“Happy Caravan” “йўлга чиқди”

Пойтахтимизда бир неча йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Happy Caravan” турнири бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати хабар тарқатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон ва Халқаро гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақаларда мамлакатимиз гимнастикачиларидан ташқари Арманистон, Австралия, АҚШ, Беларусь, Болгария, Грузия, Индонезия, Испания, Исроил, Латвия, Норвегия, Россия, Словения, Таиланд, Финляндия, Швейцария, Эстония, Япония ва Қозоғистон каби давлатлардан юз элликдан зиёд кучли гимнастикачилар иштирок этишмоқда. 
Тошкентдаги Гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захиралари спорт мактабида старт олган “Happy Caravan – 2017” халқаро турниридан сўнг шу ернинг ўзида Гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи бошланади. 
Маълумки, пойтахтимиз бир неча бор бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичларига мезбонлик қилган, 2010 йилда ўсмирлар ўртасидаги         I Олимпиадага йўлланма берувчи Осиё чемпионати ҳам ай  нан Тошкентда ташкил этилган. Шунингдек, жажжи қизалоқларни гимнастиканинг нафис турига кенг жалб этиш мақсадида анъанавий "Happy Caravan" халқаро турнири мунтазам ўтказиб келинмоқда. 
Бу сафарги мусобақанинг яккалик баҳсларида Дилдора Раҳматова, Нуринисо Усмонова, Тахмина Икромова, Хуршида Абдурауфова, Севинч Турдиева, Наргиза Жуманиёзова, Диёра Бурҳонхўжаева, Лола Зокирова, Фарзона Усмонова сингари гимнастикачиларимиз Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Гуруҳ баҳсларида Шаҳризода Арзиматова, Екатерина Фетисова, Шаҳризода Қаюмова, Динора Иззатуллаева, Сунажон Сотимбоева, Анастасия Тихоновадан иборат жамоамиз қатнашмоқда.
Нуфузли турнирнинг биринчи кунида гимнастикачилар жамоавий кўп кураш бўйича ғолиблик учун ўзаро баҳслашди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Диёра Бурхонхўжаева халқада 15.05 балл, Тахмина Икромова коптокда 15.15 балл, булавада 14.35 балл, Севинч Турдиева тасмада 14.15 балл тўплади. Шу тариқа 58.7 балл тўплаган терма жамоамиз шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Эслатиб ўтамиз, 18-19 апрель кунлари “Happy Caravan – 2017” халқаро турнири ўтказилса, 21-23 апрель кунлари Жаҳон кубоги босқичи бўлиб ўтади. 
Маълумот учун, Халқаро гимнастика федерацияси (FIG) томонидан ташкил қилинган жаҳон кубоги тўртта мамлакатда ўтказилади. Улардан дастлабкиси Италиянинг Пескара шаҳрида бўлиб ўтди. Иккинчисига Тошкент шаҳри мезбонлик қилса, учинчи ва тўртинчи турнирлар Боку ва София шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!