Ҳакамларга мазах бўлаётган "Реал Мадрид"

Аксарият ўйинларни кузатганимизда ҳакамлар Мадриднинг “Реал” клубига очиқдан-очиқ ён босаётгандек туйилади. Бу эса томошабинларнинг адолат истагида ёзилган изоҳларига сабаб бўлади. Ҳакамларнинг ҳуштаги фақат “Реал” фойдасига чалинади деб ўйлайдиганлар эътиборига қуйидаги фактларни ҳавола этамиз. Ҳакамларнинг адолатсизлиги сабабли мадридликларнинг жуда ҳам керакли бўлган очколарни бой бермоқда. Қуйида “Реал”нинг очколар билан хайрлашишига тўғри келган ҳолатларни санаб ўтамиз.

Демак, енгни шимарган ҳолда ишни Ла Лига баҳсларидан бошлаймиз.

2-тур. Реал Мадрид – Валенсия 2:2.

Ҳакам “Реал” фойдасига камида 3 маротаба 11 метрлик нуқтани кўрсатиши керак эди. Мадридликларнинг мавсумда бой берган биринчи очкоси билан “табриклаймиз” (-2 очко)


3-тур. Реал Мадрид – Леванте 1:1.

Чема Родригез ўзининг жарима майдончасида Тео Эрнандесни “четга суриб қўйди”. Ҳакамларнинг фикрича, “қоидалар жой-жойида”. Яна икки очко “қулоғини ушлаб кетди”. (-2 очко)


5-тур. Реал Мадрид – Бетис 0:1.

Пеналти белгилаш учун иккита сабаб “мана мен” деб турган бўлса ҳам, ҳакам жим ўтиришни афзал кўрди негадир. Мавсумнинг навбатдаги муваффақиятсизлиги. (-3 очко)


8-тур. Хетафе – Реал Мадрид 1:2.

Хорхе Молина “Қироллик клуби” дарвозасига урилган ягона голни оффсайддан туриб киритган эди.


10-тур. Жирона – Реал Мадрид 2:1.

Кристиан Португес “Реал”нинг уч нафар ҳимоячисидан бироз олдинлаб кетган эди. Пабло Маффео томонидан берилган зарбани Португес осонликча дарвоза томон тўғрилаб юборди. Ён ҳакамнинг байроқчаси эса кўтарилавермагач, ушбу гол ҳисобга олинди. Натижада Жирона ғалаба қозонди.


11-тур. Реал Мадрид – Лас-Палмас 3:0.

Лас-Палмас жарима майдончасида Начонинг думалаб кетишига “ёрдам бериб юборишди”.  Ҳакамнинг сариқ майкадаги футболчиларга раҳми келди, шекилли.


Давом этамиз. Чемпионлар Лигаси 3-тур. Реал Мадрид – Тоттенхем 1:1.

Кейн "оффсайд"дан туриб Варанни ҳам доғда қолдирди. Қарабсизки, тўп Касильянинг дарвозасида. (-2 очко)


4-тур. Тоттенхем – Реал Мадрид 3:1.

Дастлабки голга қоидаларнинг "оёғини осмондан қилиб" эришилган бўлишига қарамай, Реал мағлубиятнинг "ширин" мазасидан “баҳраманд бўлди”. "Оффсайд"да турган Трипер тўпни эгаллаб олди, уни Аллига узатди, Алли эса дарвозани нишонга олишда адашмади.


1-тур. Реал Мадрид – АПОЭЛ 3:0.

Кипрликлар ўз жарима майдончаси ичида Роналдунинг оёқларига секингина зарба бериб қўйишди. Аммо бу ҳолат улар учун "қимматга тушмади". Ҳакам АПОЭЛнинг тарафини олишга қарор қилган кўринади.

Мавсум аввалида мадридликлар кўрсатган “тошбақа юриш” ўйинини оқламоқчи эмасмиз, аммо кундек равшан бўлиб турган адолатсизликлар бўлмаганда, Реалнинг ғалаба қозониш учун имкониятлари етарли эди. Ҳакамларнинг кўриш қобилияти панд берган бир пайтда, бой берилган очколарни инобатга оладиган бўлсак, Реал Ла лигада Барселонага ҳисоб бўйича бемалол етиб олиши мумкин эди (+8 очко).

Чемпионлар лигасида эса Тоттенхем эгаллаб турган биринчиликнинг ёнгинасидан мадридликларга жой насиб қилган бўларди. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, ҳакамларнинг ноҳақлиги мадридликларга ўз мағлубиятларини оқлаш учун баҳона бўла олмайди. Жароҳат олганлар тез орада сафга қайтишига ҳамда Зидан жамоани яна ғалаба чўққилари сари етаклашига умид қилиб қоламиз.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!