ҲИЛОЛА БАДАЛОВА – ЕНГИЛМАС КАРАТЭ УСТАСИ

16 сентябрь,2017, 14:38 1179

ҲИЛОЛА БАДАЛОВА – ЕНГИЛМАС КАРАТЭ УСТАСИ

 

Ҳилола Бадалова – мамлакатимизнинг энг истеъдодли спортчиларидан. У нафақат спортда, балки ўзи қўл урган ҳар қандай соҳада фаол ва етакчи бўлишга уринади.

Бугун гўзал спортчи қизимиз ўзининг туғилган кунини нишонламоқда. SPORTS.uz ахборот портали вазиятдан фойдаланиб,  Ҳилола Бадалова билан бўлган суҳбатни эътиборингизга ҳавола этади.

– Каратэга қизиқиш қачондан бошланган ва бунга нима сабаб бўлган?

– Каратэ билан шуғулланаётганимга ўн йил бўляпти. Аслида яккакурашнинг бу тури билан  шуғулланишни кеч бошлаганман, яъни 11 ёшимда. Болалигимдан каратэ, таэквандо, дзюдо каби спорт турлари ёқарди. Мактабда ўқиб юрган пайтларим нимжон, озғин қиз бўлганман. Шунинг учун ота-онам мени спортга беришга чўчишган. Кунлардан бир кун мактабда қўшимча дарсга қолдим. Дарсдан кейин, мактабни айланиб юрсам, спорт залдан болаларнинг овози эшитиган. Қизиқиб эшикни очиб қарасам, кимдир ката машқларини, техникани ўрганаётган, кимдир қоп тепиб, ураётган эди. Шу пайт биринчи мураббийим Темур ака менга: “форманг борми, қизиқасанми? Қўлингдан нима келади? Қани, кўрсатчи”, дедилар.

Формамни алмаштириб, залга кирдим ва тўғримда турган қопни зарб билан тепдим. Боғчада гимнастика билан шуғулланганим учун оёғимни баланд кўтара олган эдим. Буни кўрган устозим мени дарро шогирдликка олди. Мени мактабдан дадам олиб кетардилар. Дарсим тугаган бўлса-да, чиқавермаганим учун қадириб, залгача келибдилар. Дадам каратэ билан шуғулланишимга қаршилик қилмадилар.

Каратэчи бўлишим бу – тақдир экан. Шу билан машғулотларга киришиб кетдим. Айтмоқчи, биринчи мусобақамдаёқ совриндорлар қаторидан жой олиб, бронза медалини қўлга киритганман. Бундан яқинларим жуда ва жуда хурсанд бўлишган.

– Каратэни тарк этиш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

– Баъзан қийналиб кетган вақтларимда шунақа фикр бўлган, аммо спортчи иродали бўлиши керак, шунинг учун чидаб, сабр билан ҳаракат қилишда давом этяпман. Мисол учун, бир кун машқ жараёнида қўлимдан ҳеч нарса келмаган. Жудаям кўнглим тушиб кетди. Шунда: “бўлди, мен бошқа машғулотларга қатнашмайман, қўлимдан кемаяпти”, дегандим.  Ота-онам эса: “Шу пайтгача қилган ҳаракатларинг,  қийналганларинг  энди бекор кетадими? Сен ёшлигингдан ўзинг спортни танлагансан, тренер топиб, қатнашгансан. Энди ташлаб кетасанми?”, деб мени яна спортга руҳлантирганлар.

Кейин ўйлаб кўриб, спортга бўлган  қизиқишим яна залга етаклади. Ўшанда ота-онам тўғри йўл кўрсатишмаганида, ким бўлишимни билмас эдим. Тўғри, дизайнер бўлишим мумкин эди, лекин ҳозир ҳам дизайнер, ҳам каратэчиман. Бундан эса жуда хурсандман.

– Спорт билан бир қаторда дизайнерлик соҳасида ҳам анчагина муваффақиятларга эришган экансиз. Сиз учун қайси бири қадрлироқ?

– Аслини олганда, иккаласи ҳам мен учун қадрли. Бу соҳалар бир-бирига жуда яқин, деб ҳисоблайман. Иккисини ҳам кетма-кет олиб боришга ҳаракат қиламан. Тиззамдан жароҳат олган вақтимда лицейда ўқирдим. Ўша пайти каратэ билан шуғуллана олмаганим учун ўзимнинг янги миллий ва замонавий  либослардан иборат  коллекциямни ташкил қилганман. Бу кўргазма  кўпчиликнинг ёдида қолган. Ўшанда бу соҳада ҳам муваффақиятга эриша олишим мумкинлигини тушунганман. Мисол учун, каратэда қайсидир машқни бажара олмасам, эътиборимни янги либос яратишга қаратаман. Бу кейин ўша уддаланмаган вазифани бажаришимга кўмак беради

– Ҳозир ҳам спортдан ташқари, ҳам ишлаб, ҳам машғулотларни давом эттирар экансиз. Бу ишларга қандай улгурасиз? Яна бу ёқда дизайнерлик ишлари...

– Бунинг ҳаммаси жуда оддий. Бир-бирига ҳалақит қилмайди. Сабаби ишим ҳар куни соат 17:00 гача, машғулотим эса 18:00 дан 20:00 гача давом этади. Дизайнерлик билан эса шанба ва якшанба кунлари машғул бўламан.

– Биринчи ғалабангиз ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз. Умуман, сиз учун энг қадрли ғалаба қайси бўлган?

– Биринчи марта 2010 йилда ёшлар ўртасида ўтказилган чемпионатда қатнашганман. Унда 3та жангда  ютиб, 3-ўринни эгаллаганман. Гарчи олтин медаль ололмаган бўлсам-да, жуда хурсанд эдим. Чунки ҳеч ким совриндорлар қаторига киришимни кутмаган. Сабаби рақибларим тажрибали эди. Мен эса биринчи марта иштирок этаётган эдим.  Шундан кейин мусобақалар мусобақаларга уланиб кетди. Медаллар кўп, лекин албатта улардан биринчиси энг қадрлиси бўлади.

Шунингдек,  биринчи олтин медалнинг ҳам қадри бўлакча. Мамлакат биринчилигида 6 та жангдан ўтиб, еттинчисида энг кучли қиз билан тушиб қолганман. Ўшанда бошқа иштирокчиларнинг жанглари 2 дақиқа давом этган бўлса, бизники 7 дақиқагача чўзилган. Кейин “Олтин очко” қоидасига кўра, баҳс ким биринчи бўлиб аниқ зарба бергунича давом этган. Сўнгги ҳисоб 10:9 бўлган ва ҳакамлар менинг қўлимни кўтаришган.

–  Кўп чет давлатларда бўласиз. Қайси  мамлакатлар кўпроқ ёқади?

– Германия, Франция, Озарбайжон, Малайзия, Индонезия, БАА, Қатар, Туркия, Қозоғистон, Корея, Бразилия каби давлатларда бўлганман. Японияга эса тиззамдан жароҳат олганим учун бора олмаганман. Борган давлатларим орасидан энг ёққани Германия бўлган. У ернинг одамлари, манзаралари менда жуда яхши таассурот уйғотган.  Улар қонун-қоидага, маданиятга катта аҳамият беришади. Менга ёққан томони ҳам шунда. Масалан, бўйим 1,83 см. Жамоада ҳам энг баланди менман. Шунинг учун ҳам чет элга борганимизда бўйим ҳақида кўп гапиришади. Бу менга унчалик ёқмайди, лекин фақатгина Германия ва Францияда бўйимга ҳеч ким аҳамият бермаган. У ернинг одамлари ҳаммани борича қабул қилишар экан.

– Каратэда анча муваффақиятга эришиш билан бирга тажриба ҳам орттирдингиз. Келажакда мураббийлик қилиш ниятингиз борми?

– Албатта, ниятим бор. Ҳозир ҳам уйимда кичкина залим бор. У ерда барча шароитлар яратилган. Ҳаттоки шуғулланишга болалар ҳам келиб туришади. Келажакда катта зал очиб, юртимизни дунёга танитадиган кўплаб шогирдларни етказиб беришни ният қилганман, лекин ҳозирдан мураббий бўлиш қанчалик қийинлигини тушуняпман. Мураббийларимга каратэнинг сир-асрорларини сабр билан ўргатишганлиги, тажрибаларини бўлишишганликлари учун миннатдорлик билдираман.

Шу ўринда, мураббийларингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

– Биринчи мураббийим Темур ака Миракилов бўлганлар. Улардан каратэнинг илк сабоқларини олганман. Кейин Ўзбекистон каратэ терма жамоасида  Хўжамқул Хўжақуловдан бу спорт турининг сир-асрорларини ўргандим. Мен каратэ бўйича терма жамоага 2013 йилда “Тўмарис маликаси” шарқ яккакурашлар мусобақасида гран-при соҳибаси бўлганим учун таклиф этилганман. Мураббийимнинг розилигини олиб, машғулотларни бошладим. Бир ой ўтгандан кейин жуда катта ўзгаришлар бўлди. Янги техникаларни ўргандим. Тажрибам ортди.

Келажакдаги мақсадларингиз қандай. Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз...

– Биринчи ўринда жаҳон чемпионлигини қўлга киритишни мақсад қилганман, албатта. Келажакда эса катта дизайнер бўлиб, ўзбек либосларида янгилик яратиб, уни дунёга янада машҳур қилиш. Бундан ташқари, ўзим режалаштиргандек чемпион бўладиган, юртимизни байроғини юқориларга кўтарадиган шогирдларни тарбиялаш мақсадини ҳам ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

– Каратэни мусобақалардан ташқарида, ҳаётий вазиятларда ҳам қўллаганмисиз?

– Каратэни ўзимни ҳимоя қилиш учун ўрганганман. Биринчи мусобақамда медалгача етиб бориб, бронза медални қўлга киритганимдан сўнг, ўзимда муваффақиятларга эриша олишимга ишонч уйғонган. 2011 йилда ўтказилган Ўзбекистон чемпионати финалида мағлубият нималигини билмай келаётган спортчини енгишга муваффақ бўлдим. Қизиқарлиси, уни менгача ҳеч ким юта олмаган экан. Шундан кейин янада катта марраларни забт этишим кераклигини англаганман.

 Саволга қайтадиган бўлсак, каратэ қўл келган вазиятлар кўп бўлган. “Тўмарис маликаси” кўрик танловига тайёргарлик пайти қўшимча машқ бажариб, ҳаммадан охирида кетишга тўғри келган. Устига-устак кеч ҳам бўлиб қолган. Уйим залдан унчалик узоқ эмас эди, аммо уйларни оралаб, пиёда кетардим. Бир гал орқамдан битта бола кузатиб келаётганини сездим. Тезлашсам, тезлашади. Тўхтасам, тўхтайди. Кейин қўрққанимдан югурдим. Югурсам, у ҳам ортимдан югуряпти. Кейин жаҳлим чиқди. Нима қилишни билмай, олдига бордим ва зарб билан қорнига тепдим. У буни кутмаганди. Зарбамдан ерга ётиб қолди. Қўрқиб кетганимдан қандай уйга келиб қолганимни ҳам сезмай қолдим.

– Олимпия ўйинларига таэвандонинг WTF тури киритилган. Унда қатнашишга ҳаракат қилиб кўрмаганмисиз?

– Бир марта ҳаракат қилиб, уч ой тинимсиз машғулотлар олиб борганман. Менга ёқди. Мураббийлар ҳаракатларим яхшилигини айтишиб, катта мусобақага чақиришди. Лекин, барибир, мен таэквандога ўрганишим ва кўникиўшим учун анча вақт кетади. Бундан ташқари, таэквандонинг ҳаракатлари бироз қўпол туйилган. Айниқса, кўпроқ бошга тепиши менга унча маъқул келмаган.

Профессионал жангларда қатнашиш ниятингиз борми?

– Авваломбор, қиз бола барибир ўзини асраши керак. Профессионал жанглар оғир кечади, зарбалар қаттиқ бўлади. Агар зарба ўтказиб юборсангиз, бошингиздан жароҳат олишингиз, бу ҳаттоки, мия чайқалишига олиб келиши мумкин. Ҳаттоки, суяк синиши эҳтимоли ҳам бор.

Каратэда ҳам жароҳатсиз бўлмайди. Мисол учун, Осиё чемпионатида лабим ичидан йиртилган.  Бурним ҳам бир марта синган.

Профессионал жанг эса хавфлироқ. Ҳар хил ҳолатлар кузатилиши мумкин. Қиз бола гўзаллигини, саломатлигини асраб қолиши керак. Профессионал жангда эса бу анча қийин.

Олдинда сизни қандай мусобақалар кутяпти?

– Ҳали маълум эмас. Ҳозирча спорт формамни сақлаб туриш учун машғулотларни давом эттиряпман. Сентябрнинг охири октябрнинг бошида каратэ бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасига саралаш бўлади.

Қайси машқлар сизга кўпроқ ёқади?

– Ката машқларини бажариш жуда ҳам ёқади. Ҳатто бир неча мусобақаларда катада юқори натижаларни кўрсатганман. Мен учун махсус техниканинг ҳам ўз ўрни бор. Бунда олтита тахтани синдира оламан.

Каратэ бўйича қайси давлатлар спортчиларини кучли, деб ҳисоблайсиз?

– Япониялик спортчиларни таъкидлаб ўтган бўлардим. Бундан ташқари, каратэ бўйича ирландиялик, украиналик рақибларимизни ҳам ўзига яраша кучли,  деб айтиш мумкин. Озарбайжонлик каратэ усталари ҳам муносиб рақиб эканликларини кўп мусобақаларда кўрсатишган.

– Таэквандо билан каратэни бир-бирига ўхшатишади, лекин фарқли жиҳатлари ҳам бор. Сизнингча, фарқи ва ўхшашликлари нимада?

– Ўхшаш томони киядиган киманомиз бир хил. Жанг пайтида сакраб турамиз, оёқда бир хил машқ бажарамиз. Таэквандода оёқни кўп ишлатишади. Таэквандочилар рақибни кузатиш, кутиш билан алоқа боғлашади. Уларда нокаут ҳолати ҳам бўлиши мумкин. Биз каратэчиларда эса бундай ҳолат деярли кузатилмайди. Жанг пайтида рақибга қарши ўз техникамиздан фойдаланамиз. Каратэда қўл, оёқ иккаласи тенг ишлатиш керак. Фикримча, агар таэквандочи билан каратэчи жанг қилса, таэквандочи бироз қийналиши мумкин, чунки таэквандочилар асосан оёқ билан ишлайди.

Суҳбатингиз учун раҳмат. Фаолиятингизда омад тилаймиз!

SPORTS.uz