Ҳамид Актамов: Голимиз тўғри урилди

27 май, 13:25 132

Ҳамид Актамов: Голимиз тўғри урилди


 

Олий Лига 12-туридан ўрин олган «Динамо» – «Қизилқум» (0:1) учрашувидан кейин дастлаб «Қизилқум» клуби бош менежери Ҳамид Актамов ўйин борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

“Бугун ҳужумкор ва томошабоп ўйин бўлди. Футболчиларимизга катта раҳмат дейман, улар ўйин охиригача курашишди. Навоийдан келган мухлисларимиз ҳам бизни қўллаб-қувватлашди, уларга ҳам раҳмат. «Динамо» жамоаси жуда яхши шаклланган жамоа экан, бугун буни амалда ҳам кўрсатишди. Уларга кейинги ўйинларда омад тилайман”, – деди Актамов.

– «Қизилқум» урган голдаги вазият борасида қандайдир фикр билдира оласизми?

– Жарима тўпини тўғри амалга ошириб, тўпни жарима майдонига етказишди ва мезбонлар футболчиси ўз дарвозасига уриб қўйди. Фикримча, бу ерда «офсайд» йўқ, тўғри гол урилганди. Буни муҳокама қилмайман, назоратчиларнинг вазифаси бу.

«Қизилқум» таркиби анча кучли. Юнусов, Бойдуллаев, Геворкян, Ҳасановлар таркибда бор. Аммо жамоанинг пастки ўринларда юрганига бош сабаб нима?

– Умид қиламанки, жамоанинг омадсиз кунлари ортда қолди. Мана бугундан яна ғалаба қозонишни бошладик. Жамоада барча нарса етарли. Ўйлайманки, буёғига мухлисларни хурсанд этишда давом этамиз.