Ҳақиқий қудратини намоён этаётган "Uzbek Tigers" мусобақа жадвалида кескин юқорилади ёхуд гуруҳдаги вазият шарҳи
Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси – AIBA томонидан ўтказилаётган The World Series Boxing (WSB) - Бутунжаҳон бокс серияларининг VII мавсумида кескин ва муросасиз курашларга бой бўлмоқда.
Айниқса, мусобақанинг "С" гуруҳидан бокс ривожланган мамлакатлар жамоалари - Ўзбекистоннинг "Uzbek Tigers", Хитойнинг "China Dragons", Россиянинг "Patriot boxing team" ва Қозоғистоннинг "Astana Arlans Kazakhstan" боксчилари жой олгани жангларнинг кескин ва муросасиз ўтишини таъминламоқда.
Энг кучли ва мураккаб дея эътироф этилган бу гуруҳда тўртинчи турдан сўнг вазият тубдан ўзгарди. "Uzbek Tigers" жамоаси дастлабки икки турдаги кутилмаган мағлубиятдан сўнг учинчи турда ғалаба қозонганига қарамай, тўртинчи тур олдидан ҳам сўнгги поғонани эгаллаб турганди.
Ўзбек боксчилари тўртинчи учрашувда ҳам ҳақиқий қудратини намойиш этиб, биринчи турдаги Хитойдаги мағлубият тасодиф эканини исботлади. Айниқса оғир вазнли боксчиларимиз Бектемир Мелиқўзиев ва Баҳодир Жалоловнинг рақиблари жангни охиригача етказолмади. Кетма-кет иккинчи учрашувда 5:0 ҳисобида зафар қучган "ўзбек йўлбарслари" очколари сонини олтитага етказиб олди ва бу "Uzbek Tigers"ни сўнгги поғонадан иккинчи ўринга олиб чиқди.
"Uzbek Tigers"нинг енгилмас боксчиси Ҳасанбой Дўсматовнинг тарихий 11 ғалабаси
"Uzbek Tigers" жамоасининг енгилмас боксчилари (Топ-7)
"Uzbek Tigers"нинг навбатдаги рақиби йирик ҳисобда зафар қучди
Шаҳрам Ғиёсов мавсумдаги илк ғалабасини (Роналду) ўз услубида нишонлади (Видео)
Тўртинчи турдан сўнг "С" гуруҳида қуйидаги вазият юзага келди. "Astana Arlans Kazakhstan" жамоаси кетма-кет тўртта ғалабадан сўнг 12 очко билан биринчи ўринни эгаллаб турибди. Қозоғистонликлар тўртта учрашувдаги 20 та жангдан 16 тасини ўз фойдасига ҳал қилди. Мутахассислар "Остона бўриларини" кейинги турда жиддий рақибга дуч келишини таъкидлашди. "Astana Arlans Kazakhstan" жамоасининг ғалабали серияси 1 апрель куни Тошкентда "Uzbek Tigers" боксчилари томонидан тўхталиши кутилмоқда.
Тўртинчи тур олдидан тўрт очко билан иккинчи ўринда турган Россия жамоаси кетма-кет икки учрашувдан бирорта очко жамғара олмади. Бунинг оқибатида "Patriot boxing team" боксчилари ўз ўрнини ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталарига бўшатиб берди.
"Uzbek Tigers" боксчиларидан йирик ҳисобда мағлубиятга учраган "Хитой аждарлари" эса гуруҳ аутсайдерига айланиб қолди. Хитойлик боксчилар 20 та жангдан атиги тўрттасида ғалаба қозонган ва 16 тасида мағлуб бўлган.
Ниҳоят, кетма-кет 5:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг "Uzbek Tigers" сўнгги поғонани хитойликларга қолдириб, иккинчи ўринга кўтарилиб олди. Ҳамюртларимиз тўртта учрашувда ўтказилган 20 та жангдан 13 тасини ўз фойдасига ҳал қилган. Бу кўрсаткич бўйича ҳам боксчиларимиз гуруҳда иккинчи ўринни қайд этган.
№ |
Жамоа |
очко |
ютуқ |
мағлубият |
дуранг |
1 |
ASTANA ARLANS KAZAKHSTAN |
12 |
4 |
0 |
0 |
2 |
UZBEK TIGERS |
6 |
2 |
2 |
0 |
3 |
PATRIOT BOXING TEAM |
4 |
1 |
3 |
0 |
4 |
CHINA DRAGONS |
3 |
1 |
3 |
0 |
WSB турнири қоидаларига кўра, 12 жамоа учта гуруҳда ўзаро рақобатлашмоқда. Ҳар бир гуруҳдан энг юқори икки поғонани эгаллаган ва энг яхши кўрсат кичга эга бўлган бир жуфт учинчи ўрин соҳиби кейинги босқичга чиқади.
"Uzbek Tigers" боксчилари 1 апрель куни бўладиган бешинчи тур учрашувини Тошкентда гуруҳ пешқадами "Astana Arlans Kazakhstan" жамоасига қарши ўтказади. Мазкур баҳс нафақат гуруҳнинг балки бу йилги мавсумнинг марказий учрашуви бўлади.
Ҳозирда "Uzbek Tigers" боксчиларида мусобақанинг плей-офф босқичига чиқиш учун жуда қулай имконият юзага келган. Боксчиларимизга омад ва ғалабалар тилаймиз!
Фикрлар