма-кет 13 та баҳсда зафар қучди ҳамда Венгер мураббийлиги остида иккинчи маротаба Англия чемпиони бўлганлигини нишонлади. Кейинги мавсумда ҳам ғалабалар серияси муносиб тарзда давом эттирилди.


БАРСЕЛОНА. 16 та ғалаба

Турнир: Испания Ла лигаси

Серия давомийлиги: 2010 йил 16 октябрдан 2011 йил 12 февралига қадар

Бу ерда Пеп Гвардьола ўзининг яна бир рекорд натижасини кўрсатди. 2010-11 йил мавсумида “Барселона” учта турнирда ғалабага бир қадам қолганда; Испания Кубоги финал баҳсида “Реал”га ўз ўрнини бўшатиб берди. Аммо Чемпионлар лигаси ва Примеро олтинини қўлдан бой беришмади. Испания чемпионатини кўпинча “Иккита клуб турнири” дея аташади. Буни инкор қилмоқчи бўламиз-у, аммо тан олиш керакки, ўша мавсумда ҳақиқатан ҳам “Барса” ва “Реал” бошқа клублар орасида яққол кўзга ташланиб турган эди. Афсуски, 16 серияли ғалабалари билан ҳам каталонияликлар тўлақонли лаззатлана олишмади, мавсум якунида атиги 4 очко билан  Мадриддан ортда қолишди: 96 га 92. Начора...


РЕАЛ МАДРИД. 16 та ғалаба.

Турнир: Испания Ла лигаси

Серия давомийлиги: 2016 йил 2 мартдан 2016 йил 21 сентябрга қадар

“Реал”нинг ўтган йилги рекордини бемалол Зиданнинг номи билан боғлаш мумкин. Январ ойида “афсонавий” Рафа Бенитеснинг мураббийлик ўрнини эгаллаган Зизуга “Қироллик клуби”ни ғалабаларга кўмиб ташлаш учун бир неча ой кифоя қилди. Тўғри, 12 та ғалаба билан “Барселона”дан ўзиб кета олишмади, аммо Чемпионлар лигаси финалида “Атлетико”ни мағлуб қилишга қурби етди. Кейинги мавсумда эса беш йиллик танаффусдан сўнг премьера олтинини қўлга киритишди, бу уларга Европанинг бош кубоги учун ҳал қилувчи баҳсда иштирок этиш имконини берди. “Қироллик клуби”нинг юлдузи Криштиану Роналдуга келадиган бўлсак, у Конфедерациялар Кубоги доирасида Португалия терма жамоаси таркибида ўзини кўрсатиш имконига эга бўлди.


ИНТЕР. 17 та ғалаба

Турнир: Италия А серияси

Серия давомийлиги: 2006 йил 5 октябрдан 2007 йил 28 февралгача

Ушбу серия батамом “Интер”нинг ҳукмронлиги остида ўтди. 2006 йил ёз якунига келиб А серия “ҳувиллаб қолди, гўё: “Ювентус”, “Милан”, “Лацио”, “Фиорентина” – барча рақибларини суриб чиқарган “Интер” бир нафасда ғолиблик шоҳсупасига чиқиб олди. Кузнинг ўрталаридан қишнинг охирига қадар бўлган муддат кетмағкет 17 та ғалабани қўлга киритиш учун етарли бўлди, битта мағлубиятни ҳисобга олмаганда, албатта.


БАВАРИЯ. 19 та ғалаба

Турнир: Германия Бундеслигаси

Серия давомийлиги: 2013 йил 19 октябрдан 2014 йил 29 мартга қадар

Ҳа, Пеп Гвардьоланинг Бавариядаги мураббийлик фаолияти ҳавас қиларлик даражада бошланмаган эди. Германия Суперкубогида Дортмунднинг “Боруссия”сидан таъзирини еган жамоа бир неча ўртоқлик учрашувларидан сўнг “ўзига келди”. Европа Суперкубогида “Челси”ни мағлуб этишди. Худди шу нуқтадан жамоанинг муваффақиятлари старт олди. Октябр охирига келиб, Роббен, Мюллер, Манжукич ва жамоанинг бошқа аъзолари мағлубиятлар ҳақида унутиб ҳам юборишган эди. Мартнинг сўнгидаёқ Бундеслига чемпионлигини қўлга киритишига ўзини ҳам, бошқаларни ҳам ишонтирган жамоа сал бўшашди, шекилли, “Хоффенхайм” билан бўлган баҳсдаги дуранг натижа ғалабали серияи кўрсатгичи 19тага етганда нуқта қўйилди.


ПСВ. 22 та ғалаба

Турнир: Голландия чемпионати

Серия давомийлиги: 1986 йил 26 апрелдан 1988 йил 17 январгача

Гус Хиддинк Эйндховенда ўзининг мураббий сифатидаги мўжизаларини кўрсата бошлаган эди. 1986-87 йил мавсуми якунига 10 та тур қолганида ПСВга келган Хиддинк “Аякс”дан ўзиб кетиш билан чекланиб қолмади. 1987 йил баҳоридаги олтита ғалаба кўзига камроқдек кўринди шекилли, яна 16 та зафарли натижалар билан жамоанинг ғалабалар коллекциясини бойитди. Кейинги мавсумда маҳаллий чемпионатда олтинни қўлга киритиш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмади. Голландия Кубоги ва Чемпионлар Кубоги ҳам ПСВнинг мукофотлар жавонидан жой олди.


ФРЕНЦВАРОШ. 28 та ғалаба

Турнир: Венгрия чемпионати

Серия давомийлиги: 1930-31 ва 1932-33 йил мавсуми

Венгрияда ўша йилларда ўтказилган чемпионат ҳақида гувоҳлик берувчи календарларни топиш ҳам амримаҳол бўлса керак. Ким билади, Гитлер ўз лагерларида уларни ҳам ёқиб юборганми!? Аммо орадан ўтган йиллар венгерларнинг афсонавий ғалабалари қийматини бир заррага ҳам камайтира олмади.1931-32 йил мавсумида ақл бовар қилмас натижа кўрсатилди: 22 та баҳсда 22 та ғалаба!!! Киритилган голлар – 105 та, ўтказиб юборилган голлар – 18 та. Бунақа натижани кўриб, ўша пайтда “Френцварош”дан бошқа жамоалар ҳам футбол ўйнашни билганмикан ўзи, деб ўйланиб қолади одам...


ДИНАМО Загреб. 28 та ғалаба

Турнир: Хорватия биринчи лигаси

Серия давомийлиги: 2006 йил 8 ноябрдан 2007 йил 23 сентябргача

Загреб “Динамо”сининг пешқадамлари – Манжукич, Модрич, Эдуарду, Чорлука Европа чемпионатлари доирасида ўз карьераларини энг пастки пиллапоядан юқори чўққига олиб чиқишди. Ўзида ёш истеъдод соҳибларини жамлаган бу жамоа ўнг-у сўлдаги рақибларини зир титратди. 2006-2007 йил мавсумини муваффақиятли бошлаган “Динамо” шу маромни кейинги йилдаги чемпионатда ҳам сақлаб қола олди, кетма-кет ғалабалар қўлга киритилди, аммо “Бенефика”ни маҳв этишнинг уддасидан чиқа олишмади. Португалияликларнинг рекорд натижалари ҳамма қатори загребликларнинг ҳам ҳавасини (балки ҳасадини ҳам) келтиргани рост. Бу рекордни янгилашга аҳд қилган “Динамо”нинг орзусини ўзининг 4:3 ҳисобдаги камтарона ғалабаси билан “Вартекс” чиппакка чиқарди.


БЕНФИКА. 29 та ғалаба

Турнир: Португалия чемпионати

Серия давомийлиги:1972 йил 9 апрелдан 1973 йил 1 апрелгача

1960-70 йилларда “Бенфика”нинг шуҳрати оламни тутган эди. Юнон афсонаси Голиафга бас келгудек қудрати билан ҳаммани ҳайратга солган жамоа Европа Чемпионлар лигаси финалига беш марта йўлланма олди ва шунинг иккитасида зафар қучди. Икки ўн йиллик мобайнида “Лочинлар” Португалияда 14 маротаба олтинни қўлга киритишди. Эйсебио юлдузи порлаб турган бу жамоа учун ҳар қандай рекорд натижа чўт эмас эди. Португалия чемпионатида кетма-кет 29 та муваффақиятли натижа кўрсатган жамоа учун ғалаба қилиш хамирдан қил суғургандек эди гўё. 1971-72 йил мавсуми якунидаги олтита ғалаба, 1972-73 йилга келиб  28 тага (иккита дуранг натижа) етди. 1973 йил 1 апрелда “Порту” форварди Флавиу Миниану асосий вақтнинг якунига 4 дақиқа қолганда ҳисобни тенглаштирди. Бу билан лиссабонликларнинг танатанавор ғалабали серияси якунига етди.

Саодат Абдураҳмонова

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!